ADOLAT 24

Интеллектуал етук аёл – жамият таянчи

Қадимдан маълум, ривожланган жамиятда тараққиёт ва цивилизация даражаси аёлларга бўлган муносабат, улар учун яратилган имкониятлар билан белгиланади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай жамиятнинг маънавияти ва маданияти даражаси, энг аввало, аёлнинг интеллектул ва маънавий камолотига боғлиқ. Улуғ зотларнинг камол топишида меҳрибон оналарнинг, доно хотинларнинг ўрни катта бўлган. 

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимиз раҳбариятининг ғамхўрлиги туфайли Ўзбекистонда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш уларнинг ижтимоий жараёнлар, бизнес ва илм-фандаги иштирокини кенгайтиришда намоён бўлади, шунинг учун ҳам гендер тенглиги мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий қисмидир.

Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида гендер тенгликни таъминлаш Ўзбекистон ички сиёсий концепциясининг устувор йўналишлари қаторига киради. Бугунги кунда мамлакат академик доираларида аёлларнинг ўрни ва мавқеини ошириш, янги авлод олималарини тарбиялаш ҳамда истиқболли лойиҳаларини рағбатлантириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Кўзланган мақсад-вазифаларга эришиш эса илм-фан соҳасини ислоҳ этиш масаласига тизимли ёндашувни талаб қилади.

Ҳар йили 11 февралда илм-фан соҳасида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган халқаро тадбирлар ўтказилиши замирида муайян рамзий маъно бор. Гап шундаки, БМТ Бош Ассамблeяси томонидан қабул қилинган Тараққиёт мақсадлари йўлида фан, тeхника ва инновациялар тўғрисидаги рeзолюцияда 11 фeвраль – Илм-фанда хотин-қизлар иштироки халқаро куни, деб эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди. Хотин-қизларни илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишга жалб қилиш мақсадида ҳар йили “Олима аёл” танловини ўтказиш белгиланган.

Мазкур танлов – ташаббускор илмий лойиҳалар танлови айнан хотин-қизларнинг илм-фандаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унинг натижаларига кўра ҳозирги кунда жами 8 миллиард 467.5 миллион сўмлик 16 та лойиҳа молиялаштирилди.

ЮНЕСКОнинг тадқиқотига кўра, бутун дунё бўйлаб аёлларнинг фандаги улуши тахминан 39 фоизни ташкил қилар экан. Ўзбекистонда ҳам бу кўрсаткич деярли 39 фоизни ташкил этгани қувонарли. Жумладан, Фанлар академияси тизимида ишлаётган 4 минг 760 нафар хизматчининг 40 фозини, яъни 1 минг 905 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Юртимизда илмий изланиш­лар билан машғул 2 минг 146 нафар тадқиқотчидан 695 нафари ҳам аёллардир. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон хотин-қизларининг 7 нафари – академик, 271 нафари – фан доктори (DSc), 1 минг 411 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси соҳибалари ҳисобланади.

Ўзбек олималари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда, айниқса, фаол изланмоқдалар. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожида хотин-қизларимизнинг иштироки салмоқли ўрин тутади.

Абдулла Авлонийнинг “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбия­лайдилар”, деган ўгити бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

Президентимиз ўзининг қатор маърузаларида бугунги кунда барча соҳа ва тармоқларда хотин-қизларнинг ўрни ва таъсири ортиб бораётганини, уларни янада қўллаб-қувватлаш, салоҳиятларидан кенг фойдаланиш, ютуқларини рағбатлантириб бориш, ўз устида ишлашлари учун имтиёзлар жорий этиш, билим олишлари учун грантларни кўпайтиришни таъкидлаб ўтади. Айни пайтда аёлларимизнинг бошқарув тизимидаги улуши 33 фоизни ташкил этиб, 1500 нафарга яқин замондошимиз турли даражадаги раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келмоқда.

Бугунги кунда олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Таълимда квоталар ва имтиёзларнинг оширилиши кўпгина чекка ҳудудларда яшаётган қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очиб бергани ҳам айни ҳақиқатдир. 

Хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш мақсадида замонавий билим, истеъдод ва етакчилик фазилатларига эга бўлган 6 мингдан зиёд юртдошларимизни ўз ичига олган кадрлар захираси шакллантирилди.

Мамлакатимизда хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг дастурий ишланмалари, инновацион ғоя­ларини қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилнинг ўзида хотин-қизларнинг ҳуқуқий мавқеини юксалтириш, оила инс­титутини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди ҳамда амалда изчил татбиқ этилмоқда.

Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Ушбу қонунлар хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари, бош­қа жойларда таз­йиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ҳамда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш, жинси бўйича камситилишининг ва тенгсизлигининг олдини олиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Бундан ташқари, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Меҳнат кодексига хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таъқиблардан ҳимоя қилишни назарда тутувчи ўзгартиш­лар киритилди.

Бугун республикада хотин-қизларнинг ўз билим ва имкониятларини намоён этиши, соҳада самарали меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароит яратилган. Иқтидорли аёлларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, чунки билимли аёл ҳар қандай жамиятда кучли манба ҳисобланади. Илм-фан билан шуғулланган инсон эса нафақат ўз умрини бағишлаган соҳа, балки давлат ва жамият тараққиётига катта ҳисса қўшади.

Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида гендер тенгликни таъминлаш Ўзбекистон ички сиёсий концепциясининг устувор йўналишлари қаторига киради. Мамлакат академик доираларида аёлларнинг ўрни ва мавқеини ошириш, янги авлод олималарини тарбиялаш ҳамда истиқболли лойиҳаларини рағбатлантириш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Кўзланган мақсад-вазифаларга эришиш эса илм-фан соҳасини ислоҳ этиш масаласига тизимли ёндашувни талаб қилади.

Таъкидлаш жоизки, хориждан фарқли ўлароқ, биздаги олий ўқув юртларида фаолият юритаётган барча мутахассисларга нисбатан “олим” тушунчаси қўлланилади. Негаки, биздаги тартиб-талабга кўра, олийгоҳ ўқитувчиси бир вақтнинг ўзида дарс бериши ва илмий изланишлар олиб бориши мумкин.

Жаҳон стандартлари асосидаги дунё тартиб-қоидалари бўйича эса университетда ишлаётган педагог, у фан доктори ёки профессор бўлишидан қатъий назар, мунтазам равишда бирор-бир илмий ишлар олиб бориши ҳамда нуфузли илмий журналларда ўз мақолаларини чоп эттириб бориши шарт.

Олима аёлларимиз жаҳон илм-фани маконида рақобатлашиш учун инглиз тилини мукаммал билиш билан бир қаторда илмий мақола ёзишда тил ва услубга доир қатъий талабларни ҳам инобатга олиши зарур бўлади. Чунончи, бугунги кунда халқаро илмий журналлардаги у ёки бу илмий мақолалар нафақат олимлар, балки бош­қа соҳа вакиллари, хусусан, бизнесмен, сиёсатчи, дипломатларни ҳам қизиқтира олиши керак. 

Аёл қадрини қанчалик юқорига кўтаришга муяссар бўлсак, миллий ғуруримиз, маънавият ва маданиятимиз янада юксалиши, оилаларимиз барқарорлиги таъминланиши, ҳалол ва пок, фидойи, ватанпарвар, жамиятга фойда келтирувчи, миллатимизни бутун жаҳонда кўз-кўз қилувчи фарзандларимиз сони кундан-кунга кўпайиб бориши табиий ҳолдир. Зеро, ҳар томонлама фаол ва оқила, доно, изланувчан, замонавий аёл меҳнатидан, салоҳиятидан нафақат унинг оиласи, балки бутун жамият манфаатдор бўлиши чин ҳақиқатдир. Биз қураётган жамиятнинг оғир юкини дадил кўтариб, унинг пойдеворини мустаҳкамлаб турадиган асосий куч – хотин-қизлар эканлигини, улар эса ўз навбатида, оила шаъни, маҳалла виждони, юрт тимсоли бўлмоғи лозимлигини унутмаслигимиз керак.

Гулруҳ АГЗАМОВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

САБОҚ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ БОШҚАРУВЧИЛАР КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИДАГИ НУТҚИ

admin

ИШ ҲАҚИ МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin