ADOLAT 24

Маҳаллий Кенгашлар фаолияти: Аҳоли мурожаатлари қаноатлантирилмоқда

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар муаммоларини ўрганиб, уларга ижобий ечим топишда фаоллик кўрсатишмоқда. Депутатлик гуруҳи томонидан мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган бир қатор партия лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Депутатлар ҳар бир мурожаатга эътибор қаратиб, муаммоларга ўз вақтида ечим топилишига эришмоқдалар. Жумладан, депутатлик гуруҳи томонидан шу вақтга қадар 22 та депутатлик сўрови чиқарилиб, барчасига ижобий ечим топилишига эришилди. Оғзаки мурожаатлар бўйича ҳам бир қатор муаммолар ўз ечимини топди. Жумладан, иш билан бандлик, тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар, моддий ёрдам, сув, газ масаласи, транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини чеклаш каби турли масалалар бўйича аҳоли мурожаатлари қаноатлантирилди.

Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шопўлат Шайдуллаевга партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида Қумқўрғон туманидаги “Нурли диёр” МФЙ аҳолиси билан бўлган учрашувда фуқаролардан маҳалладаги табиий газ қувурлари таъмирталаб эканлиги юзасидан мурожаат тушди. Депутат муаммони атроф­лича ўрганди ва “Қумқўрғонтумангаз” таъминоти бошлиғига депутатлик сўрови юборди. Кўп ўтмай маҳалладаги газ қувурлари янгисига алмаштирилди.

 Шунингдек, муаммоларни ўрганиш чоғида депутат томонидан шу маҳалладаги “Гулистон” кўчасидаги чиқинди тўкиш қутилари ҳам яроқсиз ҳолатда эканлиги аниқланди. Депутатимиз тумандаги “Тоза ҳудуд” ДУК раҳбариятига мурожаат қилди. “Тоза ҳудуд” раҳбарияти томонидан муаммо ўрганилди ва маҳалладаги чиқинди тўкиш қутилари янгисига алмаштирилди.

Халқ ноиби тумандаги “Ўзбе­кис­тон” МФЙда муаммоларни ўрганиш чоғида маҳаллада жойлашган 15-умумий ўрта таълим мактабида қўшимча бино қурилиши зарурлиги аниқланди. У мазкур муаммони ҳал этишни сўраб Қумқўрғон туман ҳокимлиги қурилиш ишлари бўйича масъул раҳбариятига депутатлик сўрови юборди. Мазкур депутатлик сўровига жавобда мактаб учун қўшимча бино қуриш ишлари келгуси йил Давлат дас­турига киритилганлиги билдирилди. 

Шунингдек, депутат томонидан мазкур маҳаллада аҳоли билан мулоқот чоғида фуқаролар томонидан ички кўчалар таъмирталаб эканлиги, шунинг учун кўчаларга тош ётқизилиб, асфальт қилиш зарурлиги юзасидан мурожаат бўлди. Депутат ушбу муаммо бўйича Қумқурғон туман “Йўлқурилиш” ДУК раҳбариятига депутатлик сўрови билан чиқди. Айни вақтда маҳалланинг етти километр йўлига тош ётқизиш ишлари бошлаб юборилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рустам Ҳамраев кўмаги билан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида Шўрчи туман “Совуртепа” ва “Қорабоғ” МФЙлар аҳолиси иштирокида ўтказилган учрашувда келиб тушган мурожаатлар асосида маҳалла кўчаларининг ички йўллари асфальт қилинди ҳамда ушбу кўчага тунги чироқлар ўрнатилди 

Депутатга “Қорабоғ” маҳалласи фуқаролари маҳалладаги трансформатор эски эканлиги туфайли электр таъминотида муаммоларга дуч келишаётганлиги бўйи­ча мурожаат қилишди. Депутат мазкур муаммони ўрганиб, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди. Муаммо ҳал этилиб, маҳалладаги трансформатор янгисига алмаштирилди. Шунинг­дек, халқ ноибига “Толли” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро С.Холмуродова яшаш уйи йўқлиги сабабли имтиёзли уй-жой олишига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутат мазкур мурожаатга асосан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Депутатлик сўровига асосан фуқаро С.Холмуродова жорий йил октябрь ойида фойдаланишга топшириладиган янги қурилаётган уйлар учун рўйхатга киритилиб, имтиёзли уй билан таъминланадиган бўлди.

Шунингдек, депутатимиз тумандаги “Гулистон” МФЙда аҳоли билан ўтказган юзма-юз мулоқотда маҳаллада болалар боғчасига эҳтиёж борлиги бўйича мурожаатлар бўлган эди. У мазкур масалани ўрганиб чиқиб, Шўрчи туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Туман ҳокимлиги мутасаддилари депутатлик сўровига асосан маҳаллага ташриф буюришиб, аҳоли билан суҳбатда бўлишди. Улар мазкур масала ижобий ҳал этилишини, мактабгача таълим муассасаси қурилиши учун ҳудуд ажратилганлиги ва лойиҳалаштирилганлигини, қурилиш ишлари бошланиш арафасида эканлигини билдиришди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рустам Раҳмонов томонидан тумандаги тиббиёт бирлашмаси фаолиятини ўрганиш чоғида бирлашмадаги ичимлик суви қувурлари яроқсиз эканлиги юзасидан шикоят бўлди. У тумандаги “Сув­оқова” корхонаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди. Айни кунда тиббиёт бирлашмасидаги эски сув қувурлари янгисига алмаштирилиб, бирлашмага яна тоза ичимлик суви кела бошлади.

Депутат тумандаги “Шаҳри нав” маҳалласида ўтказган юзма-юз мулоқотда маҳалла фуқаролари ички ва туман марказига олиб борувчи йўллар таъмирталаб­лигини билдиришганди. Унинг ташаббуси билан туман “Йўлқурилиш” давлат унитар корхонаси томонидан мазкур йўлларнинг етти километрига тош ётқизилиб, асфальт қилинди.

Депутатлар томонидан сайловчиларга бўлган эътибор партия фаолиятига бўлган ишончни мус­таҳкамлайди. Шу билан бир қаторда халқни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топиб, инсонлар мушкули енгиллашади. Шундай экан, депутатлик гуруҳи аъзолари халқ манфаати йўлида амалий ишларни тизимли йўлга қўйган ҳолда ўз фаолиятини янада самарали давом эттириши ижобий самаралар келтириши шубҳасиз.

Гулшод Турсоатова,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

**

Мурожаатчига ёрдам берилди

Депутат – халқ вакили. У фуқароларни ўйлантириб турган ҳар қандай муаммо борки, уларнинг барчасини ўз вақтида, ваколати доирасида ҳал этиши, кўтарилаётган масалалар кўлами қандай бўлишидан қатъи назар, масъулият билан ёндашиб, муносиб ечим топиши даркор. “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рустам Ҳайитов ҳам халқнинг ишончли вакили сифатида доимо аҳоли орасида бўлиб, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилиб келишмоқда. 

Навоий шаҳридаги “Тинчлик” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Гулшад Туксанова ҳаётида юзага келаётган бир қатор муаммоларни бартараф этиш борасида амалий ёрдам сўраб мурожаат этганидан сўнг, депутат муаммони жойига чиқиб ўрганиш ва зарур чораларни кўриш мақсадида мурожаатчининг хонадонида бўлди. 

Фуқаро Гулшад Туксанова 2022 йили турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг, боқувчисини йўқотган ёлғиз она сифатида маҳалла рўйхатига киритилган. Унинг вояга етмаган фарзанди бор. Устига-устак ишсиз. Давлат томонидан боқувчисини йўқотганлик учун тайинланган нафақа миқдори бор-йўғи 863 000 сўмни ташкил этиб, бутун рўзғор шу пулга қараб қолган. Боқувчисиз ва ишсиз оила аъзоларининг нафақа пулидан бошқа моддий таъминоти йўқ. Бундай вазиятдан чиқиш йўлини тополмай танг аҳволга тушиб қолган Гулшад Туксанова депутат кўмагига умид боғлаган.

Депутат мазкур хонадонда бўлиб, мурожаатчининг яшаш шароити билан яқиндан танишгач, ёлғиз, боқувчисиз, ижтимоий кўмакка муҳтож аёл нега шу кунга қадар маҳалла масъуллари эътиборидан четда қолгани билан қизиқди. У вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, фуқаро Гулшад Туксанованинг 2022 йилда вафот этган турмуш ўртоғи учун тайинланган нафақа пули миқдори нима сабабдан шу кунга қадар оширилмаганлиги юзасидан вилоят Пенсия жамғармасига депутатлик сўрови юборди.

Шунингдек, Навоий шаҳридаги “Тинчлик” МФЙ томонидан Гулшад Туксановага бир марталик моддий ёрдам берилмаётганлиги ҳамда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган яшаш хонадонини таъмирлаб беришда кўмаклашиш борасида халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашига хат юборилди.

“Қўлдан берганга қуш тўймас”, дейди халқимиз. Гулшад Туксанованинг ўзи ҳам ишсиз, фақат ажратилган нафақага кун кўриш истагидан йироқ. Ишласам, ҳалол меҳнатим билан фарзандимни камолга етказсам, дейди. Мурожаатчининг истагини инобатга олган ҳолда депутат Рустам Ҳайитов Навоий шаҳри, “Тинчлик” МФЙ ҳудудидаги “Ўзбекистон темирйўллар” АЖга қарашли “Тинч­лик” локомотив депосига Гулшад Туксанованинг ишга жойлаштиришда амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат йўллади.

Эндиликда Гулшад Туксанованинг бошқа мурожаатларини ижобий ҳал этиш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Навоий вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ЯНГИЛАНГАН КОНСТИТУЦИЯ —  учинчи ренессанснинг ҳуқуқий пойдевори

admin

Фуқароларнинг шикоят қилиш имкониятлари кенгаймоқда

admin

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

admin