ADOLAT 24

Таълим учун қулай муҳит яратилади

“Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида таълим тизими, хусусан, мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда болаларнинг тўлиқ қамровини таъминлаш, умумтаълим мактабларида таълим сифатини юксалтириш, ўқитувчи-педагогларнинг мақомини мус­таҳкамлаш, олий таълим тизимида юқори малакали кадрларни тайёрлаш муҳитини янада такомиллаштиришга оид аниқ вазифалар, мақсадлар белгилаб олинган. Шу боисдан яқиндагина давлатимиз раҳбарининг фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва унда илгари сурилаётган мақсад ва вазифаларда мамлакатимиз ривожи ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган бир қанча муҳим масалалар қаторида таълим соҳасига ҳам катта эътибор қаратилгани биз, “Адолат”чиларни ниҳоятда қувонтирди.

Стратегияга кўра, болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳларига тўлиқ қамраб олиш белгиланди. Қолаверса, бугунги замонавий ахборот технологиялари жадал тараққий этаётган даврда давлат мактабгача таълим ташкилотларини 100 фоиз компьютер билан таъминлаш орқали тарбияланувчиларда бош­ланғич компьютер саводхонлиги кўникмаларини шакллантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бундан ташқари, келажак авлод саломатлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг узвий давоми сифатида, айни давр­да дунё­даги иқлим ўзгариши ва турли эпидемик, пандемик ҳолатларнинг олдини олишни назарда тутиб, мактаб­гача таълим ташкилотларини 100 фоиз тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш вазифалари белгиланди. Бу каби амалий ишлар натижасида фарзандларимиз боғча ёшидан соғлом ва замонавий информацион технология­лардан бохабар бўлиб улғайиш­лари шубҳасиз.

Шунингдек, Стратегияга умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дас­турини амалга ошириш мақсадида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобус­лар­ни йўлга қўйиш, умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишни кўзлаб, 700 га яқин номдаги янги дарслик­лар, машқ дафтарлари, педагоглар учун методик қўлланмалар ва мобил иловалар яратиш, янги авлод дарслик­лари асосида планшетлар учун 1 000 та мультимедиа дас­турларини яратиш, таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар “тил эгалари” бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилди. Бу эса, ўз нав­батида, таълим жараёнларининг самарадорлигини таъминлашда ва жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишда муҳим қадам бўлади, албатта.

Қолаверса, Президент мактаб­лари ва ихтисос­лаштирилган мактабларнинг таълим методикасини барча умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнларига жорий қилиш ва барча умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунарларга ўргатиш курсларини ташкил этишга қаратилган мақсадлар ёш авлодни янада билимли ва салоҳиятли қилиб тарбиялаш билан бир қаторда, уларни бугунги меҳнат бозорига ҳар жиҳатдан эртароқ мослашиб бориш­ларига имконият яратади.

Биз учун аҳамиятли бўлган яна бир жиҳат шундаки, Ватанимизнинг келгуси етти йиллик тараққиётини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатда ўқитувчи-педагог кадрлар мақомини ошириш, уларнинг билими ва малакасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кенг жамоатчиликка яхши маълумки, “Адолат” СДП ўтган даврдаги фаолиятида ва мамлакатимизда юз бераётган муҳим сиёсий тадбирлар, турли даражадаги сайлов жараёнларида ўқитувчи-педагог ходимларнинг обрў-эътиборини ошириш ҳамда юксак мақомини белгилаш орқали уларнинг жамият ҳаётидаги ролини юксалтиришга қаратилган қатор таклиф, ташаббус­ларни доимий тарзда илгари суриб келмоқда.

Шу жиҳатдан, Стратегияда белгиланган вазифалар олдимизда турган мақсадларимизнинг тўла­қонли рўёбини таъминлашда қўл келади, деб ишонамиз. Зеро, давлат ва жамият ҳаётида ўқитувчининг обрў-эътиборини юксалтириш, энг аввало, таълим сифатини оширишга ва шу орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилади. Бу борада Япония, Сингапур, Германия каби жаҳоннинг кўплаб ривож­ланган давлатларида эришилган тажрибалар фик­римизнинг яққол исботидир.

Шу билан биргаликда, Стратегия­­да олий таълим қамровини кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш масалаларида ҳам айни давр учун муҳим бўлган қатор мақсадлар белгиланганлигига эътибор қаратишимиз лозим.

Мақсад, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказишдир. Умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш, 30 та олий таълим муассасасининг таълим дас­турларини халқаро аккредитация­дан ўтказиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дип­ломли тизим”ни жорий этиш, 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000» олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказишга қаратилган вазифалар амалиётга самарали татбиқ этилса, албатта, истиқболда ўзининг ижобий натижасини беради.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекис­тон – 2030” стратегияси мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, ёшларимизни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш йўлида бош­ланган ислоҳотларимизни янги босқичга олиб чиқувчи, пухта ишлаб чиқилган, ҳақиқий дас­туриламал бўлди десак, муболаға бўлмайди. 

Биз, “Адолат” СДП фаоллари, барча даражадаги депутатларимиз билан биргаликда партия­миз дастурий мақсадларига ҳам­оҳанг бўлган мазкур муҳим ҳужжатнинг фаолиятимизда янги имкониятларни яратиб бераётганлигини яхши анг­лаган ҳолда уни тўлақонли амалиётга татбиқ этишни ва ушбу жараёнларда нафақат фаол иштирокчи, балки илғор, ташаббускор ташкилотчилардан бўлишни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик.

Муҳаррам Дадахўжаева,

Тошкент шаҳар кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Фуқароларнинг шикоят қилиш имкониятлари кенгаймоқда

admin

Инсон қадри улуғланаётган юрт

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ БОШҚАРУВЧИЛАР КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИДАГИ НУТҚИ

admin