ADOLAT 24

Коррупцияга қарши кураш давом этмоқда

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида қуйи палата ўзининг конституциявий ваколатидан фойдаланган ҳолда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги(Агентлик)нинг коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги маърузасини кўриб чиқди.

Мажлисда эътироф этилганидек, сўнгги 5-6 йил давомида мамлакатимизда коррупциянинг олдини олишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу иллатнинг олдини олишга қаратилган превентив механизмларни яратиш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатишни сон ва сифат жиҳатдан яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 Жумладан:

– давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди;

– давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича “E-Antikorrupsiya” лойиҳаси ишга туширилди; 

– давлат хизматларини кўрсатиш сони ва сифати яхшиланиб, ортиқча тартиб-таомиллар қисқартирилди;

– электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилди;

– Агентлик томонидан коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган жами 17 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, уларнинг 13 таси қабул қилинди;

– Агентлик томонидан қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳудудлар ва соҳалар кесимида 60 га яқин ўрганишлар ўтказилди ва уларнинг натижалари асосида тегишли чоралар кўрилди.

Бу каби чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, 2022 йил учун “Transparency International” ташкилотининг Perception of Corruption, яъни “Коррупцияни қабул қилиш” индекси янги рейтингида Ўзбекистон 14 поғонага кўтарилиб, барқарор ўсиш кузатилди.

Шу билан бирга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида коррупцияга қарши курашиш борасида ҳали эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ва ишга солинмаган талайгина имкониятлар мавжудлиги депутатлар томонидан алоҳида тилга олинди.

Хусусан, бугунги кунга қадар коррупцияга қарши курашиш соҳасида яқин ва ўрта муддатга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинмасдан қолмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш жараёнида нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ролини ҳам етарли, деб бўлмайди. Айниқса, ушбу жараёнда жамоатчилик назоратини ошириш энг асосий масалалардан биридир.

Шунингдек, айрим соҳалар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга шароит яратувчи нормалар ҳанузгача сақланиб қолмоқда. Айниқса, ишлаб чиқилаётган ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини ошириш кун тартибидаги энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий, услубий ва амалий ишланмаларни тарқатиш, эришилган ютуқлар ва таж­рибаларни алмашиш, давлат хизматчилари ва фуқароларнинг бу борадаги билимларини оширишда фойдаланишга мўлжалланган ягона интерактив майдонча – “Коррупцияга қарши курашиш виртуал платформаси” лойиҳаси ҳанузгача ишга туширилмаган.

Бундан ташқари, Агентликка давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳуқуқи берилган бўлса-да, бироқ Агентлик ушбу ҳуқуқдан самарали фойдалана олмаяпти. Жумладан, 2022 йил давомида ўтказилган мониторинг давомида давлатнинг 42 та органлари ва ташкилотларида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолатлари аниқлангани ҳолда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида шу каби камчилик ва муаммолар танқидий руҳда батафсил муҳокама қилинди ва уларни бартараф этиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни кўзда тутувчи қарор лойиҳаси маъқулланди. 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ХАЛҚАРО ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ УНИВЕРСИТЕТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Ишончли вакилларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Қашқадарё, Хоразм )

admin

Дори-дармоннинг “қора бозор”и тугатилади

admin