ADOLAT 24

ПАРТИЯМИЗГА ЖАМОАТЧИЛИК ИШОНЧИ ОРТМОҚДА

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Андижон вилоятида бўлиб, анди­жонлик “адолатчилар” ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан учрашди. Янги таҳрирдаги Конституция тарғиботи, ҳудудий партия кенгашлари фаолиятини жонлантириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларда қатнашди. 

Андижон давлат тиббиёт инс­титутида “Янги таҳрирдаги Конс­титуция – инсон, жамият ва давлат ривожининг гарови” мавзусида ташкил этилган давра суҳбати аввалида партиянинг Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева андижонлик “адолатчилар”нинг сиёсий жараёнларда фаол иштироки, янги таҳрирдаги Конституция­мизни ўрганиш ва жамоатчилик орасида тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ҳақида гапирди. 

– Фаолиятимизни ташкил этишда партия лойиҳалари кенг ўрин эгаллайди, – деди “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари М.Мусаева. – Жумладан, “Адолатчи аёллар бонг уради”, “Биз дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига қаршимиз”, “Адолатли жамият олимларга таянади” каби лойиҳалар асосида олиб борилган ишлар жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. “Адолатли жамият олимларга таянади” мавзусида жойларда 81 маротаба тадбирлар ташкиллаштирилиб, 910 нафар ёшлар ва аёллар қамраб олинди. Бу борада Андижон давлат тиббиёт институти ва Андижон давлат университети олимлари билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова йиғилганларга янги таҳрирдаги Конс­титуциянинг қабул қилиниши ва унинг аввалгисидан фарқлари юзасидан тушунча берди. Бош қонунимизга киритилган ўзгаришларга атрофлича тўхталди.

Таъкидланганидек, жамиятимизда фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳар қачонгидан долзарб вазифага айланди. Бугун қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришлар замирида айни шу мақсад ётади. Айтиш мумкинки, бу борада сиёсий партиялар олдига давлатимиз раҳбари томонидан катта вазифалар қўйилмоқда.

Ўз Сайловолди дастурида янги Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлашни бош мақсад қилиб олган “Адолат” социал демократик партияси аъзо­лари фаолиятида бу йўналиш кенг ўрин эгаллагани бежиз эмас. “Куч – адолатда” шиори остида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “адолатчилар” қонунлар ижросини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида сезиларли ишларни амалга оширмоқда. Натижада жамоатчиликда уларга бўлган ишонч ортиб боряпти.

Бош Қомусимизда халқимизнинг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз ифодасини топди. Жумладан, 7-модданинг биринчи бандида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” деган норма белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда янги Ўзбекистон – инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши, халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши, барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Шунингдек, Робахон Махмудова андижон шаҳридаги Савдо-саноат палатасида партия етакчилари ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан 2024 йилда “Адолат” социал-демократик партияси олдида турган устувор вазифаларга бағишланган давра суҳбатида ҳам қатнашди. Унда таъкидланганидек, кейинги йилларда сиёсий партиялар ва вакиллик органларининг жамиятдаги роли ошиб бормоқда. Янги Ўзбекистонни ривожлантириш, сиёсий майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларда уларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлаш лозим. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан ўрин олган 5 та устувор йўналиш ҳамда 100 та мақсадни амалга оширишда ҳам сиёсий партиялар ва депутатлик гуруҳлари ташаббускорлик кўрсатмоқда.

Бажарилган ишлар ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини олиб боришда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўрни, сессияларга киритаётган таклифларнинг партия дастурий мақсадларига мослиги, партия гуруҳи сўровларини юбориш ва эшитувларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар танилувчанлигимизни оширмоқда. 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 79-мақсади янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада оширишга бағишланган. Шундан келиб чиқиб, “Адолат” СДП аъзолари янада фаоллик билан иш олиб бормоқда. Жумладан, андижонлик “адолатчилар” фаолиятида сезиларли ўзгаришларни кузатиш мумкин.

Ўтган 2023 йил давомида партия Сиё­сий Кенгаши томонидан белгиланган устувор вазифалар ва партия­нинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитасига мувофиқ фаолият олиб борилди. Ҳисобот даврида мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган 20 дан ортиқ партия лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилди. 

Вилоятда йил бошида БПТлар сони 416 тадан иборат эди. Йил давомида 19 та янги БПТ ташкил этилди. Партия аъзолари сони 36 651 нафарга етди. Жумладан, хотин-қизлар 19 520 нафар, ёшлар эса 13543 нафар. Маҳаллий Кенгашларда 38 нафар депутат партия вакили сифатида иш олиб бормоқда. 

Р.Махмудова ҳар бир маҳаллий кенгаш депутати фаолияти билан танишиб, суҳбатлашди. Жамоатчилик орасига кириб бориш, ҳудудлардаги муаммоларнинг ечимини топиш ва сайловчилар билан ишлаш баробарида “Адолат” СДПнинг сиёсий майдондаги ўрнини мус­таҳкамлаш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

**

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова андижонлик “адолатчилар” билан учрашув доирасида республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий марказининг Андижон филиалида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан ҳам танишди. Партия сафидаги шифокорлар билан тизимдаги ислоҳотлар юзасидан суҳбатлашди.

Шу жойда 5 нафар соҳа ходими партия сафига кириш истагини билдирди. Робахон Махмудова уларга аъзолик гувоҳномаларини топширди. 

Акбаржон Назаров,

 Андижон 

Tegishli xabarlar

Синовлар мавсумига тайёргарлик қандай?

admin

Фарзандларини “унутган” ота

admin

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда халқ билан мулоқот қилди

admin