ADOLAT 24

Инсон қадри улуғланаётган юрт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси давлат мус­тақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури тасдиқланди. Бу йил Ўзбекистон мустақиллик йўлини танлаганига 32 йил тўлиши билан тарих зарварақларига муҳрланади. Шундай дориламон кунларда яшаётганимизга шукроналар айтиш, мустақилликнинг қадрига етиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Бугунги мусаффо осмонимиз, дунё ҳамжамиятида ўзимизга хос мавқега эга бўлишимиз, энг асосийси, ўзимизнинг она тилимизда эмин-эркин сўзлаб, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилашимиз, кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримизнинг қайта тикланиши мустақилликнинг энг катта инъомларидан биридир десак, муболаға бўлмайди.

Истиқлол йилларида иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, умуман, барча соҳаларда, айниқса, охирги беш йилликда мамлакат тараққиёти, халқ манфаати йўлида олиб борилган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Aлбатта, бундай ютуқларга эришишимизнинг асосий сабаби барча ислоҳотлар замирида халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши кераклиги, одамларнинг эртага эмас, бугун яхши яшаши муҳимлиги бош шиор этиб олинганидир. Энг асосийси, халқимиз ижобий ўзгаришларни ўз ҳаётларида ҳис қила бошлади ва шу сабабдан давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда ягона мақсад йўлида муштарак бўлиб одимлашда давом этмоқда.

Инсон учун ҳамиша унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларидан муҳим қадрият бўлмаган. Мамлакатимизда айнан бу борада кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, бир неча йиллар муқаддам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати халқаро ҳамжамият ва ташкилотлар томонидан танқидга олинар, бу нафақат юртимиз нуфузига, балки мамлакатимиз иқтисодий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди.

Таъкидлаш лозим, мазкур йўналиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, энг аввало, Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, инсон ҳуқуқлари бўйича фаолият олиб борадиган ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда мазкур соҳада халқаро ҳужжатлар меъёрларини миллий қонунчиликка босқичма-босқич имплементация қилинаётгани ўз мевасини бера бошлади.

Тарих зарварақларига муҳрланаётган сўнгги етти йил мамлакатимизда кўпгина жабҳалар қаторида сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам жуда самарали йил бўлди.

Дадил айтишимиз мумкин, бугун матбуотда бирон-бир чеклов йўқ. Aксинча, сўз эркинлигини таъминлаш, қўллаб-қувватлаш борасида янгидан-янги имкониятлар яратиб берилмоқда. Aйниқса, электрон оммавий ахборот воситалари, сайтлар, телеграм каналлари шиддат билан ривожланмоқда. 

Оммавий ахборот воситалари бугунги реал воқеликларни очиқ-ойдин ёритиш билан чекланиб қолмасдан, истиқболда нималар кутаётганини яққол тасаввур қилишимизга ҳам кўмаклашмоқда ва эртанги кунга ишончимизни янада мус­таҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Юқорида санаб ўтилган эътирофлар биргина соҳада эришилган ютуқларнинг бир қисми, холос. Бошқа соҳаларда эришилган ва эришилаётган муваффақиятлар ҳақида Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида узоқ гапириш мумкин. Энг муҳими, халқимиз ислоҳотлар натижаларини ўтаётган ҳар бир кунида ҳис қилиб, тинч ва осойишта ҳаётига шукрона келтириб яшамоқда. Зеро, бош мақсад одамларни рози қилишдир.

Tegishli xabarlar

ҲОКИМ СЕКТОРИДА АҲВОЛ ШУНДАЙ БЎЛСА…

admin

ЎЗБЕКИСТОН ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРИГА

admin

ЗУМЕРЛАР – янги авлод вакиллари

admin