ADOLAT 24

Муаммолар ҳал этилмоқда

Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли муаммоларини ўрганиб, уларга ижобий ечим топишда фаоллик кўрсатишмоқда. Депутатлик гуруҳи томонидан дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган бир қатор партия лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Депутатлар ҳар бир мурожаатга эътиборни қаратиб, муаммоларга ўз вақтида ечим топилишига эришмоқдалар. Жумладан, депутатлик гуруҳи раҳбари Чори Нормўминов партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида тумандаги “Қиш­лоққозон” МФЙда аҳоли хонадонларида бўлиб, фуқароларнинг мурожаатларини тинглади. Мулоқотлар давомида бир гуруҳ фуқаролар маҳалладаги “Ўзбекис­тон” ва “Амир Темур” кўчалари абгор аҳволда эканлиги тўғрисида мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўради. Муаммони атроф­лича ўрганиб чиққан депутат туман Ободонлаштириш бош­қармаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди. Депутатлик сўровига ижобий жавоб қайтарилди. Айни пайтда мазкур кўчаларга шағал тўкилиб, асфальт ишлари якунланмоқда.

Депутатлик гуруҳи аъзоси Исҳоқ Тожиев тумандаги “Гулобод” МФЙда сайловчилар билан учрашув ўтказди. Аҳоли томонидан кўплаб мурожаатлар бўлди. Ана шулардан бири маҳаллада трансформатор кам кучланишли эканлиги сабабли аҳоли хонадонларига электр энергиясини меъёрида етказиб бера олмаётганлиги, янгисига алмаштириш зарурлиги ҳақида бўлди. Депутат муаммони ўрганиб чиқиб, туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди. Корхона раҳбарияти томонидан мазкур депутатлик сўрови ўрганилиб, “Гулобод” маҳалласига янги трансформатор ўрнатилиб берилди.

Шунингдек, депутат Исҳоқ Тожиев томонидан “Гулобод” МФЙда ўрганишлар олиб бориш чоғида маҳалладаги ичимлик суви қувурларининг яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқланди. Депутат аралашуви билан маҳаллада ичимлик суви қувурлари янгисига алмаштирилди.

Депутатлик гуруҳининг яна бир аъзоси Саитмурод Аннаматовнинг фаолияти ҳам эътиборга сазовор. Депутат томонидан тумандаги “Қорасув” МФЙдаги ўрганишлар чоғида маҳаллада жойлашган 18-умумий ўрта таълим мактабида ўринлар сони камлиги туфайли қўшимча бинолар зарурлиги аниқланди. Мазкур масала юзасидан депутат туман Халқ таълими бўлимига ҳамда туман ҳокимлиги мутасаддиларига мурожаат билан чиқди. Мазкур мурожаатга асосан мутасаддилар томонидан янги мактаб биноси қурилиши лойиҳаси режага киритилди.

Депутат томонидан мазкур маҳаллада бўлиб ўтган мулоқот чоғида фуқаролар электр симёғочлар яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги юзасидан мурожаат қилишди. Депутат муаммо юзасидан туман электр тармоқлари унитар корхонасига мурожаат қилди. Айни кунда маҳалладаги симёғочлар алмаштирилмоқда.

Депутатлик гуруҳининг фаол аъзоларидан бири Шокир Жумаев тумандаги “Кунчиқиш” МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларига бориб, муаммоларни ўрганди. Юзма-юз мулоқотлар чоғида маҳалладан шаҳар марказига чиқиш йўлининг 7 километри таъмирталаб эканлиги хусусида фуқаролар томонидан мурожаатлар бўлди. Депутат томонидан муаммо атрофлича ўрганилди. Натижада мазкур маҳалла “Обод қиш­лоқ” дастурига киритилди. 

– Депутатларнинг маҳаллалар ва чекка қишлоқларда кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли талаб ва эҳтиёжларини ўрганиши, муаммоларини бартараф этиши туфайли ҳудудларда сезиларли жонланиш ва ўзгариш кузатилаётгани кўпчиликни мамнун қилмоқда, – дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Чори Нормўминов. – Бугунги кунда аҳоли, хусусан, сайловчилар билан доимий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятининг устувор йўналишига айланди. Ана шундан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳи йиғилишларида ўрганишлар асносида аниқланган камчилик ва муаммоларни ўрганиб, таҳлил қилиб, навбатдаги кенгаш сессиясида масалалар киритишни мақсад қилганмиз.

Дарҳақиқат, Қизириқ туман кенгаши депутатлик гуруҳи бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, айрим соҳа ва тизимларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар.

Депутатлар томонидан сайловчиларга бўлган эътибор партия фаолиятига бўлган ишончни мус­таҳкамлайди. Шу билан бир қаторда халқни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топиб, инсонлар мушкули енгиллашади. 

Гулшод Турсоатова, 

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Ҳокимларнинг маҳаллий Кенгаш олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлиги кучайтирилади

admin

Биз сувни эмас, авлодлар ризқини исроф қилаяпмиз!

admin

Сабр тўнини кийган устоз

admin