Маънавий тадбирлар доирасида Шерободда юрганимизда учрашув бошланишидан олдин бир муаммо чиқиб қолди.
Нима эмиш, Тошкентдан келган артисткаларнинг бири машинага чиқмаётган эмиш. Бу хонанданинг “обрўйи”га “Ласетти” тўғри келмас экан. “Трабелезер”ми, “Прадо”ми бўлмаса, бу қўшиқчи хотин машинага ўтирмасмиш.
Вилоят маънавият ва маърифат марказининг раҳбари Наргиза Раҳматуллаева нозкаш меҳмоннинг юзидан ўтолмай, не қиларини билмай хижолат бўлиб турарди. Бундай ноёб мошинлар чекка туманларда ҳадеганда топилавермайди.
Охири, кўп ҳаракатлар билан ўзидан бошқа биров танимайдиган бу хонандага «Малибу» топиб келишди. Шунда ҳам, мен чиқадиган машинага ҳеч ким ўтирмасин, деб кибр ва иддао билан зўрға чиқдилар.
У бу қилиғи билан у санъат ва санъаткорлар қадрини ерга урган эди. Ҳолбуки, санъатинг яхши бўлса, йиғинга эшак миниб борсанг ҳам, қадринг тушмайди.
Эшқобил ШУКУР