Жаҳон бозорида рақобатнинг тобора кескинлашуви шароитида мамлакат иқтисодий тараққиётини таъминлашда таълим сифати ва илмий салоҳиятни кўтариш орқали кадрлар тайёрлаш тизимининг самарадорлигини янада ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, иқтисодиёт ва молия соҳасидаги олий таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уларда самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш, ўқув жараёнларига энг сўнгги педагогик технологияларни жорий қилиш, илмий фаолиятни жаҳон стандартлари асосида ташкил этиш, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада ошириш, илғор хорижий тажрибага эга илмий-педагогик кадрларни кенг жалб қилиш мамлакат иқтисодиёти ҳамда молия тизимлари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асоси ҳисобланади.
Иқтисодиёт ва молия соҳалари учун юқори малакали ҳамда халқаро талабларга мос мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўқув ҳамда илмий жараёнларни халқаро стандартларга асосланиб инновацион шакл ва усуллар асосида ташкил этиш, шунингдек, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитасининг Тошкент давлат иқтисодиёт университетини унга Тошкент молия институти ва Фискал институтни (кейинги ўринларда – Университет) қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
иқтисодиёт, молия ва солиқ соҳалари бўйича дунёдаги сўнгги тенденциялар, молиявий технологиялар, илғор хорижий тажриба ва реал иқтисодиёт талабларини ҳисобга олган ҳолда олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, таълим ва тадқиқот уйғунлигини таъминлаш орқали иқтисодиёт тармоқлари учун илғор инновацион ишланмалар яратиш, талабаларда тизимли таҳлил қилиш, креатив фикрлаш ва амалий кўникмаларни шакллантириш;
замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва симуляцион марказлар ташкил этиш орқали “таълим – фан – инновация – рақамлаштириш” экотизимини ва соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотлар трансферини самарали йўлга қўйиш;
иқтисодиёт, молия ва солиқ соҳаларини ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари бўйича илмий лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини жорий этиш юзасидан илмий ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш;
жаҳон таълим ва илмий маконида Университетнинг нуфузини ошириш, етакчи хорижий университетлар билан академик ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий илмий-амалий стажировкасини тизимли йўлга қўйиш.
3. Белгилансинки:
а) Университет иқтисодиёт, молия ва солиқ соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда методик таъминот бўйича етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади;
б) Тошкент молия институти ва Фискал институтда таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ҳамда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Университет дипломи берилади;
в) Университетда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
таълим жараёни давлат тили, инглиз тили ва бошқа хорижий тилларда олиб борилади;
бакалавриат ва магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган иқтидорли талабалар учун алоҳида хорижий тилларда ўқитиладиган гуруҳлар ташкил этилади;
таълим дастурлари халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларининг дастури асосида босқичма-босқич ишлаб чиқилади;
таълим жараёнига етакчи профессор-ўқитувчилар ҳамда тегишли соҳаларда камида 5 йиллик амалий тажрибага эга бўлган иқтисодиёт, молия ва солиқ тизимларида ишлаган мутахассислар жалб этилади;
иқтисодиёт, молия ва солиқ соҳаси ходимларининг малакасини ошириш тизими йўлга қўйилади;
г) Университетга талабаларни ўқишга қабул қилиш 2024/2025 ўқув йилидан бошланади. Бунда, давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилиш давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида белгиланади;
д) Университет:
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига идоравий жиҳатдан бўйсунади, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси Университет фаолиятини самарали ташкил этиш, малака талабларини ишлаб чиқиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, талабаларга амалиёт базаларида шароитлар яратишда кадрлар буюртмачиси сифатида кўмаклашади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
Тошкент молия институти ва Фискал институтнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
4. Қуйидагилар:
Тошкент давлат иқтисодиёт университети кузатув кенгашининг таркиби 1-иловага мувофиқ;
2024 – 2027 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида кадрлар тайёрлаш тизимини самарали йўлга қўйиш, илмий салоҳиятни ошириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;
Тошкент давлат иқтисодиёт университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериладиган объектлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқласин.
5. Кузатув кенгаши (Қўчқоров):
а) 2024 йил 1 апрелга қадар Университетнинг бошқарув кадрлари лавозимларига етакчи хорижий олий таълим муассасаларида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш чорасини кўрсин;
б) 2024/2025 ўқув йили бошлангунига қадар тажрибага эга бўлган лойиҳалаштириш ташкилотини жалб қилсин ва Университетнинг мавжуд ҳудудлари ва бино-иншоотлари негизида замонавий кампусни бунёд этиш бўйича мастер режани ишлаб чиқсин ҳамда унда қуйидагиларни назарда тутсин:
Университетнинг Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Олмазор кўчаси, 183-уй манзилидаги ҳудудида халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув аудиториялари, коворкинг марказлари, IT лаборатория, бизнес инкубатор ва анжуманлар залини ўз ичига олган мультифункционал кўп қаватли бинони барпо этиш;
Университет кампуси ва улардаги бино-иншоотларни юқори тезликдаги интернет билан ягона тармоққа боғлаш, ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;
талабалар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида маънан ва жисмонан эскирган бинолар ўрнида янги талабалар турар жойи, замонавий спорт заллари, ошхоналар ва бошқа бино-иншоотларни қуриш.
6. Университетда маблағлари ҳомийлик хайриялари ҳисобидан шакллантириладиган Университетни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.
Белгилансинки, Университетга тушган тўлов-контракт маблағларининг сақлаш ва жорий харажатлардан ортган қисми Университетни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади ҳамда таълим жараёнини яхшилаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш учун Кузатув кенгашининг қарорига мувофиқ ишлатилади.
7. Кузатув кенгаши (Қўчқоров), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Университет фаолиятини такомиллаштириш ва таълим сифатини ошириш мақсадида икки ой муддатда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Университет ҳузурида Трансформация марказини ташкил этсин.
Трансформация маркази қуйидагилар учун масъул этиб белгилансин:
Университетни 2030 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1 000 талик рўйхатга киритиш, шунингдек, Университет таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилишини таъминлаш юзасидан стратегияни ишлаб чиқиш;
хорижий тажрибага мувофиқ бакалавриат таълим йўналишларини мақбуллаштириш ҳамда Университетнинг таълим дастурларини халқаро таълим дастурларига мувофиқлаштириш;
2024 – 2025 йилларда хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида камида 200 нафар етакчи профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш;
Университетнинг таълим дастурларини хорижий олий таълим ташкилотларининг дастурлари асосида ишлаб чиқиш.
8. Белгилансинки, Университет фаолиятини молиялаштириш:
Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, ҳомийлик хайриялари ва грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2025 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
9. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.К. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2024 йил 7 февраль