ADOLAT 24

Ислоҳотлар — тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч

Халқ манфаати йўлида ислоҳотлар ўтказиш ҳеч қаерда ва ҳеч қачон осон кечган эмас. Беш бармоқ баробар бўлмаганидек, олдимизга қўйилган ислоҳотларни ҳаммага бирдек ёқтириб бўлмайди. Аммо Президентимизнинг сиёсий иродаси билан бошланган ўзгаришлар шабадаси халқимизга чинакам эрк берди, унинг қадрини юксакка кўтарди. Шунга яраша халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгарди.

Ҳар қандай ислоҳот ё давлат тизимини ўзгартириш йўлидан ёки халқ ҳаётини янгилаш ё иқтисодиётга қаратилганлиги билан кечишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз, лекин Ўзбекис­тонда 2016 йилдан бошланган ислоҳотлар бутунлай бошқача қиёфа касб этди. Ислоҳотлар марказида инсон турганлиги, қолган барча янгиланишлар мана шу инсоннинг атрофида кечганлиги бутун дунё учун янгилик бўлди, деб айтишга тўла асослар бор. Шунинг учун ҳам ислоҳотлар негизида намоён бўлган инсон нафақат ҳаёти ўзгаришини, балки бутун тафаккури янгиланишини, ўз ҳуқуқларини конституция таъминлашини исташи табиий.

Биз шундай даврларни бошдан кечирдикки, инсон қадри бутунлай топталди. Инсоннинг ҳаёти, тақдири кимларнингдир хоҳиш-истаги билан бошқарилди. Дахлсиз ҳуқуқлар ҳақида гапирилар, ёзилар, лекин амал қилинмас эди. Конституцияни, унинг асосида қабул қилинган қонунларни исталганча талқин қилиш мумкин эди…

Давлат қудрати унинг табиий бойликлари, ҳарбий кучи, иқтисодий имкониятлари билан ўлчанадиган замонлар аллақачон ўтиб кетган. Бугун халқнинг, энг аввало, турмуш даражаси, ҳуқуқлари, интеллекти, дунё­қараши, тафаккур оламига қараб баҳо бериш урфга айланди. Инсон тафаккури, инсоннинг ҳаётдан розилик даражаси, унинг ҳақ-ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланиши бу ҳар қандай давлат қудратидан муҳимроқдир. Бугун Ўзбекис­тон тутган йўл инсонни қадрлашга, инсонни яхши кўришга, инсонни рози қилишга, қаратилганлиги билан ҳам бутун дунёни ҳайратга солмоқда.

Шунинг учун бугун Ўзбекистоннинг янгиланаётган конституциясига «Инсон – жамият – давлат» тамойили киритилаётганлиги бежиз эмас. Инсон тафаккурининг маҳсули инсондан олдин ёки юқори туриши мантиққа зид. Биз янгиланаётган конституциямизда инсонни жамият ва давлатдан устун қўямиз.

Бир сўз билан айтганда, биз ижтимоий давлат қуриш йўлидан бораяп­миз. Конституцияда ҳам бу масала муҳрланаяпти. Ижтимоий давлатда ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитлари кафолатланади. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Бир инсон муаммоси бутун жамиятнинг муаммоси, деб қаралади. Инсонлар ўз ташвиш ва қийинчиликлари билан ёлғиз қолдирилмайди.

Конституциявий ислоҳот бугунги ва истиқболдаги муваффақиятли ва барқарор тараққиётнинг зарурий ҳуқуқий шарти ва асосидир. Хусусан, у “самарали ва яхши бошқарув” тизимини жорий этишнинг муҳим воситаси сифатида ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини мус­таҳкамлаш, ҳисобдорлик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни оширишга ёрдам берувчи конституция­вий қоидаларни ўрнатади. Бошқарув сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ушбу ўзгаришлар сиёсий тизим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётни ривожлантиришга фойда келтириб, натижада сармоя киритиш ва тараққиётни таъминлаш учун қулай ва барқарор муҳит яратади. Бунга, энг аввало, “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси ва “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга фаол татбиқ этиш, Президент, парламент ва ҳукумат ўртасида ваколатларни аниқ тақсимлаш, ҳокимиятлар бўлиниши тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни мустаҳкамлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш, замонавий халқаро ҳамжамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиш орқали эришилади. Янгиланаётган Конституция Янги Ўзбекистон равнақининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган ва бу жаҳон тажрибасига мос табиий жараёндир.

Ўтган даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди. Одамларнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ошди. Шунинг баробарида Ўзбекис­тон Конституциясининг янги лойиҳасини тайёрлаш, мамлакат Конс­титуциясини таҳрир қилиш масаласи ҳаёт заруратига айланди.

Ўз навбатида халқимиз ҳам Конс­титуциявий ислоҳотлар тарафдори эканлиги амалда ўз исботини топди. Эътибор қилсак, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида 223 мингга яқин таклиф келиб тушганлиги ва улар асосида лойиҳа такомиллаштирилиб, маромига етказилганлиги, хусусан, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойи­ҳадан жой олганлиги фик­римизга яққол мисол бўла олади.

Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – янги Ўзбекис­тонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олингани, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол қатнашганлиги, мухтасар айтганда, лойиҳа том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Муҳокамалардан ўтган Конституция лойиҳасида иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши кераклигига, фуқаролик жамияти инс­титутларининг ўрни ва мақомини мустаҳкамлашга, оила инс­титутини ривожлантириш, миллатлараро тотувликни янада мус­таҳкамлашга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кексалар ҳуқуқларини ишонч­­ли ҳимоя қилишга, боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эъти­бор қаратилаяптики, бу ҳам давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат ва фақат инсон манфаатларига ва унинг қад­рини таъминлашга қаратилаётганлигини яққол исботлайди.

Фуқаролик жамияти институтлари, яъни сиёсий партиялар, ННТ ва бошқа институтларнинг ҳам мақоми юқори даражага чиқади. Бу жамиятнинг янада эркинлашуви гарови бўлади. “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилини конс­титуциявий қоида сифатида муҳрлаш ғояси ҳам эътиборга молик.

 Ижтимоий давлат деганда ижтимоий соҳага катта эътибор қаратиладиган, фуқароларнинг тенглиги, уларнинг турли табақаларга ажралишига йўл қўймайдиган, умумфаровонлик таъминланган жамият тушунилади. Бир қатор мамлакатларда давлатнинг ижтимоий мақоми Конс­титуция даражасида мустаҳкамланган. Бизда мамлакатимизнинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми Асосий қонунда кўрсатилмаган эди. Аммо ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий муҳофазасига қаратилган сиёсат ижтимоий давлатнинг туб замини яратилганидан далолат беради. Кейинги йилларда давлат бюджети маблағларининг эллик фоиздан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилаётганининг ўзи ҳам буни яққол исботлайди.

Фикримизча, бундан кейин ҳам ижтимоий соҳа, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни барқарор иш ўринлари билан таъминлаш соҳасига эътибор янада кучайтирилади. Чунки сифатли таълимсиз, етук кадр­ларсиз буюк келажакни тасаввур этиб бўлмайди.

Янгиланаётган Конституциямизда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробар ошмоқда. Масалан, 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оила давлатдан моддий ёрдам олишини кафолатлайди. Бу жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келади, уларга ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади. Айни пайтда ҳар бир фуқаронинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи ва уй-жой қурилиши давлат томонидан рағбатлантирилишининг Конституциямизда мустаҳкамланаётгани олдинга қў­йилган марраларга эришиш учун мус­таҳкам замин ҳозирлайди.

Илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда. Давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиш мажбуриятини олаётганлиги ҳам ижтимоий давлат тамойи­лининг яққол ифодасидир.

Бир сўз билан айтганда, Конституцион ислоҳотлар турмушимизга ёруғлик олиб кирадиган нур бўлиб, ҳаётимиз ва умумий хонадонимизни миллий манфаат ва қадриятларимизга, умумэътироф этилган демократик мезонларга монанд қилиб қуришдек ноёб тарихий имконият десак, янг­лишмаган бўламиз. Биз унинг қад­рига етишимиз, қонунларимизнинг устуни бўлган, ҳаётимизни бошқарадиган Конституциявий ислоҳотларга ва 30 апрелга белгиланган умумхалқ референдумига бефарқ бўлмаслигимиз керак.

Ташпўлат МАТИБАЕВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

социология фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

АВТОМОБИЛСОЗЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

admin

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди

admin

Коррупцияга қарши кураш: Давлат дастури яратилди

admin