ADOLAT 24

Мақсадимиз ягона: Ҳар бир сайловчи биздан рози бўлсин!

Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллик шодиёнасини барча соҳа ходимлари қатори “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши жамоаси ҳам кўтаринки руҳда нишонладилар. Партиядан сайланган 96 нафар вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатларининг барчаси ўзларига билдирилган юксак ишонч йўлида ҳамиша халқ билан юзма-юз мулоқотда, бир сўз билан айтганда, чин маънода фуқароларнинг кўмакчиси сифатида уларнинг энг яқин ишончли вакилига айланиб улгуришди. 

Қувасой шаҳар кенгаши депутати Музаффар Меҳмонов ўз сайлов округида истиқомат қилувчи ҳар бир фуқаронинг яшаш шароити билан билан яқиндан таниш. Депутат ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига бош-қош, янги иш бошлаётган тадбиркорларга елкадош. Шу билан бир қаторда, маҳаллалардаги ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилаларнинг ҳеч бирини назардан четда қолдирмайди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган, ногирон, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларни доимо қўллаб-қувватлайди, уларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшашларига шароит яратишга интилади.

Шаҳардаги “Кокилон” МФЙ, “Деҳқон­обод” кўчаси, 45-уйда яшовчи Ҳафизахон Юсупова яшаш хонадони нураб кетгани боис уй таъмири борасида амалий ёрдам кўрсатишларини сўраб мурожаат қилганидан сўнг Кенгаш котибияти ва депутат Музаффар Меҳмонов фуқаро мурожаати бўйича ўрганиш ишларини олиб борди ва Ҳафизахон Юсупова хонадонида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Кенгаш депутати аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш ишлари баробарида жамиятда илм-фан, санъат, маданият тараққиёти йўлида янгидан-янги лойи­ҳаларни амалга ошириш йўлида тинмай изланади. Депутат ана шундай эзгу мақсадларини амалга ошириш йўлида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фаол олимпиадаларни ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйи­ча энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 27-мактабининг энг иқтидорли ўқувчиларидан бири бўлган 11-синф ўқувчиси Зарифжон Абдувалиевнинг информатика ва ахборот-технологияларига бўлган қизиқишини инобатга олиб, ўқувчини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлади. Бу эътибордан руҳланган Зарифжон танловнинг вилоят босқичида нуфузли ўринни қўлга киритди. Депутат Музаффар Меҳмонов ўқувчининг ютуқларини бардавомлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида унга компьютер жамланмасини совға қилди. 

Шаҳарнинг “Кокилон” МФЙ ҳудудидаги 8-умумтаълим мактабида “Ташаб­бусли бюджет” лойиҳаси бўйича таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бир вақтда спорт залини таъмирлаш ва спорт жиҳозлари учун маблағ масаласи муаммога айланди. Депутат Музаффар Меҳмонов бу борада мактаб жамоасини ёлғизлатиб қўймади. Ҳомийлик асосида спорт залини таъмирлаш ишларига кўмаклашиш билан бир қаторда спорт залини барча зарурий жиҳозлар билан таъминлади. Депутат кўмагидан мактаб жамоаси миннатдор. Ўқувчи ёшларнинг эса қувончи чексиз.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Қувасой шаҳри марказида яна бир замонавий қиёфадаги оилавий поликлиника бунёд этилди. Ҳудуд аҳолиси орзусидаги мазкур маскан халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутатлари, депутатлик гуруҳи раҳбари Музаффар Меҳмонов ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан қуриб битказилиб, зарур жиҳозлар билан жиҳозланди. Барча шарт-шароитларга эга мазкур замонавий оилавий поликлиника шаҳардаги “Ҳамид Олимжон” ҳамда “Алишер Навоий” номли МФЙлар ҳудудида истиқомат қилувчи 40 мингга яқин аҳолига беминнат хизмат кўрсатади.

Субҳонали Нишоновни адолатпарварлиги боис нафақат Сўх туманида, балки вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам яхши танишади. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2020 йил 8 августдаги «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш учун бюджетдан зарурий маб­лағ ажратилди. Президент қарорида туманнинг “Офтобрў”, “Тул”, “Ҳушёр”, “Қақир”, “Қарир-Себзор”, “Сариканда”, “Ҳазрат Али”, “Равон”, “Янгиариқ”, “Нав­обод”, “Ленбург”, “Қалача”, “Ғазнов”, “Сўх”, “Чашма”, “Демурсад”, “Шарқобод” МФЙлари ҳудудида яшовчи 59 минг нафар аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 274 км. ичимлик суви тармоғини тортиш, 30 та ичимлик суви иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган эди. Бу ишлар “Янги авлод” МЧЖ томонидан ўз муддатида ва сифатли амалга оширилмаганидан сўнг депутат Субҳонали Нишонов ўз ваколати доирасида депутат назоратини ўрнатиб, юқори турувчи ижро органларига мурожаат қилди. Туманга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов ташрифидан сўнг депутат мурожаатида кўтарилган масалалар атрофлича ўрганилди. Шу кунларда Сўх аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари сифатли амалга оширилаётганидан хурсанд. Қолаверса, депутат саъй-ҳаракатлари билан туманнинг “Ҳақиқат” кўчасида яшовчи Сарвара Аюбовага МФЙ маъмурияти томонидан икки хонадан иборат уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Халқимизнинг фаровон турмуш шароитларини янада ошириш, қиш­лоқ ҳудудларини ободонлаштириш, йўл инфратузилмасини, айниқса, ички кўчаларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, ижтимоий объектларни қуриш халқимиз яшаш шароитини яхшилаш, уларга қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ишлардир. Бу борада халқ депутатлари Сўх туман кенгаши депутати Раҳмонали Бобоев кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, “Девайрон” МФЙ кўчалари асфальтлаштирилиб, оқава сув учун Теракзор кўчасида 400 метр лотоклар ётқизилди. 

Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Аҳрорбек Эркабоев ташаббуси билан “Оқбилол ота” қабристонида ҳомийлар кўмагида миллий ва замонавий меъморчилик талаб­ларига кўра таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. 

Кенгаш депутати Дилрабо Узоқова ҳамиша халқ хизматида. “Хўжақишлоқ” МФЙ Ифтихор кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари электр таъминотидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан йўллаган мурожаатлари депутат назаридан четда қолмади. Ўз сайлов округида юзага келган ҳар қандай муаммо борки, барчасини қисқа фурсатлар ичида самарали ҳал этишни одат қилган Дилрабо Узоқова мазкур масала юзасидан тезкор ўрганиш ишларини олиб борди ва натижада ҳудудга янги трансформатор олиб келиб ўрнатилди. 

“Адолат” СДП депутатлари “Адолат — ҳар бир инсон учун!” шиорига таянган ҳолда ягона мақсад йўлида бирлашган катта жамоа. Мақсад ягона: ҳар бир инсон ҳаётидан рози бўлиб, бахтли ҳаёт кечирсин.                

Гулчеҳра Аҳмедова,

Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Хазон бўлаётган умрлар

admin

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ: Кимдир яхши китобга зор…

admin

Фракция фаолияти: Мақсадимиз  улуғвор вазифаларни  амалга ошириш

admin