ADOLAT 24

КИТОБ ўқимаслик КАСАЛИ

Биз яшаётган муҳит “китоб ўқимаслик касали”га чалиниб бўлди. Бунинг хавфи вабодан кам эмас. Вабони қайтариш учун мажбурий эмланади, беморни мажбурлаб бўлса-да даволайдилар. Чунки ўлат бошқаларга юқмаслиги керак.  

Танадаги хасталикни дори-дармон билан бир амаллаб енгиш мумкин. Оллоҳнинг мадади билан тиббиёт беморнинг жонига ора киради. Бироқ китоб ўқимаслик касалига учраб, руҳий мажруҳликка йўлиққан авлодни қандай тузатмоқ мумкин?  

Ваҳима қилмаяпман, кўриб-билиб турганимни ёзяпман. 

Ишонасизми, олий ўқув юртига ҳужжат топширган йигитча ўн бир йил давомида битта ҳам бадиий китоб ўқимаганини тан олди. 

Ижодий имтиҳонда қатнашаётган устозимиз, машҳур шоир қўлига китобни олиб кўрсатди: 

– Болам, мана шу китоб. Қара, шуни китоб дей­дилар…

Ботинини не ўй кемиргани устознинг ўзига аён.  

Ишонмайсиз-а? Ишонадиган гапмас бу, бироқ ўша йигитча мен ва бир неча ҳамкасбим қаршисида ижодий имтиҳон пайтида тан олди: “Битта ҳам китоб ўқимаганман, энди ўқийман, ўқишга кирсам…” деди. Оёғим остидаги ер қаттиқ, бошимдаги осмон узоқ эди. Нима дейишимни билмай қолдим, бошим ғувиллади. Яна бир укамиз “Ўткан кунлар”ни Тоҳир Малик ёзган, деди. Қулоқларим тош битмади, хайрият.

Бири эса улуғ шоиримизни таниқли актёр билан адаштирди, адаштирди эмас, “Ўзбегим” деган шоҳ қасидани актёримиз Эркин Комилов ёзган, деди ишонч билан.

– Эркин Воҳидовни эшитганмисиз?

– Йўқ, эшитмаган эканман…

Ишонмайсиз-а? Лекин биз бу шармандаликнинг гувоҳи, айни пайтда ўзимиз ҳам шарманда эдик.

Имтиҳонда иштирок этаётган адиблардан бири навбатдаги абитуриент билан суҳбат асносида тоқати тоқ бўлди ва:

– Укажон, майли, бизга бештагина ўзбек ёзувчисини санаб беринг, – деди мунғайиб.

Ишонмайсиз. Лекин… Ҳалиги ёш авлодимиз вакили ҳеч бўлмаса беш ўзбек адибининг исмини айтолмади.

Шунда менинг хаёлимга “китоб ўқимаслик касали” деган тушунча чўкди.

Бу касаллик бугунги авлод орасида авж нуқтасига етганини Сиз ҳам сезаяпсизми? 

Ё, мен ваҳима қилаяпманми, а?!

Қўчқор Норқобил,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

ШАЙХ ХОВАНД ТАҲУР

admin

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Қорақалпоғистон респубикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари)

admin

Истироҳат боғлари халқники бўлиши керак!

admin