ADOLAT 24

Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқдир

Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёни мавжуд ҳуқуқий базани, айнан Асосий қонунимизни тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этгани ҳеч кимга сир эмас.

“Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак”, деган ғоя лойи­ҳани ишлаб чиқишда асосий мезон вазифасини ўтади. Пировардида эса аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди ва муҳими, уларнинг аксарияти қонун лойиҳасидан ўрин эгаллади.

Умумхалқ референдумига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда, аввало, ҳуқуқшунослар, олимлар, мутахассислар, экспертлар, муҳими, бутун халқимиз ижодий тафаккурининг бебаҳо маҳсули сифатида яратилган Конституциявий қонуннинг энг асосий жиҳатларига яна бир бор эътибор қаратишни ўринли, деб билдик. 

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойили мустаҳкамланаётганлигини алоҳида қайд этиш зарур.

Бош қомусда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробарга кўпайтирилиб, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятлари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилашда инсоннинг муносиб яшашини таъминлаш ҳисобга олиниши, кафолатланган тиббий ёрдам, давлат таълимнинг барча шаклларига ғамхўрлик қилиши ва ўқитувчи мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Маълумки, давлатларнинг доимий дўстликка асосланган муносабатини ривожлантириш ҳамда жаҳон ва минтақа даражасида тинч­ликни таъминлаш халқаро муносабатларнинг долзарб масалаларидан саналади. Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши қатъий белгиланаётганлигини таъкидлаш зарур.

Қайд этиш жоизки, тинчликсевар сиёсат деганда, давлатларнинг сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий тизимлари ва уларнинг ривожланиш даражасидан қатъи назар, эркинлик, тенглик, адолат ва инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, давлатлар ва халқлар ўртасида тинчликни мустаҳкамлаш тушунилади.

Лойиҳанинг 21-моддасида “Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас”, деган норманинг мустаҳкамланаётгани ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур норма жисмоний ва юридик шахслар учун фақат Конституция ва қонунчилик ҳужжатларида мажбурий этиб белгиланганидан ташқари, бош­қа бирор-бир мажбуриятни бажаришга бурч­ли эмаслигини, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳам уларга қўшимча мажбуриятларни юклаш ваколатига эга эмаслигини англатади.

Бу эса амалиётда айрим ҳолатларда учраб турадиган, бирор-бир қонунда кўрсатилмаган мажбуриятни ёки қандайдир вазифани (масалан, жамоат ишларига жалб қилиш, иш вақтидан ташқари ёки дам олиш кунлари ишлаш) ташкилот раҳбари томонидан ходимга юклаш каби салбий ҳолатларга қатъиян чек қўяди.

Таъкидлаш лозимки, дунёдаги барча ўзбеклар ўзаро маданий алоқаларни сақлаб қолиш мақсадида чет элда тахминан 500 дан ортиқ ўзбек миллий-маданий марказлари фаолият юритади. Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳасининг 23-моддасида “Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”, деган норма белгиланмоқда.

Бу чет элда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган юртдошларимизнинг Ўзбекистон билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани — Ўзбекистон обрўсини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишларига хизмат қилади.

Аёнки, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ва табиий ҳуқуқи бўлиб, у мамлакатда ўлим жазосини белгилаш, тайинлаш ва ижро қилишни инкор этади. Ўлим жазоси энг оғир жиноий жазо бўлиб, у қўлланиладиган деярли барча давлатларда ўта оғир, инсон ҳаётига қасд қиладиган жиноятлар учунгина кўзда тутилган.

Янги таҳрирдаги Конституция лойи­ҳасининг 25-моддасида “Ўзбекис­тон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади” деган норма мустаҳкамланмоқда. Шу ўринда айтиш керак, 1994 йили қабул қилинган Жиноят кодексидаги 33 та модда бўйича ўлим жазоси тайинланиши мумкин эди. Кейинчалик жиноий жазолар либераллаштирилиб, 2008 йилгача қонунчиликка мувофиқ икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учун ўлим жазоси қолдирилган. 2008 йил 1 январдан барча жиноятлар учун ўлим жазоси бекор қилинган. Конс­титуцияга киритилаётган ўзгартиш нафақат ўлим жазосини бекор қилишни, балки қатъий равишда Ўзбекис­тонда ўлим жазоси тақиқланиши ва қайта тикланмаслигини кўзда тутади.

Конституцияга бу норма киритилиши билан Ўзбекистон инсонпарварлик ғоя­ларига содиқлигини намоён этади, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ўлим жазосини қайтариш бўйича ҳар қандай ташаб­бусларга барҳам беради. Пировардида эса ҳар бир инсоннинг, ҳатто, у жиноят содир этган бўлса ҳам, яшаш ҳуқуқининг кафолатланишига хизмат қилади.

Ҳақиқатан ҳам, ўлим жазоси муайян даражада жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади. Аммо бу охирги ечим эмас. Масалан, ўлим жазоси қўлланди, дейлик, лекин унинг салбий жиҳатлари ҳам бор. Суддаги хатолик сабабли айбсиз бўлган шахсларнинг ўлимга ҳукм қилинган ҳолатлари ҳам кўплаб топилади. Бунга ўтган асрнинг ўттизинчи йилларини мисол келтирса бўлади. Масалан, Қодирий, Чўлпон, Элбек, Фитрат ва бошқа юртдошларимиз қатағон қурбони бўлгандан кейин оқланяпти. Оқлаш билан инсон умрини ортга қайтариб бўлмайди-ку…

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда айбсизлик презумпцияси муҳим аҳамиятга эга. Шу боис янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 28-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қуйидаги кафолат белгиланмоқда: “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айб­ланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”.

Айтиш лозимки, муайян жиноят иши бўйича суриштирувчи, терговчи тергов ҳаракатлари, суд эса суд тергови орқали далиллар тўплайди. Айрим ҳолатларда тўпланган далилларни баҳолашда уларга нисбатан шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Бунда, шубҳалар айб­лов томонга ишлатилиши керакми ёки ҳимоя фойдасигами, деган савол юзага келади.

Янги таҳрирдаги Конституция лойи­ҳасига киритилаётган ушбу норма бундай вазиятда айбдорликка оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг фойдасига ҳал қилинишини қатъий мус­таҳкамламоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция лойи­ҳасининг 32-моддасида “Қонуний асос­ларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чек­ловлар мус­тасно”, деган норма ҳам киритилаётир.

Сир эмаски, мамлакатимизнинг яқин ўтмишида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини асоссиз чекловчи қонунос­ти ҳужжатлари мавжуд эди. Масалан, баъзида фуқароларимиз пойтахтга келиш учун йўллардаги назорат пост­ларидан паспортсиз ўта олмас эди. Уларнинг билим олиши, даволаниши, ишлаши ёки қариндошларини кўриши учун пойтахтга келиб туришида ҳам қийинчиликлар мавжуд эди.

Фуқароларимизнинг хорижга чи­қи­ши учун эса рухсатнома (стикер) расмийлаштириш талаб этиларди. Бундай тўсиқларнинг аксарияти Ҳаракатлар стратегияси доирасида бартараф этилди. Хусусан, йўлларда назорат пост­лари олиб ташланди, “пропис­ка”, хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартиби бекор қилинди. Бу эса Ўзбекистон ҳудудида бўлиб турган ҳар кимга республиканинг хоҳлаган жойига бориш, саёҳат қилиш, билим олиш, ишлаш, тадбиркорлик қилиши имкониятини беради.

Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш ҳамда мулкдор ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш учун зарур иқтисодий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Шу муносабат билан янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 47-моддасида қуйидаги нормалар акс этмоқда: “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойи­дан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулк­дорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади”.

Мазкур модда билан уй-жой мулк­дорларига нисбатан икки турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланмоқда: суд кафолати ва уй-жой учун компенсация олиш кафолати.

Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бу кафолат уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг эрки-хоҳишидан қатъи назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланилиши назарда тутилган. Бунда суд томонидан мулк ҳуқуқининг бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Мазкур тартиб мулк­дор ҳар қандай ҳолатда ҳам асоссиз равишда уй-жойидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

Иккинчи кафолат мулкдорнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилганлиги билан эътиборлидир. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорнинг шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди.

Бу норманинг киритилиши уй-жой мулкдори ҳуқуқларини кафолатли таъминлашга, уй-жойларни ноқонуний олиб қўйилиши билан боғлиқ низоли ҳолатларнинг олдини олишга, суд ҳимоясини кенгайтиришга хизмат қилади.

Конституцияда давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши аниқ белгиланмоқда.

Қайд этиш лозимки, қабул қилинаётган қонунларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборат бўлиб, кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юкламаслиги керак. Аксинча, қонунлар инсонлар оғирини енгил қилиб, турмуш тарзи фаровон кечишини таъминлаши лозим.

Лекин қонунда шахсга нисбатан унинг ҳаракатига мутаносиб бўлмаган ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилса-чи? Ушбу ҳолатни қуйидаги мисолда кўриб чиқамиз. Дейлик, фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади. Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион сўмлик давлат божини қандай тўлайди? Бу мисолдан кўриш мумкинки, суд қўллаган ҳуқуқий таъсир чораси мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб эмас.

Шу нуқтаи назардан, бу қоида давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш имкониятини кенгайтиради ҳамда инсонга қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқиш Конституциявий суднинг ваколати сифатида Конституцияда акс эттирилиши лозим”лигини таъкидлаган эди.

Шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Бош қомусимиз лойи­ҳасининг 133-моддасига фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлигига оид махсус норма киритилди.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи Бельгия, Венгрия, Германия, Латвия каби хорижий давлатлар конс­титуцияларида ҳам белгиланган.

Фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилаётганлигининг аҳамияти шундаки, Конституцияга зид бўлган қонунлар амалиётда қўлланилаётган бўлса, уларнинг Конституцияга мувофиқлигини вақтида таъминлашга, Конс­титуцияга номувофиқ қонунлар билан келгусида бошқа шахслар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга, Бош қомус устунлигини таъминлашга, Конституция­вий суд фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, янгиланаётган Конституция ўз мазмун-моҳияти ва қамрови билан нафақат бугунги кун, балки мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ишончимиз комилки, барча юртдош­ларимиз референдумда фаол иштирок этиб, эл-юрт истиқболи учун овоз беради.

Қутбиддин БУРҲОНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва 

хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси

Tegishli xabarlar

Ватан шаънин шарафламоқ улуғ бахт

admin

Муштўмзурлар

admin

Янгиланишлар даври

admin