ADOLAT 24

Қадринг баланд бўлсин, ОНА ТИЛИМ!

21 октябрь… Билмадим, тасодифми ёки қисматми, нима бўлган тақдирда ҳам шу кун менинг туғилган куним! Айнан шу кунда, ўзбек тупроғида дунёга келганимдан, шу тилда сўзлаб ва фикрлаб ёзаётганимдан беҳад шодман. Ассалому алайкум, она тилим! Байраминг муборак бўлсин!

Улуғ байрам баҳона қалбимда сақлаб юрган гапларимни айтиб олгим келди. Аслида сенинг туғилган кунинг ер бағридан биринчи майса униб чиққан кунда бош­ланган. У ҳамал тафтида бўй чўзган, саратон тиғида пишган, мезон палласида сараланган, далв дастурхонига қўйилган. Ва йиллар давомида она-Ватан тили бўлиб, дилдан дилга, тилдан тилга ўтиб, сайқал топган, қанот ёзиб, олам кенгликлари узра парвоз этган, дала-даштга, водийларга, ўрмонларга, тоғлар бағрига, дарёлару булоқлар бўйига қўниб ризқланган. 

Ривоятларда келтирилишича, ер юзини тўфон босиб, ҳаёт ўз ҳолига қайта бош­лангандан кейинги одам – Нуҳ алайҳиссалом бўлган. Унинг тўрт ўғлидан бирининг исми Ёфас эди. Уни Абу Турк деб ҳам аташган. Абу Туркка қадим Турон ерлари мулк қилиб берилган. Яна бир ўғлининг исми Сом бўлган ва унга Эрон ерлари ҳадя этилган, яна бир ўғлининг исми Хом бўлган ва унга Ҳинд ерлари ҳадя этилган. Яна бир ўғли Канъон бўлиб, у тўфонда ҳалок бўлган. Бугунги олам аҳлининг насли Нуҳ алайҳиссаломдандир. Ёфас пайғамбари мурсал бўлган. Унинг етти нафар ўғли бўлиб, исмлари – Бука, Ҳизр, Суқлоб, Дус, Бик, Чин, Камо (саккизинчиси Торах) эди. Бу воқеа ҳақида ўтмишдан келган ривоятлар асосида турк луғати соҳиби Маҳмуд Қошғарий ва сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий ўз битикларида ёзиб қолдиришган. 

Закий аждодларимиз олис замонларда ҳам кўнглида пишиб етилган сўзни ичларида қолдирмасдан тоғда тошга, ўрмонда пўстлоққа, чўлда терига, саҳрода суякка ёзиб, келажак авлодларга қолдиришган. Боболар ёзиб қолдирган ўша битиклар бизгача етиб келиб, уни замонамиз олимлари ўқиб, элга ёйдилар. 

Ўрхун-Энасой битикларида ёзиб қолдирилган Билгахон нидоси: 

“Ё сўзларимда ёлғон борми, турк будун! Бекларим, эшитинглар! Турк будунни тўплаб, эл тутишингизни тошларга ўйиб ёздим. Адашиб-айрилганингизни ҳам тошларга ўйиб, бағримни тилиб ёздим. Эй, мендан кейин қоладиган турк будун, мангу тош­ларга қараб фикр қилингиз, мангу тошларга қараб зикр қилингиз!”

Донишманд бобомиз Беруний ер шарининг думалоқ нусхасини ясаётган чоғида курранинг нариги томонида бир қитъа борлигини ва унда қондош халқ яшаётганлигини қалбан ҳис этган бўлса ажаб эмас. Вақтлар келиб, ўша қитъа Америка экани ва унда чиндан ҳам қондош ҳиндулар яшаётгани аён бўлди. Ҳиндулар орасида жанговор сиу қабиласи тили ва аҳоли сони жиҳатидан етакчи ўринда турган. Бироқ босқинчилар ҳиндулар устидан мустамлакачилик зулмини ўтказиб, уларни азоб­лаб, ўлдириб кам сонли бўлиб қолишларига сабаб бўлган. Тадқиқотчиларнинг изланиш­лари натижасида сиу каби майя, кечуа қабилаларининг тиллари турк тили оиласига жуда ҳам яқин экани аниқланган. Энг қизиғи, ҳинду халқи деҳқончилик илмида моҳир бўлиб, инсон истеъмол қиладиган қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларини маданий ҳолда етиштириб, жаҳон озиқ-овқат муаммосини ҳал қилишга муносиб ҳисса қўшган бўлиб чиқдилар. Чунончи, татар олими Аброр Каримуллиннинг маълум қилишича, (“Жаҳон адабиёти”. 1998 йил, октябрь) бугун дунё халқлари дас­турхонини безаб турган картошка, помидор, жўхори, қовоқ, ловия, ерёнғоқ, какао, кунгабоқар каби сабзавот ва мевалар ҳиндулар меҳнатининг маҳсули ҳисоб­ланар экан. Одамлардан йироқда яшаган бўлишса-да, қондош­ларимиз деҳқончилик илмида ўзига хос донг таратганликлари катта ҳодисадир.

Бундан кўринадики, аждодларимиз қаерда, қайси замонда яшамасинлар ўзларидан муносиб из қолдиришга ҳаракат қилишган. Сўз, билим ва ахлоққа таяниб, илм-фанда буюк ишлар қилганлар. Бугун ҳам улар маърифат осмонида сўнмас юлдуз каби порлаб туришибди. 

Инсоннинг дунёга келиши илм биландир. Онадан туғилиб, ёруғ дунёга келган чақалоқ дастлабки “сўзи”ни айта бош­лайди. Унинг (наздимизда) “йиғи” деб анг­ланадиган овозида ҳам маъно яширин. Чақалоқ балки меҳрибон онасининг иссиқ бағридан жудо бўлгани учун зорланиб йиғ(сўз)лар… Балки ёруғ дунёнинг талотўпига йўлиққанидан қўрқиб йиғ(сўз)лар… Балки ёруғ дунё синовларидан қандай ўтаман, деб йиғ(сўз)лар… Бироқ митти чақалоқ овози токи уни дунёга келтиргунига қадар кучли оғриқни туйган, токи унинг дунёга келиши учун жонидан айрилишга ҳам рози бўлган она учун гўзал оҳанг бўлиб туюлади. 

Инсон асосий илмни она қорнида, қолганини дунёга келиб, ақлини танигунга қадар олиб бўлиши фанда тасдиқланган. Оналарнинг ҳомиладорлик пайтида айтган сўзлари юрак остида ривожланаётган мурғаклари қулоғига етиб боради ва улар ҳар бир сўзни онг остида сақлаб қоладилар. Дунёга келгач эса, кўрганларини онгдаги тасвир ленталарига муҳрлаб қўядилар.

“Сут билан кирган, жон билан чиқади”, деб бежизга айтилмаган. Аввалда берилган тарбия азалга қадар давом этади. Инсонни тарбия шакллантирса, тилни таълим ривожлантиради. Шайх Азизиддин Насафий: “Одамнинг софлиги ва билими ортиб борган сари унинг руҳи қайтиб борадиган мақоми ҳам юқори бўлаверади. Демак, бу мақомларнинг ҳар бирига инсон мушарраф бўлиши мумкин ва ҳеч кимнинг мақоми олдиндан белгилаб қўйилган эмас. Ҳар кимнинг мақоми – унинг маърифати ва сафосига берилган мукофотдир ва кимки кўпроқ маърифатли ва сафоли бўлса, унинг мақоми баландроқ бўлаверади”, деган эди. Ана шу ҳақиқатни англаган момоларимиз фарзанд олдида масъул эканликларини ҳис этиб яшаганлар. Чунки дунё юзини кўриши биланоқ чақалоқ она сўзини эшитади. Она боласига яхши сўзларни эшиттирган, яхши хулқларни сингдирган, яхши тасвирларни кўрсатган бўлса, боласи кўримли, севимли, оқил бўлиб вояга етади, етилади. Буни қадим-қадимдан оналар қиз фарзанд­лари қулоқларига қуйиб келганлар. Буюк қудрат эгасининг Каломини ёд олдирганлар. Ёв босган замонларда душманга билдирмаслик учун илмни алла орқали бола онгига сингдирганлар. Лекин қайсидир сабабга кўра АЛЛАни унутиб қўйдик. Бу, менимча, совет даврида миллат софлигини йўқотиш мақсадида туғруқхоналарда амалга оширилди. Чақалоқ она сутидан маҳрум қилиниб, сунъий озиқлантириш орқали ўстирилди. Натижада ўша авлод гўзал қадриятини унутди, асрий хотирасидан айрилди. Бунинг таъсири бугунгача етиб келди ва телефон деган матоҳ муҳтарама зотларни ҳам осонгина ўз домига оғдириб олди. Қайси она илмдан йироқлашган бўлса, унинг боласи залолатга яқинлаша борди. Афсуски, илмсизлик оиладан токи олий илм даргоҳигача етиб борди.

Яқинда олий маълумот олган кишига ўқиган ҳикоянгизни ёзма тарзда ифодалаб беринг, деб мурожаат қилдим. У киши иши кўплиги, қўли тегмаётганлигини айтиб, бир-икки кун пайсалга солди. Мен ҳам бўш келмасдан сўрайвердим. Охири у ўқиган ҳикояси ҳақида роса шошилиб ёзгани, хатоси бўлса, кечиришимни илтимос қилиб, ёзма фик­рини жўнатди. Мен олий маълумотли кишининг беҳисоб хатосидан эмас, ҳатто фикрини ифодалай олмаганидан ҳайратда қолдим. Бошқа бир раҳбарнинг қўлига газета тутқазиб, мана шу мақолани ўқиб, фикрингизни айтарсиз, деб илтимос қилдим. Лекин орадан бир ҳафта ўтиб, сўрасам, ўқишга вақт тополмаганини баҳона қилди…

Шу ўринда яна қондош ҳиндулар ҳақида гапиргим келди. Сиу, майя, кечуа ҳиндуларининг ўтмишдаги ҳаёт тарзи оғир ўтган. Улар тирикчилик азобида яшашган, фақат оғзаки сўзлашув ва қўл ишоралари орқали бир-бирилари билан мулоқот қилганлар. Қўлларида дарслик, тил қоидалари ва луғатлари бўлмаган. Босқинчилик даврида фақат жангу жадал ичра яшаганлар. Қанчадан-қанча қабилалар қирилиб кетган, жон сақлаб қолганлари бошқа қабилаларга қўшилиб кетиши натижасида ҳаёт тарзларига ҳам­оҳанг тарзда тиллари ҳам ўзгариб кетган бўлиши муқаррар эди.

Лекин шундай ҳолатда ҳам жафокаш халқ қадимий тилини унутиб қўймаган. Айни замонда гаплашадиган сўзлари орасида биз бемалол тушунсак бўладиган кўпгина туркий сўзлар сақланиб қолганлиги сир эмас. Бугунги кунга келиб уларнинг ҳам дарсликлари, адабиёти, матбуот нашрлари бор. Лекин минг-минг йиллар аввал аждодларимиз билан кетган икки сўз – “кэл” “кэт” кечуа ва туркий тилларда ҳали ҳам шакл, мазмун ва товуш жиҳатидан ўзгармай, аслидай сақланиб қолибди. Ана шу икки сўз бизнинг айни замондаги кундалик муомала тилимизда тез-тез такрорланиб туради. Хўш, биз қаердан “кел”дик, қаерга “кет”яп­миз? Олдимизга учинчи Ренессанс қуришдек олий мақсадни қўйганмиз. Биринчи ва иккинчи Ренессансни боболаримиз қуриб бўлган. Хўш, биз қандай қилиб учинчи Ренессансни қурамиз? Қачон ва қандай қурамиз? 

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз йилдан ошган бўлса-ю, ҳали-ҳануз алифбомизни муҳокама қилиб юрибмиз. Халқ кирилл алифбосида ўқисинми, лотин алифбосида ўқисинми? Лотин алифбосидаги тўртта ҳарф қандай ёзилади, деган саволга жўяли жавоб топилмаганига неча йил бўлди? Алифбони ўзгартирсак кимга зарар, кимга фойда бўлади? Тўртта ҳарф ўзгартирилса, давлат хазинасига қанча фойда ёки зарар келтирилади? Адабиётимизнинг ярми кирилл, ярми лотин алифбосида. Газеталарда ҳам шу аҳвол. Халқ китоб ёки газета ўқияптими? Минг дона китоб ёки газета ўттиз миллиондан ортиқ халққа қанчадан тегади? 

Ўқитувчи ўз соҳасининг, врач ўз соҳасининг, ёзувчи ўз соҳасининг, маданият ходими ўз соҳасининг, маҳалла, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари, партия аъзолари ўз соҳасининг газетасини ўқимаса, ким ўқийди? Орамизда “мажбурий обуна йўқ!” деган баҳона бор. Хўп, мажбурий обуна ташкилот-муассасада ишламайдиган кишиларга йўқдир! Лекин соҳа эгаси китоб ўқимаса, газета ўқимаса, нима деган гап?! Унда хилма-хил газета-ю, китоблар ким учун чоп этиляпти? Ўзимиз ўқимаслик касалига мубтало бўла туриб, болаларимизни бу касалдан қандай қутқара оламиз? Қўлида “олий маълумотли” эканини тасдиқловчи дип­ломи бўла туриб, фикрини ифодалай олмайдиган, ўқишга вақт тополмайдиган, муомала маданиятидан йироқ, фик­ри саёз, ўз тилини унутган кишилар билан муаммоларга ечим топа оламизми? Шаҳарлардаги баланд бинолар пешлавҳасига ёзилган ажнабий сўзлар бизга нима беради? Наҳот ўша пешлавҳаларни она тилимизда ёздиришнинг имкони йўқ бўлса? Қадимий қиш­лоқ, маҳалла ва ҳудудлар номини халқ хотирасидан ўчириб ташлашдан мақсад нима? 

Хулоса тарзида Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” номли асарида ёзилган ушбу фикрларни ҳавола қилишни маъқул топдим:

 “…Ўзимиз етарли даражада қадрламаган ўзбек тили шўро замонида Америка, Япония, Европа мамлакатларида ўрганилар эди. Ильза Сиртаутас, Эдуард Олворт, Андраш Бодроглигети (АҚШ), Ингеборг Балдауф, Зигрид Клайнмифел (ГФР), Кисао Комацу (Япония) каби атоқли профессорлар томонидан она тилимиз таҳлил қилинган ва ўқитилган. Мустақиллик йилларида улар билан дўс­тона алоқамиз мустаҳкамланди, янги маъно касб этди. Ўша йилларда ёзилган шеърдан:

Термуламан Ильза хонимга,

Кўзларимга ишонмай ҳайрон.

Амриқолик хушруй олима

Сўзлар эди ўзбекча равон…

Келинг, сизни она юрт учун

Фидолар бир тинглаб қувонсин.

Бу қувончдан лекин бир умр

Жудолар ҳам тингласин, ёнсин.

Ўз элати меҳридан дилин

Ёт тутганлар Сизни эшитсин, 

Ўз юртида ўз она тилин

Унутганлар Сизни эшитсин…”

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Ерга оид низоларни маъмурий судларда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

admin

Андижон ва Бухорода Депутатларимиз халқ хизматида

admin

Оқибатни фазилатга айлантирган олим

admin