ADOLAT 24

Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилмоқда

Кейинги йилларда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш мақсадида парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Шу боис парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг фаолиятида сиёсий партияларнинг ролини янада кенгайтириш, вакиллик органларига сайланган депутатлар ва сенаторларнинг парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятидаги масъулияти ва фаоллигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ва марказлашган сайлов органлари тизимини шакллантириш, уларнинг профессионал тайёргарлигини таъминлаш зарурияти юзага келмоқда.

2023 йил 11 октябрь куни Ўзбекис­тон Респуб­ликасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Шу муносабат билан Хоразм вилоят ҳокимлигида Конституциявий қонун лойи­ҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига содда ва равон тилда етказиш бўйича Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги вакилларидан иборат Тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан семинар ташкил этилди.

Тадбирда қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унда навбатдаги сайловлар илк маротаба можаритар-пропорционал (аралаш сайлов) сайлов тизими асосида ўтказилиши назарда тутилганлиги ҳамда Конс­титуциявий қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказишни, шунингдек, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантиришни, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштиришни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Рес­публикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси (ID-87283) жорий йил 10 октябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирилди. 

Ушбу Конституциявий қонун лойиҳасида иккита муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 129-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси бошчилик қиладиган марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини ташкил этиш, иккинчидан, мамлакат сайлов тизимига аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов шаклини жорий этиш ва шу орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказишни назарда тутувчи янги ва демократик нормаларни мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этиш назарда тутилган.

Мазкур Конституциявий қонун лойи­ҳасида назарда тутилган, мамлакатимизда марказлашган сайлов комиссияларининг вертикал тизимини шакллантиришга қаратилган нормалар халқаро сайлов стандартлари талабига, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасига тўла мос келади ва ушбу долзарб нормаларнинг миллий сайлов қонунчилигида ўз аксини топиши, келгусида мамлакатимизда барча даражадаги сайловлар ва референдумни Конституция, сайлов ва референдумга оид қонунларга мувофиқ тарзда, юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда ўзининг ижобий самарасини беради.

Tegishli xabarlar

КАЛОНДИМОҒЛИК КАСОФАТИ ёхуд қотилга айланган қариндош

admin

Давлат бюджети харажатларининг самарадорлиги оширилмоқда

admin

Таълим учун қулай муҳит яратилади

admin