ADOLAT 24

Етакчи суст бўлса…

Ҳар қандай соҳада етакчининг фаоллиги, ташаббускорлиги ва жамоадошларини ўз ортидан эргаштира билиши ютуқларга бошлайди. Аксинча, агар етакчи суст бўлса, кутилган натижага эришиш қийин.

“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаолларининг ўз-ўзини танқид руҳида ўтган навбатдаги йиғилишида айни шу масала ўртага қўйилди. Вилоят партия кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов йилнинг ўтган даврида ҳудудий кенгашлар томонидан амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш баробарида камчиликларни танқид қилди. Сиёсий партия етакчиси учун фаоллик, ташаббускорлик шартлиги, бироқ айрим ҳудудий кенгаш раисларида ташаббускорлик етишмаётганини салбий баҳолади.

Тўғри, партия лойиҳалари асосида жамоатчилик орасига кириб бориш, партия­вий тадбирларни ташкил этишда сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Маҳаллий кенгаш сессияларига долзарб масалалар киритилаётгани ҳам қувонарли. Бу хайрихоҳларимиз сафининг кенгайишига, фуқароларда партиямизга бўлган ишончнинг ошишига хизмат қилмоқда.

Ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Сафимизга янги аъзоларни қўшиш, аъзолик бадалларини йиғишда Булоқбоши, Бўстон ва Андижон туманларининг кўрсаткичлари қониқарсиз. Хонобод шаҳар, Қўрғонтепа ва Олтинкўл туманларида ҳам ўзгариш қилиш зарур. Бу ўз-ўзидан ана шу ҳудудларнинг фаоллари ишни самарали ташкил этмаётганини кўрсатади. 

– Амалдаги йил сиёсий воқеликлар билан биз, партия етакчилари учун том маънода синов йили бўлди, – деди “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева. – Жамоатчилик томонидан “Адолат” СДП қўллаб-қувватлангани қувонарли. Бироқ фаолиятимизни янада кучайтириш зарур. Бу борада партия етакчиларининг фаоллиги катта аҳамиятга эга. Агар улар суст бўлса, сиёсий майдондаги ўрнини йўқотиб қўйиши мумкин. Бугунги танқидий фикрлардан кенгаш раислари етарли хулоса чиқариб ишда ўзгариш қилишига ишонаман.

Йиғилиш якунида фаол етакчиларни рағбатлантириш, самарасиз иш олиб борганларга эса интизомий жазо қўллашга қарор қилинди.

Tegishli xabarlar

Фаолиятимизда амалий натижалар муҳим

admin

Сайловолди жараёнларида хориж тажрибаси

admin

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

admin