ADOLAT 24

“Қатраға чун тарбият этти садаф…”

Кўҳна Шарқда тарбияга ҳаёт-мамот масаласи сифатида қаралгани аён. Сабаби, тарбия – авлодни камолга етказишнинг асоси. Мутафаккир аждодларимизнинг жаҳон бадиий тафаккури хазинасидан муносиб ўрин олган асарларида тарбиянинг шахс камолоти, эл равнақи, юрт истиқболида тутган ўрни юксак баҳоланган. 

Ҳазрат Алишер Навоий асарларида барча замонлар учун долзарб саналган бу муаммо оҳорли образ ва рамзлар воситасида бетакрор бадиий талқин этилган. Мана, буюк шоир “Ҳайрат ул-аброр”да тарбиянинг аҳамиятини қандай васф этади: 

Қатраға чун тарбият этти садаф, 

Эл бошиға чиққуча топти шараф. 

Халқимизда “Садафсиз дур бўлмас, тикансиз – гул”, деган нақл бор. Ушбу байтда қатранинг гавҳарга айланиши ва эл бошига қадалиш даражасига етиши садафнинг тарбияcи сабабли экани бетакрор ифодаланган. Садаф – ота-она, қатра эса – фарзанд тимсоли. Садафнинг тарбиятисиз қатра ҳеч қачон гавҳарга айлана олмайди. Яъни таълим олмаган, тарбия кўрмаган фарзанд камолга етмоғи маҳол. Фақат бунинг учун муайян муддат ўтмоғи зарур. Гавҳарни қўлига олган ёки бошига қадаган одам унинг кўзни шунчалик қувонтирадиган, қимматбаҳо ашёга айланмоғи учун қандай жараёнларни бошдан кечиргани хусусида ўйлаб ҳам ўтирмайди. Ҳаётда ҳам шундай. Комил инсонни кўрганда ҳамма ҳавас қилади. Лекин у ана шу даражага қандай машаққатлар билан, кимнинг тарбияси эвазига эришгани ҳар доим ҳам мушоҳада этилавермайди. Буюк шоир бу образли тас­вир орқали шахс камолотида ота-онанинг хизмати беқиёс эканига урғу беради. 

Қуёшдин тарбият гар топса хоро, 

Қилур ёқут ила лаъл ошкоро. 

Ёқут – турли рангда, лаъл эса қизил тусда товланадиган қимматбаҳо маъдан. Хўш, улар кўзни қувонтирадиган, одамларда эстетик завқ уйғотадиган бу ранг­ларни қаердан олади? Ҳазрат Навоийнинг фикрича, бу – қуёшдан тарбият топгани самараси. Агар қуёшдан ранг олмаса эди, улар оддий тошлигича қолар, одамларнинг қизиқишига сабаб бўлолмас эди. Қуёш – ота-она, хоро (оддий тош) эса – фарзанд рамзи. Табиийки, бу ўринда ҳам улуғ мутафаккир ёқут ила лаъл ҳақида сўз юритар экан, байт замирига шахс тарбияси хусусидаги теран ҳаёт фалсафасини жойлаган. Яъни, инсон камолотини белгиловчи асосий мезон – тарбия. Модомики, фарзандлар комил бўлмоғини, Ватан ва миллат тараққиёт чўққисига юксалмоғини истар эканмиз, авлод тарбиясига жидду жаҳд қилмоғимиз зарур. 

Нурбой Жабборов,

филология фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

Ҳидоят УСМОНОВА: “Президентимиз мени танир экан”

admin

ФАОЛИЯТИМИЗ САМАРАЛИ КЕЧДИ

admin

Ҳақли талаб қондирилди

admin