ADOLAT 24

Таълим — истиқбол калити

 Бу йил мактабга борадиган биринчи синф ўқувчиларининг сони олти юз минг нафардан кўпроқ. Шунча ўқувчини қабул қилиш учун мамлакат миқёсида кенг кўламда тайёргарлик ишлари олиб борилди, айниқса, таълимдаги ислоҳотлар, дарсликларнинг ихчамлаштирилганлиги ва биринчи синфдан то ўн биринчи синфгача дарсликлар учун ижара тўловлари бекор қилинганлиги қувонарли ҳол бўлди. 

Ўқишлар бошланиб, муқаддас мактаб остонасига илк қадам қўйган ўғил-қизларимизнинг юз-кўзидаги қувончни кўрганда ўзимизда йўқ хурсанд бўлиб кетамиз. Чунки болаликнинг «пош­шолик даври»да юрган фарзандларимиз зиммасига бундан буён илм эгаллашдек вазифа юкланади. Фарзандим мактабга боради, деган масъулиятни ҳис этган ота-она­лар бозорма-бозор кезиб, бошдан оёқ кийим-бош харид қилганлар. Оқ кофта, қора юбка кийган қизалоқларимизни, оқ кўйлак, қора шим кийган ўғилчаларимизни қўлидан етаклаб, қутлуғ даргоҳга кириб борганимизда вужудимизни ҳаяжон қамраб олади. Нодира, Зулфия, Ҳалима, Замира, Барчиной исмли қизларимиз ва Ойбек, Ўткир, Абдулла, Шавкат, Муҳаммад исмли ўғилларимиз келажакда ўз исмига яраша, яъни, улуғларимиз каби улуғ, буюкларимиз каби буюк бўлсин, деган орзу-умид қалбимизнинг туб-тубида куртакланиб туради. 

Ўқув йили давомида ўғил-қизимизнинг кун сайин ҳарф таний бош­лагани, ёза бошлагани, сонларни бир-бирига қўшиш, айириш, бўлиш ва кўпайтиришни ўргана бошлагани, суратлар чиза бош­лаганини кузатиб завқланамиз. Меҳрибон устозига нисбатан ҳурматимиз ортиб, унга миннатдорлик билдирамиз…

Дам-бадам ширин хаёллар ўз оғушига тортиб, боламизнинг келажаги ҳақида бош қотира бош­лаймиз, тили бурро бўлса – раҳбар бўлишини, ақли расо бўлса – олим бўлишини, саноқдан адашмаса – иқтисодчи бўлишини, шеър­лар айтиб берса – шоир бўлишини истаймиз.

Хуллас, ўғил-қизларимиз биринчи синфни битиргунига қадар ўзимизни осмону фалакда ҳис этиб, унинг иқтидори ҳақида ғурур билан мақтаниб юрамиз… 

Бироқ, ачинарлиси шундаки, боламиз иккинчи синфга борганда эътибор аввалгидай бўлмайди, учинчи ва тўртинчи синф­­га борганда бепарволигимиз юз чандон ошади. Бу ҳол боламизнинг ўқишга, ёзишга, санашга ва ёдлашга бўлган қизиқишини сўндиради. Тадқиқотларга қараганда, бола мактаб ёшига етгунга қадар ота-она китоб ўқиб берган бўлса, уларда алифбони ўзлаштириш осон кечади ва китобга бўлган қизиқиш юз фоизга ошса, ўз ҳолига ташлаб қўйилган чоғда эса (тўртинчи синфга келиб) болада китобга бўлган қизиқиш эллик фоизга камайиб кетади. Яна шу насани эсдан чиқармаслигимиз керакки, болада ўқишига бепарво бўлган, ҳар қадамда тергайверадиган ота-онага нисбатан китоб ўқиб берадиган, чиройли насиҳатлар қиладиган ота-онага кўпроқ меҳр пайдо бўлади. Яна бир ҳақиқат шундаки, боласининг айтганини қиладиган ота-она охир-оқибат қайғуга гирифтор бўлса, ота-онасининг айтганини қиладиган бола саодатга эришади. 

Ўқувчининг тартиб-интизомли бўлиб юришида мактаб формасининг алоҳида ўрни бор. Бош­ланғич синф ўқувчилари мактаб­га формада боришни ёқтирадилар. Юқори синф ўқувчилари эса ўзбошимчалик билан кўча кийимини кийишга иштиёқманд бўладилар. Бироқ, гарчи таълимда махсус форма жорий қилинмаган бўлса-да, мактабда умумий талаблар барча учун мажбурий этиб белгиланган. Масалан, кийимлар ўта тор ёки ўта кенг бўлмаслиги, қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан камида 5–15 см. пастда бўлиши, ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши талаб этилади. Ушбу талаб­ларнинг бузилиши таълим-тарбиянинг издан чиқишига омил бўлади. Бир сўз билан айтганда, модага берилган ўқувчида ўқишга қизиқиш сусаяди. Бундай салбий кўринишларга ота-оналар асло йўл қўймаслиги керак. 

Муқаддас таълим даргоҳида ўн бир йил ўқиб, тарбия олган йигит-қизлар учирма бўлганларидан сўнг ҳаммаси ойдинлашади.

Кимлардир олий ўқув юртига кириб, яна ўқишни давом эттиради, кимлардир ўзи севган ҳунарни ўрганишга киришади, кимлардир на у томон, на бу томонни эплолмай аросатда қолади. Ва ҳар бир ҳолат учун охир-оқибат ўқитувчига баҳо берилади. Менга бугунги кунда жиноят кўчасига кириб қолган қаллоблар, фирибгарлар, қотиллар, жамият мулкини талон-торож қилаётганлар, халқ манфаатидан ўз манфаатини ус­тун қўяётганлар, пора олмаса куни ўтмайдиганлар кимларнинг фарзанди-ю, қайси мактабда таълим олган экан, деган ўй тинч­лик бермайди. Наҳотки, ота-оналар ўз фарзандларининг жирканч ишларидан бехабар бўлсалар? Наҳотки, ўн бир йил таълим-тарбия берган устозлар шогирдлари келажакда жиноят кўчасига кириб кетишини сезмаган бўлсалар? Бу каби мураккаб саволларга қаердан, қандай жавоб топиш мумкин? Бугунги ҳаётда нима устун? Иқтисодми, сиё­сатми? Моддий бойликми, маънавий бойликми? Ватан тақдири ишониб топширилаётган ёшлар Ватан ҳақида ўйлаяптиларми? Бу каби саволларнинг чеки йўқ. Лекин жавоб-чи? Жавоб борми? 

Ижтимоий тармоқда берилган қуйидаги воқеани ўқиб, юқоридаги саволларга жавоб топгандай бўлдим. Бир мактаб директори ишга олаётган ҳар бир ўқитувчи ходимига шу хатни жўнатган экан:

“Ҳурматли ўқитувчи!

Мен концлагердан омон қолганман. Кўзларим ҳеч бир инсон кўрмаслиги керак бўлган воқеаларнинг гувоҳи бўлди:

– олимлар ва муҳандислар қандай қилиб газ камераларини қураётганини; 

– тажрибали шифокорлар болаларни қандай заҳарлаётганини; 

– малакали ҳамширалар чақалоқларни қандай ўлдиришаётганини; 

– олий ўқув юртлари битирувчилари болалар ва аёлларни отиб, олов ёқиб ўлдираётганини… 

Шунинг учун мен таълимга ишонмайман. Сиздан ягона илтимосим – ўқувчилар, энг аввало, инсон бўлиб етишишига ёрдам беринг. Сизнинг меҳнатларингиз самараси ҳеч қачон билимли йиртқичлар, зеҳни ўткир жаллодлар ва ўқимишли Эйхманлар (Отто Адольф Эйхман (1906-1962) – иккинчи жаҳон уруши даврида миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган газ камераларининг яратувчиси сифатида тарихда қолган жаллод. – таҳр.) пайдо бўлишига олиб келмаслиги керак. Ўқиш, ёзиш, математика каби фанлар фарзандларимиз ИНСОН бўлиб етишишига ёрдам берсагина муҳим аҳамиятга эга бўлади”. 

Сочига эрта оқ оралаган ўқитувчи зиммасида таълимдан кўра тарбия бериш муҳим эканини ҳис этиб яшайди. Лекин унинг зиммасида таълим-тарбиядан ҳам муҳимроқ вазифалар кўп. У ҳали ҳам қоғозга кўмилиб яшайди: ўқувчилар ҳақидаги турли маълумотномаларни тўлдириш, танловда қатнашадиган ўқувчини олиб бориб келиш, озодаликка жавоб бериш, жанжаллашган ўқувчиларни муҳокама қилиш, синдирилган жиҳозларни, ойналарни ўрнига келтириш, дарсга қатнашмаган, келмаган боланинг уйига бориш, таътил пайтида бирор кор-ҳол бўлса, устидан қилинган шикоятларга жавоб бериш, мактабни битириб кетган ўқувчиси келажаги учун жавоб бериш, ўқишга кирдими, кирмадими, ишга жойлашдими, уйландими, турмушга чиқдими, деган саволларга жавоб топиши керак бўлади. Аслида бу ишларнинг аксарияти ота-оналарнинг вазифасига кирмайдими?.. 

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, мактабларимизда жаранглайдиган биринчи қўнғироқ арафасида бир ҳақиқатни асло унутмайлик: Ота-она фарзандини биринчи синфга қай ҳолатда кузатиб қўйган бўлса, ўн биринчи синфни битиргунга қадар кузатувни шундай давом эттириши, заҳматкаш устозларга юксак ҳурматда бўлиши шарт!

Муҳиддин ОМАД,

журналист

Tegishli xabarlar

Бухоро томонларда муаммолар ижобий ечим топмоқда

admin

Сайловчилар хоҳиш-иродаси замон талаби

admin

ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ВАЗИФАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

admin