ADOLAT 24

МЕҲНАТГА ЯРАША МУКОФОТ

Бундан қарйиб ўттиз йил муқаддам Косонсой туманидаги Чиндовул қиш­лоғида моҳир педагог Ваққосхон Мамадалиев ташкилотчилигида рес­публикада биринчилардан бўлиб гимназия ташкил қилинди. 

Орадан бир неча йил ўтиб, гимназия лицей мақомини олди. Мазкур лицей тез орада ўқитиш услубидаги ютуқлари туфайли машҳур бўлиб, Наманган вилоятидаги бир қатор туман ва шаҳарлардан келган ўқувчиларни имтиҳон асосида қабул қила бошлади. Ўша даврда лицейда катта тажрибага эга бўлган ўқитувчилар, фан докторлари ва номзодлар дарс ўтарди. 

Мазкур билим даргоҳини битириб чиққан ўқувчилар нуфузли олийгоҳларда таълим олиб, юксак малакага эришган кадрлар сифатида илм-фан, техника, маъориф, ҳуқуқни ҳимоя қилиш, солиқ ҳамда маориф ва маданият соҳаларида фаолият юрита бошладилар. 

Сўнгги йиллар ичида мазкур таълим даргоҳи давлат ихтисослашган мактаб-интернатига айлантирилди. Унга маъориф тармоғида катта тажрибага эга бўлган Маъмурахон Султонова директор этиб тайин­ланди. Вақт ўтган сари мазкур ўқув даргоҳининг нуфузи янада оша бош­лади. Сўнгги тўрт йил ичида ихтисослашган мактаб-интернат таълим беришнинг юксак даражасини ўзлаштирган педагоглар билан тўлдирилганлиги ва дарс ўтиш услубининг ноанъанавий услубларининг жорий қилиниши эвазига битирувчи синф ўқувчилари олийгоҳларга имтиҳон топшириб, юз фоз талаба бўлиш бахтига муяссар бўлиб келишди. Бу йил ҳам ана шу кўрсаткич сақлаб қолинди. 

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида янги ўқув йили арафасида таълимдаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унда мамлакат раҳбари томонидан маориф тизимида амалга оширилиши зарур бўлган қатор масалалар муҳокама қилинди. Ушбу видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев ихтисослашган мактаб-интернат директори Маъмурахон Султонова билан юзма-юз мулоқот қилиб, унинг фаолиятига муносиб баҳо берди ва шу куннинг ўзида Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг фармони қабул қилиниб, Маъмурахон Султановага «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими» фахрий унвони берилди.  

– Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг биз, ўқитувчиларга қарата айтган ҳар бир сўзи менга катта куч-қувват бағишлади, – дейди Маъмурахон Султонова. – Айниқса, “Мен сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонларни кўраман.

Бугун сизлар таълим-тарбия бераётган, қалбини, онгини эзгулик билан тўлдираётган миллионлаб фарзандларимиз эртага Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлиб бизнинг сафимизга киради. Ватанимиз, халқимиз сизларнинг бундай олижаноб хизматларингизни ҳеч қачон унутмайди. Ўқитувчилик касбини эъзозлаш, унинг меҳнатини қадрлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади”, деган сўзлари ўз касбимга бўлган меҳримни янада ошириб юборди. 

Ҳа, келажак авлодга таълим ва тарбия беришдек машаққатли ва шу билан биргаликда шарафли вазифани уддасидан чиқиб, юракдан ишлаётган фидоийлар меҳнати ҳеч қачон рағбатсиз қолмайди. Биз кўп сонли газетхонлар, маъориф ходимлари ва юзлаб шогирдлари номидан Маъмурахон Султоновани юксак унвон билан муборакбод этиб қоламиз.

Муҳиддин ИМОМАДИЕВ

Tegishli xabarlar

Андижон ва Бухорода Депутатларимиз халқ хизматида

admin

Ёшлар парламенти аъзоларига

admin

Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади

admin