ADOLAT 24

Йўл-транспорт ҳодисалари: ким айбдор?!

Статистика маълумотларига кўра, жорий йилнинг 7 ойида республика бўйича содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1115 киши вафот этган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Бу борада ахборот сайтларида ҳам бир қанча хабарлар, маълумотлар берилди. Ижтимоий тармоқларда фуқароларимиз томонидан ушбу масала кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан мажлислар ва видеоселектор йиғилишларида, соҳа вакиллари билан учрашувларда оғир оқибатларга олиб келаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кўплаб аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати ташаббуси билан кенг жамоатчилигимизни ташвишга солаётган масалалардан бири — “Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатида йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ кўп­лаб масалалар ўртага ташланди.

Муродилло Маҳмудов, 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати бош мутахассиси, модератор: 

– Ушбу муҳим мавзу юзасидан юзага келаётган салбий ҳолатларнинг сабаб ва омилларини таҳлил этиш ҳамда шу орқали мавжуд муаммоларга ечим излаш мақсадида даврамизга соҳага оид мутахассисларни, масъул ташкилотлар вакилларини, экспертларни, шунингдек, партиямиз фаолларини таклиф этганмиз.

Суҳбатимизни умумий бир савол билан бошласак:

Бугунги кунда оғир оқибатларга олиб келаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг ортиб бораётганлигига нималар сабаб бўлмоқда?

Азизхон Муродов, 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби:

– Йўл-транспорт ҳодисаси объектив ва субъектив сабабларга кўра содир бўлади. Яъни, объектив сабаб­ларга йўлнинг сифати, ундаги мавжуд камчиликлар, муаммолар ёки пиёдалар ўтиш жойларининг етишмаслиги, йўловчиларнинг ҳаракати учун шароит яратилмаганлиги кабилар киради. Субъектив сабаблар эса ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезлик талабларига амал қилмаслик, тақиқловчи қизил чироқларда ҳаракатланиш ёки пиёдаларнинг белгиланган ўтиш жойларидан ўтмасликлари ёки белгиланган пиёдалар ўтиш йўлакларидан ўтаётганда ҳам ҳар хил мосламалар, телефон, қулоқчинлардан фойдаланган ҳолда йўлларни кесиб ўтишлари натижасида юзага келади. Оқибатда турли ҳолатдаги йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлади. Албатта, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда автомобиллар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини камайтиришга эришилмоқда, аммо пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари муаммо бўлиб турибди. Бунинг сабаблари кўп. Лекин энг жиддий муаммолардан бири – айрим ҳайдовчиларнинг ўтиш йўлакларидан ўтаётган пиёдаларни уриб кетиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатлар ижтимоий тармоқларда ҳам бир неча бор тарқалди. Шу сабабли пиёдалар ўтиш жойларида шароит­ларни янада яхшилаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Президентимиз иштирокида кенгайтирилган тарзда видеоселектор ўтказилди. Унда йўл инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Ақлли светофорлар ўрнатиш, пиёдалар ўтиши учун хавфсиз жойлар, хавфсиз йўлак­лар барпо этиш, пиёдалар, транспорт воситалари учун эстакадалар қуриш бўйича топшириқлар берилди. Бу бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, умуман республиканинг қайси ҳудудларида уларни қандай қуриш имконияти ўрганилмоқда.

Фозил Ражабов, 

“Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти” давлат муассасаси илмий-техник ривож­ланиш бўлими бошлиғи:

– Йўл ҳаракати хавфсизлигида транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиши кўплаб омилларга боғлиқ. Буни таҳлил қиладиган бўлсак, 5 та асосий омилни келтиришимиз мумкин. Биринчиси, бу ҳайдовчилар билан боғлиқ омил. Иккинчиси, транспорт воситалари билан боғлиқ омил. Учинчиси, йўлнинг ҳолати, яъни сифати билан боғлиқ омил. Тўртинчиси, бу атроф-муҳит, яъни об-ҳаво билан боғлиқ омил ва бешинчиси пиёдалар билан боғлиқ омилдир. Мана шу бешта омил таъсирида йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқади. Демак, омилларни санаб ўтдик. Энди уларга атрофлича тўхталсак. Биринчи омил, яъни, ҳайдовчи нима учун йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлади? Бу кўпроқ унинг маҳорати, тажрибаси, жисмоний ҳолати, соддароқ қилиб айтсак, саломатлиги, шунинг­дек, сергак ҳамда чарчаш ҳолатлари ёки спиртли ичимлик истеъмол қилиб рулга ўтириши, алоқа воситаларига чалғиши билан боғлиқ. Шунинг­дек, транспорт воситасининг техник ҳолатидаги камчилик­лар ҳам салбий ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

Германиядаги автомобиль транспортларини сертификатлаш компанияси таҳлилларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаларининг 25 фоизи транспортларнинг тормозлаш тизимидаги носозликлар сабабли келиб чиқар экан. Юқорида яна бир омилни айтдик, бу йўлнинг ҳолати. Албатта, йўлдаги нотекислик, турли чуқурларнинг борлиги, чизиқларнинг мавжуд эмаслиги ёки борларининг ҳам сифатсизлиги, ҳаракатланишга халақит берувчи тўсиқлар, сифатсиз йўл қоп­ламалари ҳам салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига сезиларли таъсир ўтказади. Шунингдек, об-ҳаво, табиий муҳит ҳам ҳаракатланиш хавфсизлигига таъсир қилади. Айтайлик, намгарчилик, туман, йўллардаги музлама ва бошқаларни келтириш мумкин. Булар, албатта, йўлларда транспорт воситаларини бош­қаришни маълум даражада қийинлаштиради. Санаб ўтилган омилларнинг ичида бугунги кунда жиддий муаммолардан бири – бу пиёдалар билан боғлиқ ҳолатлардир. Бунда махсус ўтиш жойларининг етарлича ташкил этилмаганлиги, мавжудларининг сифати белгиланган талаб­ларга жавоб бермаслиги кабилар билан боғлиқ. 

Муродилло Маҳмудов: 

– Пиёдалар ўтиш жойлари ҳақида батафсилроқ тўхталсак, боиси йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти ана шу омил туфайли юзага келмоқда. Айни пайтда “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил қилинаётган давра суҳбатлари, партиянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам шу масалага алоҳида эътибор берилмоқда. Шу билан бирга, давра суҳбатимизда онлайн қатнашаётганлар ҳам шу масала билан боғлиқ кўплаб саволларни йўлламоқдалар. Саволларда айтилишича, бугунги кунда йўлларимизда пиёдалар ўтиш жойлари етарлича ташкил этилмаганлиги сабабли фуқароларимиз йўлларни кесиб ўтишда белгиланмаган жойлардан ўтишга мажбур бўлишаётган экан. Саволни янаям аниқлаштирсак, бугунги кунда йўлларимизда, айтайлик, шаҳарлар марказларидаги кўчаларимизда пиёдалар учун йўлаклар етарлича ташкил этилганми?

Фозил Ражабов:

– Тўғри, пиёдалар ўтиш йўлак­лари йўллардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда асосий аҳамиятга эга. Агар юзага келаётган йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қиладиган бўлсак, энг оғир ҳолатлар айнан пиёдаларнинг йўлларни белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиш жараёнларида содир бўлаётганлигини кўрамиз. Бундай ҳолатлар натижасида юзага келаётган статистик маълумотлар жудаям ачинарли. Албатта, бунинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бевосита саволингизга келсак, бундай ўтиш жойлари ташкил қилинган, аксариятлари светофор билан таъминланган, бошқариладиган ҳолатдаги ўтиш йўлаклари ҳам ташкил этилган, эндиликда бу борада яна қўшимча ишлар режалаштирилган ва улар амалга оширилмоқда.

Гулнисо Саидова, 

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бошқарма бош­лиғи:

– Сиёсий партия фаоли сифатида жойларда бўлганимизда фуқароларимиз аксарият йўл-транспорт ҳодисалари ҳайдовчиларнинг йўлда ҳаракатланиш қоидаларига амал қилмаслиги, яъни ҳайдовчилик маданиятининг етишмаслиги сабаб бўлаётганини айтишади. Шу боисдан партиямиз ва Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзо­лари шофёрларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини қайта кўриб чиқиш борасида бир неча бор жиддий таклифлар киритган эдилар. Бу борада бирор ўзгариш амалга ошириладими?

Азизхон Муродов:

– Тўғри айтдингиз, бу борада Президентимиз томонидан 2022 йил 11 февраль куни айнан Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизими бўйича алоҳида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” масаласидаги бу йиғилишда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш фақат Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг вазифаси эмас, балки барчанинг, бутун жамиятимизнинг, барча вазирлик, ташкилотларнинг вазифаси эканлиги кўрсатиб ўтилди ва топшириқлар берилди. Айнан шу йиғилишдан кейин, 2022 йил 4 апрелда Президентимизнинг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда 5 та устувор йўналиш белгилаб берилди. Биринчиси, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, чорраҳаларни рақамлаштириш, мактаб ва бошқа таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидаларини ўқувчиларга ўргатиш назарда тутилди. Айтиш жоизки, шу кунгача ушбу йўналишда Президентимизнинг 5 та, Вазирлар Маҳкамасининг 10 дан ортиқ қарори қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 172-сонли қарори билан амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларининг 140 дан ортиқ бандига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қолаверса, автомобиль йўлларида ўлим ҳолатларини камайтириш, ҳайдовчиларга, пиёдаларга ва мактаб ўқувчиларига йўл қоидаларини ўргатиш, мактаблар олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Президентимизнинг қарори билан “Хавфсиз ва равон йўл” Умуммиллий дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастурда беш йилга мўлжалланган вазифалар белгиланди. Масалан, бу дастур мактаб­лар ҳаётида ҳам муҳим рол ўйнайди. Маълумки, республикамизда 10130 дан ортиқ умумтаълим мактаби бор. Дастурда мактаблар яқинида ҳаракат тезлигини 30 км/соатга тушириш ва мактаблар яқинида тезликни чек­ловчи сунъий тўсиқ ўрнатиш масалалари алоҳида йўл ҳаракати қоидалари сифатида кўрсатилди. Ҳозир Умуммиллий дастурда кўрсатилган вазифалар босқичма-босқич бажарилмоқда. Бугунги кунда республика бўйича 4 мингга яқин мактаблар олдига сунъий тўсиқлар қўйилди. 

Гулнисо Саидова:

– Балки йўл ҳаракати қоидаларини менсимаётган ҳайдовчиларга жазо чораларини кучайтириш лозимдир. Жазо чораларининг енгиллиги ҳайдовчиларимизнинг белгиланган қоидаларга амал қилмаслигига сабаб бўлаётгандир. Негаки, биз сўнг­­ги пайтларда оғир оқибатларга олиб келган йўл-транспорт ҳодисалари сабабчиларига жиддий чоралар кўрилаётганлигини кузатмаяпмиз. Айтайлик, инсон ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси сабабчиси 10 ёки 15 йилга қамалганини кўрмадик ҳам, эшитмадик ҳам.

Азизхон Муродов:

– Бу бўйича белгиланган тартиб бор. Бу тартибга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси юз берганда ҳужжат расмийлаштирилади ҳамда тергов ва суд идораларига тақдим этилади. Суд идоралари эса жиноий ёки маъмурий кодексларга кўра жазо чораларини белгилаб беради. Бу савол ҳуқуқ идоралари ходимларига берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Сарвар Эргашев, 

партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бошқарма бошлиғи:

– Тошкент шаҳрида яшайман. Очиғини айтиш керак, бугунги кунда пойтахтимиздаги аксарият кўчалар белгиланган талабларга жавоб бермайди. Улардаги ўйдим-чуқурлар, янги қоп­лама тўшалган йўлларнинг ҳали бир йил ўтмасдан сув, электр ва бошқа тизимларни ўрнатиш мақсадида қайта ковланиши оқибатида сифатсиз ҳолга тушиб қолиши, йўл қурилиш ишларининг белгиланган талабларга амал қилмай олиб борилаётганлиги, йўл белгиларининг меъёрларга жавоб бермаслиги, қолаверса, йўл чизиқларининг сифатсизлиги кўпчиликни ранжитмоқда. Бу борада маълум тартиб-қоидалар ўрнатиладими ёки аҳвол шундай давом этаверадими?

Фозил Ражабов:

– Эътирозингиз ўринли. Бу масалалар бугунги кунда барчамизни қийнаб келаётган масалалардир. Бу бўйича “Йўллар тўғрисидаги” қонунимиз бор ва унда барча меъёрлар белгилаб берилган. Тошкент шаҳридаги кўчаларга, умуман, ички кўчаларга ҳокимият тасарруфидаги Ободонлаштириш бошқармаси томонидан хизмат кўрсатилади. Сиз айтган муаммоларни бартараф этишни ҳокимият ва ободонлаштириш ташкилотлари назоратга олиши лозим. Йўлнинг сифатига тўхталсак, авваламбор, уни лойиҳалашдан бошлаб белгиланган меъёрларга амал қилинади ва бунда стандартлар мавжуд. Бу стандартларда йўл қопламаси, ундаги чизиқлар сифати кўрсаткичлари киритилган. Тизимимизда «Ўзавтойўлбелги» корхонаси фаолият юритади. Албатта, сиз айтаётган масалаларда биз ҳам ўрганишлар олиб борамиз ва бу бўйича маълумотлар берамиз. Умуман олганда, сиз айтаётган масалалар борасида қонун чиқарувчи ташкилотларга ҳам таклифлар берганмиз. Президентимизнинг қарорларида йўл остидаги тизимларни ўтказишда – сув бўладими, электр ёки газ бўладими, меъёрлар кўрсатилган ва бунга амал қилиниши лозим. Бу бўйича биз ҳам, бош­қа масъул ташкилотлар ҳам назорат ишларини олиб бормоқдалар. 

Азизхон Муродов:

– Бироз қўшимча қилсам, тўғри, олдин йўллардаги чизиқлар, белгилар, светофорларни тартибга солиш бўйи­ча махсус эксплуатация хизматлари ҳокимиятлар ҳузурида бўлар эди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Президентимизнинг 190-сонли қароридан кейин республикамиздаги барча махсус монтаж, эксплуатация бўлинмалари Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимига ўтказилди. Шунга кўра, сиз айтаётган масалаларни ҳал қилишда аввал камчилик­лар бор эди. Янги тизимда бу йўналишлар бўйича ижобий ўзгаришлар қилинмоқда. Хориж тажрибасини ўрганиб, амалиётга татбиқ этяпмиз. Масалан, Самарқанд вилоятида йўл тизимида кўплаб янгиликлар амалга оширилди. Энди бошқа ҳудудларда ҳам шундай янгиликлар жорий қилинади.

Гулбаҳор Қобулова, 

партия Матбуот хизмати етакчи мутахассиси:

– Бугунги кунда бозорларимиз атрофидаги йўллар четларига фуқароларимизнинг автомашиналарни қўйиб кетишлари оқибатида ҳаракатланишга халақит берадиган ҳолатлар, тирбандлик­лар юзага келмоқда. Ушбу муаммони ҳал этиш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

Азизхон Муродов:

– Бунга ҳайдовчиларимизнинг йўл ҳаракати маданиятига амал қилмаслиги сабаб бўлмоқда. Боиси, бизнинг бозорларимизда автотураргоҳлар мавжуд, аммо ҳайдовчиларимизда бир салбий одат бор, “бозорга 5 дақиқага кириб чиқаман” деган нотўғри фикр билан машинасини йўл четига, қоидага тўғри келса-келмаса қўйиб кетаверади. Оқибатда йўлда ҳам, йўл четида ҳам тирбандлик юзага келади. Йўл ҳаракати қоидаси бузилади. Албатта, Йўл ҳаракати қои­даларимизда бу бўйича меъёрлар бор. Унга кўра, йўлда тақиқланган белги бўлмаса, машинасини йўлга параллель равишда қўйишга рухсат берилган. Афсуски, шуни кўп­лаб ҳайдовчиларимиз тушунмайди ёки тушунса ҳам қоидага амал қилмайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича рейдлар ташкил қилинмоқда, керакли чоралар кўрилмоқда. Аммо бу кўп жиҳатдан ҳайдовчилик маданиятига боғлиқ. Барчамиз белгиланган қоидаларга амал қилишимиз лозим. Шундай қоидабузарлик ҳолатларига дуч келганда фуқароларимиз ҳам ҳушёрлик қилиб, қоидабузарликни суратга олиб, хабар беришлари учун барча имкониятлар яратилган. Бу масалада нафақат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари, балки кенг жамоатчилик ҳам бефарқ бўлмасликлари лозим.

Муродилло Маҳмудов: 

– Ҳақиқатан ҳам бу борада барчамиз, кенг жамоатчилик ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, ушбу масала ортида инсон ҳаёти турибди. Бу мавзудаги суҳбатимиз шу билан якунига етмайди, биз яна мавзуга қайтамиз. Бугун давра суҳбатида билдирилган фикр ва таклифларни жамлаб, умумлаштириб, партия­мизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали қонунчиликка таклифлар киритиш чораларини кўрамиз. Суҳбатимиз якунида барча юртдошларимизга ўзингиз ва яқинларингизнинг йўл-транспорт билан боғлиқ ҳаётига, йўллардаги хавф билан боғлиқ фаолиятига, йўл қоидаларига бефарқ бўлманг, дея мурожаат қиламиз.

“Адолат” СДП

 Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Қонундаги «тушунарсиз» модда у қандай мақсадда киритилган?

admin

Квотадан воз кечиш контракт нархини туширишнинг мақбул йўли эмасми?

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЎТТИЗ ИККИ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

admin