ADOLAT 24

Хорижлик юртдошларимиз Ватан ҳимоясида

Янги таҳрирдаги Конституцияда халқимиз ҳаётининг барча жабҳаларини юксалтириш, фаровон турмушини таъминлаш, мамлакатимизни тараққий этган давлатлар сафидан ўрин олишига эришиши учун қатор чора-тадбирлар, қоидалар, ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган. Айни пайтда янгиланаётган Бош қомусимизда халқимизнинг ажралмас қисми бўлган хориждаги ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни Ўзбекистон фуқаролари сифатида эътироф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ватан ота-она сингари ягона ҳисобланади. Уни танлаш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган. Ўз навбатида, Ватан ҳам ўз фуқароларини қаерда ва қандай ҳолатда яшашидан қатъи назар ҳимоя қилишга қодир бўлиши ниҳоятда муҳимдир.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 23-моддасида давлат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги, давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилиши бўйича ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда.

Шу билан биргаликда, хориждаги ватандошларимиз Янги Ўзбекистонда бу соҳада катта ўзгаришлар содир бўлаётганини эътироф этмоқдалар. 2017 йилда Президентимиз илк маротаба чет элда ишлаётган, ўқиётган ва яшаётган ватандошларимизга эътибор қаратган, натижада Республикамизда “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилган эди. Ўша кундан бошлаб бу соҳада туб ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Фонд ватандошларимизнинг юртимиз билан турли соҳаларда ҳамкорликларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Масалан, Фонд иштирокида биргина 2022 йилда 60 та хорижий давлатларда ватандошларимиз иштирокида юртимизнинг муҳим саналари ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджини янада оширишга қаратилган онлайн ва офлайн маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Хусусан, АҚШ, Россия, Корея, Германия, Швеция, Чехия, Латвия, Қозоғис­тон, Тожикис­тон ва Туркия Республикаси каби кўплаб хорижий мамлакатларда ўтказилган турли маданий-маърифий тадбирлар ватандошларимизни юртимиз билан мустаҳкам алоқа боғлашларида муҳим ўрин тутди.

Хориждаги ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари билан доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Шу асосда Фонд томонидан 199 та ватандошлар жамоат бирлашмалари рўйхати шакл­лантирилиб, уларнинг 60 таси билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Меморандумларга кўра, бугунги кунга қадар, Фонд томонидан хориждаги 20 та ватандош­лар жамоат бирлашмаларига 980 та бадиий адабиётлар, 104 та миллий чолғу асбоблари, 100 дан ортиқ миллий либослар, 100 та ҳунарманд­чилик намуналари етказиб берилди.

Фонд фаолиятидаги муҳим масалалардан яна бири шундан иборатки, 2018 йил хориждаги юртдошларимиз билан алоқалар соҳасида Давлат сиёсатининг концепцияси қабул қилинган эди. Шу асосда республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб, халқаро ҳуқуқ нормалари ва қоидалари асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат миграция­­си жараёнларини тартибга солиш ва хорижда Ўзбекистон фуқаролари банд­лигини ташкил қилиш ва ҳимоя қилиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда Россия Федерацияси ва Жанубий Кореяда Агентлик ўз ваколатхоналарига эга.  

2019 йилда бу соҳада яна бир хайрли иш амалга оширилди. Ўзбекистон Президенти меҳнат миг­рантлари ва уларнинг оилалари учун муносиб турмуш ва иш шароитини яратишга ғамхўрлик қилиш мақсадида “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

2020 йилги пандемия шароитида махсус комиссия ваколатли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 600 мингдан ортиқ юртдошларимиз ҳамда оғир аҳволда қолган 100 мингдан зиёд фуқароларимизга чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари орқали зарур моддий ёрдам берди. Шу билан бирга «Меҳр-5» операцияси натижасида Суриядаги уруш кетаётган «қайноқ нуқталарга» бориб, «Ал-ҳол» лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекис­тонга қайтарилди. Украинадаги оғир аҳвол сабабли юртдошларимиз жанглар бўлаётган нуқталардан жуда оғир шароитда, катта қийинчиликлар билан юртимизга олиб келинди. Уларга республикамизда яшашлари ва таълим олиш­лари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

Шу ўринда айтиш керакки, хориждаги ватандошларимиз ҳам ўз она юртига, ўзларига кўрсатилаётган меҳр-муҳаббатга бефарқ эмас. Масалан, Америка Қўшма Штатларида яшаётган жуда кўп ватандош­ларимиз ўзларининг буюртмаларини Ўзбекистонга юборишмоқда. Бу, албатта, катта ютуқдир. Ёки 2022 йил июндан эътиборан хориждаги нуфузли ОТМда ўқиётган, етакчи компанияларда ишлаётган ўзбекистонлик ёш ватандошларга вазирликлар, идоралар ва ташкилотларда ишлаши учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Эндиликда ёш ватандошлар фаолияти давомида хизмат тураржойлари билан таъминланади, давлат органларида камида 2 йил ишлаган ёш ватандошларга уй-жой учун ипотека кредитининг дастлабки бадали ва фоизларнинг бир қисмини қоп­лашга субсидия берилади. Айни пайтда республикамизда “Ёш ватандошлар реестри” электрон тизими ишга туширилиб, мазкур тизим хориждаги ватандош олимлар, экспертлар ва тадқиқотчилар очиқ рўйхатдан ўтадиган платформага интеграция қилинмоқда. 

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари ва ўзбек диаспораси Афғонис­тонда (1,5 млн.), Россияда (2,3 млн.), Тожикистонда (1,2 млн.), Қирғизис­тонда (964 000), Қозоғис­тонда (638 000), Туркманистонда (500 000), Туркияда (75 000), АҚШда (100 000), Покистонда (70 000) ва бош­­қа мамлакатларда истиқомат қилади. Чет элларда 500 дан ортиқ ўзбек миллий-маданий марказлари фаолият юритмоқда. Бу хориждаги ватандошларимизнинг ниҳоятда катта куч эканлигини кўрсатади.

Бундан шундай хулоса чиқариш мумкин, янги таҳрирдаги Конституциянинг 23-моддасида бел­гиланган ҳуқуқий асослар хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимизни Ватанимиз атрофида янада жипслаштириш, чет элларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам бериш, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш, ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекис­тоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда оммалаштириш каби масалаларнинг янада бардавом бўлишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Буларнинг барчаси хорижлик юртдош­ларимиз Ватан ҳимоясида эканлигини кўрсатади.

 Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХАЛҚАРО АҲАМИЯТГА МОЛИК МУҲИМ ТАШАББУСЛАРНИ ИЛГАРИ СУРДИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ: функциялари, яратилиш тарихи ва моҳияти

admin

Янги кун, янги мавсум, янги ҳаёт нафаси

admin