ADOLAT 24

ТЕКИН ДЕГАНИ ҚАДРИ ЙЎҚ ДЕГАНИМИ?

Беморга энг зарур биринчи ёрдамни кўрсатадиган, кези келганда муолажаси ва муомаласи билан қанчадан-қанча инсонларни ҳаётга қайтаришда ҳиссаси катта бўлган тез тиббий ёрдам ходимлари шаънига ҳар қанча мақтовлар айтсак арзийди.

Бугун янги Ўзбекистонда “Инсон қад­ри улуғ” бош ғояси тиббиёт тизимида ҳам ўз аксини топмоқда. Буни мамлакатимиз аҳолисининг саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, тез тиббий ёрдам тизиминиг моддий техник базаси кун сайин янгиланиб борилаётгани, соҳага илғор жаҳон тенденция ва технология­ларининг жалб этилаётганидан ҳаммамиз хабардормиз. Қолаверса, бу йўлда меҳнат қилаётган тиббиёт вакилларига ҳукумат томонидан кўрсатилаётган эъти­борнинг юксаклиги, албатта, кишини қувонтиради. Буларнинг барчаси фақатгина бир эзгу мақсад – халқимизнинг тез тиббий ёрдамдан рози бўлиши учун қилиняпти. 

Деярли ҳар биримиз мазкур хизматдан жуда бўлмаганда бир маротаба бўлса ҳам фойдаланганмиз. Кўп ҳолларда чақирув бригадаларининг манзилларга кечроқ келиши, ходимлар тажрибаси, дори-дармон сифати ва транспортнинг техник имконияти борасидаги айрим жиҳатлар танқид­га олинади. Лекин кўп ҳолларда жамоатчилик томонидан танганинг иккинчи томонига эътибор берилмайди. Айтмоқчи бўлганимиз, етиб келиш вақтининг узайиб кетиши каби баъзи камчилик­ларга фақатгина тез тиббий ёрдамнинг айби сифатида қаралади. 

Ушбу мақолада сўнгги йилларда тез ёрдам хизматига бўлган аҳолининг талаби, муносабати ҳамда соҳага оид бош­қа жиҳатларни ёритишга ҳаракат қиламиз. 

Йил сайин йириклашаётган рақамлар

Инсон ҳаётида биринчи тез тиббий ёрдамнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Зеро, тез тиббий ёрдам – бахтсиз ҳодиса рўй берганда, киши шикас­т­­ланганда ёки тўсатдан касал бўлиб қолганда унинг ҳаётини асраб қолиш, ёмон асоратлардан омон қолиши учун кўрсатиладиган тадбирлар мажмуи саналади. Ушбу фаолият тури шифокор етиб келгунча ёки беморни шифохонага олиб боргунча амалга ошириладиган жараён. Юртимизда биргина 2023 йил мобайнида тизимга бўлган эҳтиёж анча юқорилаб, чақирувлар сони қай даражада кўпайганини кўриш мақсадида таҳлилларга эътибор қаратмоқчимиз. “Gazeta.uz” сайти тарқатган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2023 йил давомида тез тиббий ёрдам хизматига 13 миллион 522 минг 771 та (2022 йилда 13 миллион 22 мингта, 2021 йилда 12 миллион 590 мингта) чақирув келиб тушган. Чақирувларнинг 888 минг 57 тасида катта ёшли, 337 712 тасида кичик ёшли беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Энг кўп мурожаат Фарғона водийси ва Тошкент шаҳридан, энг кам чақириқ эса Навоий ва Сирдарё вилоятидан келиб тушган. 

Тез ёрдамни алдаётганлар

Афсуски, тез тиббий ёрдамдан зарур ҳолда фойдаланадиганлар орасида бу тизимни ўйинчоқ деб биладиган, бўлар-бўлмасга чақирув амалга ошириб, тез ёрдам ходимларининг вақтини бекорга сарфлайдиганлар ҳам топилади. 

“Daryo” интернет нашрининг маълумотларига қараганда, Ўзбекис­тонда 2023 йилда тез ёрдам хизматига 3500 дан ортиқ ёлғон чақириқ келиб тушган. Бу ҳақда Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоит Ғафуров маълум қилган. Қайд этилишича, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятига салбий таъсир этувчи омиллар кўп. Айниқса, ёлғон чақириқлар сабабли аксарият ҳолларда тиббиёт бригадалари тўғри чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бора олмайди. Шунингдек, манзил ва бемор тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ берилмаслиги чақирув бригадасининг ҳозирлик даражасига ўз таъсирини ўтказади. Ачинарлиси, маълумотларнинг аниқлаштирилишига кетаётган вақтда кимдир, ҳақиқатан ҳам тез ёрдамга муҳтож бўлмаётганига кафолат йўқ. Буни эса айрим юртдош­ларимиз тушунишни исташмайди. 

Қадри оёқ ости бўлаётган шифокорлар

Бугунги мобил глобаллашув даври кишилар онгига ҳам таъсир қилаётгани барчамизга аён. Телефонга бўлган мобил қуллик, ижтимоий тармоқларга қарамлиликнинг ошиб бораётгани ҳам бор гап. Бу эса, минг афсуски, бир пайтлар шифокорни кўрса, қўшқўллаб кўришадиган, Луқмони ҳакимнинг давомчиси сифатида эътироф этадиган, ҳурмат қиладиган халқимизнинг гўзал анъаналарига путур етказмоқда. Айрим ҳолатларда чақирув манзилларидаги одамларнинг, бемор яқинларининг агрессив кайфияти хизматини бажариш учун келган соҳа ходимларининг дўппос­ланишигача олиб келинаётганини ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, билиб турибмиз. Наҳотки, айрим элдошларимиз бу ходимлар ҳам кимнингдир фарзанди, кимнингдир онаси, кимнингдир яқини эканини анг­лаб етмаса? Энг муҳими, улар ўз хизмат вазифасини бажараётган беморларга ҳамдард инсонлар-ку! Ташқи омиллар сабаб кеч қолса ёки муолажада қийналса, бу уларга жисмоний куч ишлатиш учун асос бўлиши қанчалик тўғри?! 

Тез ёрдам кимларгадир такси(ми?)

Яқинда YouTube ижтимоий тармоғида икки маст эркакнинг тез ёрдам бригадасининг йўлини тўсгани акс этган видео лавҳа тарқалиб, кўпчиликнинг кескин муносабатига сабаб бўлди. Лавҳада маст эркаклардан бири ўзини “касал” сифатида кўрсатишга урингани, бригада шифокоридан “касал” эркак ва унинг ҳамтовоғини яшаш уйига олиб бориб, ўша ерда текшириб қўйишни талаб қилганини кўриш мумкин. Яъни чақирув автомобилидан текин такси сифатида фойдаланишга ҳаракат қилиб, дўқ-пўписа қиляпти. Энг ачинарлиси, соч-соқолига оқ тушган шу эркак, бундан икки-уч ой аввал ҳам ижтимоий тармоқларда тез ёрдамга қўнғироқ қилиб, “нон олиб келишга буюртма бергани” билан “машҳур” бўлган эди…

Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун электоратининг катта қисми айнан тиббиёт ходимлари бўлган “Адолат” социал-демократик партия­сининг янги Сайловолди дастуридан қуйидаги йўналиш­лар ўрин олиши мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз: 

– Тез тиббий ёрдамга ёлғон чақириқ қилганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини янада кучайтириш, яъни жарима миқдорини кескин ошириш; 

– Тез тиббий ёрдам ходимларининг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларга руҳий ва жисмоний босим ўтказганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш. 

Зеро, агар тез тиббий ёрдамга қилинган ёлғон чақириқ учун жиддий жазо чоралари ҳамда соҳа ходимларининг давлат томонидан муҳофаза қилинишини кафолатловчи қонун ва қарорлар ишлаб чиқилиб, амалга тат­биқ этилмаса, боқимандалар ҳамда зўравонлар сафи кенгайиб бораверади.

Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, юртимизда тез тиббий ёрдамнинг текин эканлиги, тизим ходимларининг қадрсизланишига эмас, айсинча, уларнинг обрў-эътибори янада юксалишига хизмат қилиши керак.

Ё сизлар бошқа фикрдамисиз, азиз газетхонлар?!

Илҳомжон Абдусаломов, 

ЎзДЖТУ талабаси

Tegishli xabarlar

Нобанк кредит ташкилотларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарур

admin

Ўзбекистон — Туркия: Стратегик ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди

admin

Тарих илмининг фидойиси

admin