ADOLAT 24

БАРЧАСИ УЧУН СИЗГА ТАШАККУР! (Дил изҳори)

Ҳаёт инсонни қандай синовлардан ўтказади, буни ҳеч ким олдиндан билмайди. Мен ҳам болалигимданоқ тақдирнинг аччиқ зарбаларига дуч келдим. Бошқа тенгдошларим сингари болаликнинг беғубор, беғам, беташвиш лаҳзаларидан завқланиш ўрнига етимликнинг аччиқ қисматини бошимдан ўтказдим, буни фақат ҳаётда шундай яшаб кўрганларгина ҳис эта олади… 

Ҳозир бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Мен оч ёки кўчада қолганим йўқ: меҳрибон ва адолатпарвар мамлакатда туғилганимга шукр қиламан, яхшилар шарофати билан 2008 йилдан 2015 йилгача Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияландим. У ерда яшашим, ўқишим учун ҳамма имкониятлар мавжуд эди, аммо… Бола учун энг зарури – ота-она меҳрини топа олмас эдим. 

Қуёш эрта тонгданоқ заррин нурларини олам узра соча бошлар экан, у инсон ҳаётининг янги саҳифаси очилаётганидан дарак беради, ўтаётган кунлар ойларга, йилларга уланаверади. Мақсадсиз, маслаксиз яшаётган кунларнинг бирида 3-4 нафар тақдирдош дўстларим билан Фарғона вилоятидаги саноат касб-ҳунар коллежининг механика йўналишига ўқишга кирдик. Тўғри, мен ўқишни коллежда давом эттира бошладим, аммо бу мақсад сари дадил қадам ёки орзулар сари элтаётган йўл эмас эди, яшашни давом эттириш сари ҳаракат эди, холос… Балки қоринни тўйдириш ғамида ўғирлик, каззоблик сари кетаётгандай эдим. Чунки қалбимда на бир ният, на бир аниқ режа йўқ, фақат бўшлиқ бор эди. 

2017 йилда Президент Халқ қабулхонаси ташкил этилгани, биз унга мурожаат қилсак, моддий таъминотга эга бўлишимиз мумкинлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, Фарғона вилояти Халқ қабулхонасига бордик. Қабулхона раҳбари Робахон Махмудова биз билан узоқ суҳбатлашди, келгуси режаларимиз ҳақида сўраб-суриштирди, муаммоларимизни тинглади. На ота-онаси, на уй-жойи бўлмаган ўсмирнинг қандай режаси бўлиши мумкин? Дилимиздаги фикрларимизни уққандай у киши ўзимизни ҳеч кимга кераксиздай ҳис қилмаслигимизни, ортимизда биз суянадиган Ватанимиз борлигини, бизни асло ёлғиз қолдирмаслигини, олдимизда ёрқин келажак кутаётганини такрор-так­рор уқтирдилар ва қилажак ишимиз, юражак йўлимиз ҳақида маслаҳат, йўл-йўриқ кўрсатдилар. Шунда қалбимизда, йўлимизда “йилт” этган нур жилолангандек бўлди. Шундан сўнг Халқ қабулхонасига тез-тез келиб турадиган бўлдик. Ҳақиқатан ҳам, Робахон опа бизларни ўз назоратига олдилар, соатлаб суҳбатлашар, ҳаттоки эртанги кунни нимадан бошлашимизгача йўналтирар эдилар. 

Бизларнинг ҳар биримизга Фарғона шаҳридан 2 хонали уй берилишини эшитганимизда, тўғриси, ишонмадик. Аммо бизга Фарғона вилоят ҳокими билан Робахон опа янги жиҳозларию кўрпа-тўшагигача, барча зарур нарсалари билан таъминланган янги уй калитини топширишганида кўз ёшларимизни тия олмадик, шундай юртда туғилганимиз учун шукроналар айтдик, негаки, энди бизнинг ўз уйимиз бор эди! 

Шу-шу Халқ қабулхонасининг Фар­ғона вилоят бўлими менга қадрдон бўлиб қолди, бошқа дўстларимдан ҳам кўра мен кўпроқ бу даргоҳга борардим. Робахон опа биз билан соатлаб суҳбатлашар, айниқса, менга меҳрлари бўлакча эди. Мен ҳам бўш вақтим бўлди дегунча худди янги оилам, ҳатто онамни топгандай бу даргоҳга талпинар эдим. Робахон опа мен учун маслаҳатгўйим, йўл кўрсатувчи маёқ каби эдилар, мен у аёлни онамдек яхши кўриб қолдим. Болалиги меҳрибонлик уйида ўтган, келажаги номаълум мен каби ўсмирни ҳаёт Робахон опа билан учраштирмагунича олдимга қўйган бирорта мақсадим йўқ эди ва шу билан бирга, энг даҳшатлиси, мен она меҳри нималигини билмас эдим. Меҳр кўрмаган инсонда меҳр бўлмаслиги ҳаётий ҳақиқат.

Мен қалбимнинг амри ва у кишининг рухсати билан Робахон опани она деб атай бош­ладим! Чунки илк бор у кишида оналик тафти, муҳаббати, меҳрини ҳис қила бош­лаган эдим. Онажоним мен билан ҳар куни учрашар, ўқиш жойимга, уйимга келар, инсон ҳаётда катта мақсадлар билан яшаши кераклигини ва ҳамиша юқори чўққиларга интилиши лозимлигини так­рорлар, шундагина муваффақиятга эришиши мумкинлигини уқтирар эди. У кишининг маслаҳатларига асосан спорт билан шуғулландим, уларнинг тавсияси, ёрдами билан ўқишга жиддий тайёргарлик кўрдим. Менинг ҳар бир куним, ҳатто ҳар соатим онам назоратида эди. Шундай инсонни она демай бўладими?!

Онам кўрсатган йўлдан оғишмай юрар эканман, уларнинг ўткир нигоҳлари олдиндан кўра олган келажак бўй кўрсата бошлади, меҳнатларим ўз самарасини бериб, Ўзбекистон Респуб­ликаси Қуролли кучлари академиясига ўқишга киришга муваффақ бўлдим. Онажоним тақдирнинг бебаҳо туҳфаси бўлгани каби, бу хушхабар ҳам мен учун ҳаётнинг юксак мукофоти эди. Аммо ҳали олдинда янада машаққатли ва юксак марраларни забт этиш, бунинг учун мус­таҳкам ирода керак эди. Шунда менга яна онажоним ёрдамга келдилар: курсантликнинг машаққатларига сабрим етмаганида, қийналиб ўқиб юрган пайт­ларим онажоним деярли ҳар куни олдимга келиб, “Сиз бўлғуси ҳарбийсиз! Олдингизда учраган ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишингиз керак! Ҳаттоки сафдош­ларингиздан бир қадам олдинда бўлишга интилинг! Шундагина мақсадингизга етасиз – Ватан ҳимоячиси бўла оласиз!” деб мени руҳлантирар эдилар. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳар куни кечки пайт ота-она­сиз, ўзидан бошқа яқин инсони бўлмаган, бахт­ли ҳаётни тасаввур ҳам қила олмайдиган мен каби бир йигитнинг ҳолидан хабар олиб турдилар. Шунда мен ёлғиз эмаслигимни, кимгадир керак эканимни ҳис қила бошладим, бу эса менга битмас-туганмас куч ато этди. Онам хонадонларига олиб бориб, ака-опам билан таништирдилар ва улар менинг суянчиғимга айланишди. Бу хонадон менинг бир умрлик, ҳамиша, ҳар қандай шароитда бош уриб бора оладиган муқаддас даргоҳимга айланди. Шунда мен оила муқаддаслигини, яқинларинг борлиги сенга қуд­ратли куч бахш этишини англаб етдим. Робахон Махмудовани онамдек яхши кўриб қолдим.

Бир куни академия бошлиғи ҳар бир курсант ота-онаси билан бирга тушган расмини олиб келиши кераклигини айтди. Ҳар бир курсдошим уйига шошилди. Мен эса Фарғона вилояти Халқ қабулхонасига бордим. У ерда ишлайдиган ходимлар ва онажоним Робахон Махмудова билан расмга тушдим. Топшириққа асосан расмни академияда ўзим яшайдиган хонага қўйиб қўйдим. Ҳар куни эрта тонгда уйқудан уйғониб, янги кунни қаршилаётганимда онажоним расмларини кўраман ва улар билан дилдан суҳбатлашиб, бугунги кунимни аъло даражада ўтказишга сўз бераман, кечқурун эса куним қандай ўтганлиги ҳақида сўзлаб бераман гўё. Бу менга мислсиз меҳр ва куч бахш этарди ва ўша куним кўтаринки руҳда ўтарди. 

Шундай қилиб, академияни аъло баҳоларга тугалладим. Битирув тадбирида онажоним бир қучоқ гул билан келдилар. Мен эса қатьий иродали, тоб­ланган, Ватан ҳимоясига тайёр лейтенант унвонидаги фарзанд сифатида ёруғ юз билан онажонимга пешвоз чиқдим ва қучоғига отилдим! Буларнинг барчаси онажоним туфайли эди!

Онажонимнинг ўзлари бош-қош бўлиб мени севган қизимга уйлантирдилар, тўйимизга юртимизнинг боабрў кишилари меҳмон бўлиб келишди. Мен каби она меҳрини кўрмай улғайган йигит учун буларнинг ҳаммаси гўёки ширин туш эди… 

Шу билан катта масъулият ҳисси ҳам эди.

Мен онажонимда доимо сабр ва меҳрни, интилувчанликни, ҳар бир ишни ўз вақтида ва ўйлаб, чуқур мулоҳаза билан, натижасига ишонч ҳосил қилиб, режали тарзда бажариш каби хис­латларни кўраман, уларни ўзимда шакллантиришга ҳаракат қиламан. Кеча келажаги мавҳум, яшашдан мақсадини англай олмаган, ишонч­сиз, суянчсиз, ҳаётда ёлғиз мен каби йигит бугунги кунда Фарғона вилояти миллий гвардияси Қўриқлаш бошқармасида фаолият олиб бормоқдаман. Ишонч билан айта оламанки, ўз вазифамни астойдил бажараяпман, мус­тақил, қатъий, мус­таҳкам, тошдек метин ирода эгасиман. Хонадонимдан кўнглим хотиржам, бахтиёр оилам бор. Ҳаётда ўз ўрнимни топдим, адашмадим, мен тўғри йўлдаман, деб бемалол айта оламан. Буларнинг барчаси учун онажонимдан, Ватанимдан, Яратгандан миннатдорман! 

Мўминжон ШЕРМАТОВ,

Фарғона вилояти миллий гвардияси 

Қўриқлаш бошқармаси ходими

Tegishli xabarlar

ФАОЛ ВА ФИДОЙИ ДЕПУТАТЛАР ХОВОСДА

admin

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ: ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ХОС СИЁСИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУҲИТДА, МИЛЛИЙ ҲАМДА ХАЛҚАРО ҚОНУНЧИЛИК  ТАЛАБЛАРИГА МОС РАВИШДА ЎТКАЗИЛДИ 

admin

Римда пиширилган палов

admin