Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси шу йилнинг 10 октябрь кунидан 24 октябрь кунига қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Жамоатчилик муҳокамалари давомида қонун лойиҳаси юзасидан 400 га яқин таклиф-мулоҳазалар келиб тушган. Муҳокамаларда ёшлар, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари ва сиёсий партиялар вакиллари катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ушбу Конституциявий қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда атрофлича кўриб чиқилди.
– Конституциявий қонун лойиҳаси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш, Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш белгиланмоқда, – деди Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов. – Хусусан, сайлов округлари етмиш бешта ҳудудий бир мандатли ҳамда ягона сайлов округига бўлинмоқда. Бунда партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланмоқда. Яъни, Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати амалдагидек мажоритар тизим асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхати бўйича янги таклиф этилаётган пропорционал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланиши кўзда тутилмоқда.
Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар, хусусан, “Марказий сайлов комиссияси – ҳудудий сайлов комиссияси – туман ва шаҳар сайлов комиссияси – округ сайлов комиссияси – участка сайлов комиссияси” тузилмаси таклиф этилмоқда. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига ҳудудий сайлов комиссиялари тузилиши назарда тутиляпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш тартибидан воз кечиш ҳамда уларнинг вазифаларини ҳудудий сайлов комиссияларига юклаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси бўйича кенг жамоатчилик муҳокамаси давомида бир қатор таклифлар келиб тушди. Ҳар бир таклиф долзарблиги, Конституция нормаларига, давлат сиёсатининг устувор йўналишларига, белгилаб олган стратегиямизга ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига зид келмаслиги, уни амалга оширишнинг салбий оқибатлари йўқлиги каби мезонлар асосида саралаб олинди. Уларнинг аксарияти лойиҳада акс эттирилди.
Шунингдек, қонун лойиҳаси илмий ходимлар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида айрим бўшлиқлар аниқланиб, уларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлдиришга қаратилган қоидалар киритилди. Жумладан, қонун лойиҳасининг концепциясида сайловларни профессионал тарзда ташкил этиш ва ўтказишга қодир бўлган сайлов органларининг вертикал тизимини тузиш таклиф этилган. Шу боис ҳам лойиҳа билан эндиликда барча даражадаги сайлов комиссияларининг ваколатлари Сайлов кодексида аниқ очиб берилмоқда. Бироқ, Кодексда белгилаб бўлмайдиган ташкилий-техник масалалар, аниқроғи, сайлов комиссияларида иш юритиш тартиби ким томонидан белгиланиши очиқ қолиб кетган эди. Шундан келиб чиқиб, Сайлов кодексининг 26-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилиб, унда “ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияларида иш юритиш тартиби Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланиши” аниқ кўрсатиб ўтилди, – деди Ж.Ширинов.
Мажлисда Конституциявий қонун лойиҳасининг моддалари депутатлар ва мутахассислар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
