ADOLAT 24

Адолатли жамият учун овоз берамиз

Жорий йилнинг 26 апрель куни пойтахтимиздаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида “Адолат” СДП томонидан референдумолди тарғибот тадбирлари доирасида “Адолатли жамият учун овоз берамсиз?!” шиори остида кенг кўламли тарғибот тадбири ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия раҳбарияти ҳамда Марказий аппарат масъул ходимлари, “Ёшлар парламенти”, “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” аъзо­лари, партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети талабалари, фаол ёшлар, пойтахтимиз меҳмонлари, кўплаб эл суйган санъаткорлар, сўз усталари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирни партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов кириш сўзи билан очиб берди. 

Партия етакчиси конституциявий ислоҳотларнинг аҳамиятига тўхталар экан, янгиланаётган Бош қомусимизда халқимизнинг фикри, хоҳиш-иродаси, барча тоифаларнинг — ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганини таъкидлади.  

Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамиятини аҳолининг барча қатлами, хусусан, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали жамиятда ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш, фаол фуқаровий позицияни ошириш, “Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг референдумга қўйилиши олдидан унга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини самарали тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган тадбир жараёнида депутатлар, партия фаоллари, соҳа мутахассислари томонидан конституциявий ислоҳотлар, референдум ўтказиш тартиби, унда иштирок этиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

– Конституциявий қонун лойи­ҳасини шакллантириш доирасида фуқароларимиздан 200 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган бўлса, уларнинг 3 мингдан ортиғи бевосита “Адолат” социал-демократик партия­си аъзоларига тегишлидир. Таклифларимизнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди. Жумладан, лойиҳага “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган муҳим термин киритилди. Бугунги ўтказилаётган тадбирларда ҳам Янги Ўзбекистон учун янгиланаётган Конституция ҳаётий зарурат ва адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлиб, юртимизда олиб борилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларнинг мус­таҳкам конституциявий ҳимоясини таъминлаши қайд этилди, – дейди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов. 

Шунингдек, тадбирда сўз олганлар Бош қомусимизнинг мамлакатимиз ҳаётида тутган ўрни, унга киритилаётган янги қўшимчалар ва ўзгаришлар халқимизнинг турмуш тарзи фаровонлигига, ёшларнинг порлоқ келажагига хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

– Бугун ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкинки, инсонларнинг ҳуқуқи ва эркинликлари, шахсий дахлсизликлари ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизда қатъий мустаҳкамланмоқда. Чунки ҳар бир инсон мамлакатимизда эркин ва фаровон яшаши керак. Бугунги тадбирда ҳам гувоҳи бўляп­мизки, халқимиз юқори кайфият билан 30 апрель куни Ўзбекистон Рес­публикасининг янги Конституцияси учун, мамлакатимизнинг тинчлиги учун, адолатли жамият ва қонун устуворлиги учун овоз берамиз, деб баралла айтишмоқда, – деди тадбирда сўз олган партия Сиё­сий Кенгаши раиси ўринбосари Абду­камол Рахмонов.

Дарҳақиқат, партия ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбир нафақат тарғибот, балки аҳолимиз учун юқори кайфият манбаига ҳам айланиб улгурди. Сабаби, тадбир дастуридан ўрин олган элимиз суйган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури пойтахтликлар ва шаҳримиз меҳмонлари, айниқса, талаба-ёшлар, қолаверса, ишдан кейин фарзандлари билан сайр қилаётган ота-оналар учун маданий ҳордиқ борасида ҳам айни муддао бўлди.

– Тадбирда аҳолимиз янги таҳрирдаги Конституция лойи­ҳаси билан таништирилди, референдумда иштирок этиш тартиби тўғрисида маълумотлар берилди. Юртимизнинг келажаги ёшлар деганларидек, тадбирда кўп сонли ёшлар иштирок этди. Бундан кўришимиз мумкинки, ҳар бир ёш давлатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бефарқ эмас. Ёшларимиз янги Конституцияда ўзлари учун алоҳида бобнинг киритилиши ва турли соҳаларда ривожланишлари учун имкониятлар, шарт-шароитлар яратилишидан жуда мамнун. Ўйлайманки, ушбу тадбир орқали аҳолимиз ўз вақтларини мазмунли ўтказишди, – дея фикр билдирди Ёшлар парламенти аъзоси Зуҳра Тоғаймуродова.

– Асосий қонун лойиҳасида ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилиятларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Дарҳақиқат, ёшларнинг ҳуқуқлари, уларнинг фаолият юритиши учун давлат томонидан шарт шароитлар яратилаётгани ёшларни янада руҳлантиради. Фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилмоқда. Маълумки, 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун эса 5 баравар кўпайди. Янги таҳрирдаги Конс­титуция лойиҳасида илк маротаба олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар киритилаяпти. Конс­титуцияда шу каби нормалар белгиланиши ёшларнинг замонавий мутахассисликларни эгаллаши, олий маълумотли бўлиши, таълим тизими барқарор ривож­ланиши учун шароит яратади, – дея ўз фикрини билдирди Ёшлар парламенти аъзоси Додар Долмуродова.

Тадбир жараёнида иштирокчилар депутатлар, партия фаоллари, илғор ёшлар ҳамда санъаткорлар томонидан 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга бефарқ бўлмасдан, сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга чақирилди.

Партия томонидан шу каби тарғибот тадбирлари республикамиз ҳудудлари бўйлаб давом этмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Интеллектуал етук аёл – жамият таянчи

admin

ДЕПУТАТ – ЭЛ КЎМАКДОШИ

admin

ТАЛОНЧИЛар тумшуғидан илинди

admin