ADOLAT 24

СЕРГАК БЎЛИНГ: БУНДАЙ КЎРСАТУВЛАР ЁШЛАР ТАРБИЯСИНИ БУЗАДИ!

“Adolat” газетасининг 2023 йилнинг 3 февралдаги 4-сонида чоп этилган “Қани бизнинг қаҳрамонлар?” сарлавҳали мақолани ўқиб, муаллиф дилимдаги гап­ларни ёзганлигига амин бўлдим. Зеро, телеканаллар орқали қўйилаётган “Илк учрашув”, “Ёр-ёр” ва уларга ўхшаш бошқа бир қатор кўрсатувлар ҳар қандай инсоннинг асабини эговлайди. Айрим кўрсатувлар муаллифларига халқимиз томонидан кўплаб салбий эътирозлар билдирилаётгани ҳам рост. Аммо кўрсатув ижодкорларининг бундан тегиш­ли хулоса чиқаришмаётгани ачинарлидир.

Ўзбек халқининг ахлоқий қадриятлари улуғлиги, юксак маънавий бойлиги барчага маълум. Ўзимизга яраша урф-одатларимиз бисёр. Оила қуриш, уни муқаддас асраш борасида асрлар мобайнида аждодларимиз тўп­лаган тажрибалар, ўгиту насиҳатлар бор. Келин танлашда етти авлодигача сўраб-суриштириш орқали оила мус­таҳкамлигига асос солинган. Бундай одатларимиз ҳаёт давомида муҳим аҳамият касб этишини кўрсатган. Ҳаттоки буюк давлат арбоби, машҳур саркарда Амир Темур ҳам оила муносабатлари, ўғилларига келин танлаш борасида қатъият соҳиби, ўз қарашларига эга инсон бўлган. 

“Илк учрашув” кўрсатувидаги бош­ловчилар, психологларнинг фикрлари, танланган ёшларнинг ошкора муносабатларини кўриб, очиғи, энсам қотди. Худди ёш болалар “хола-хола” ўйнаётгандек туюлди. Манфаатлар биринчи ўринга қўйилган жойда келажакда қандай оила тузилади? 

Кўрсатувнинг бир сонида қиз ўзининг бир сири борлигини ва уни кўрсатув охирида айтишини маълум қилди. Йигит-қиз танишишди, бир-бирига саволлар беришди, иштирокчилар ҳатто тўйга ҳам “рухсат бериб юборишди”. Кейин қиз кичик сирини айт­­ди: йигитдан 4-5 ёш катта экан ва адашмасам, турмушида ҳам қандайдир муаммолар бўлган экан. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш керак? Кўрсатув бошлангунича иштирокчилар билан суҳбат ўтказилмайдими ёки иложсизликдан, қатнашувчи топилмаганидан тўғри келган ёшлар иштирокида кўрсатув тайёрланганми? Бу кўрсатувлар совчиликни эмас, очиқчасига “қўшмачилик”ни (қўпол сўз учун узр) тарғиб қилаяпти чамамда. Ёки ёшларимиз оила қуриш борасида шу даражада рекламага муҳтож бўлиб қолдиларми? Кўрсатув бош­ловчисининг фикрига эътибор қаратинг: 

– Йигитнинг парикмахер эканидан уялмайсизми?

Наҳотки кўрсатувга шу қадар саводсиз кишилар бошловчи бўлишса? Биринчидан, касбнинг, ҳалол меҳнатнинг ҳам уяти бўладими? Иккинчидан, бу фикр йигит учун ҳам ҳақорат эмасми? Умуман, сартарошликнинг нимаси уят?

Аслида эр ёки хотин танлаш учун ёшларнинг телевидениега чиқиш­лари уятли ҳолат-ку! Бунинг устига шу ёшга кириб, таниган, билган тенгдошларидан биронтасини ўзига тенг кўрмаган йигит ёки қиз кўрсатувда бир мартагина кўрган бегона инсон билан турмуш қуриб, бахтли бўлиши мумкинми? Уларнинг жамиятнинг бир бўлаги бўлган оиласи нечоғлик мустаҳкам бўлиши мумкин? 

Орамизда не-не синовлардан ўтиб, ўз бахтини топган, жуфтини қалбан севган, исломий илмларни, оила илмини яхши тушунган инсонлар жуда кўп. Улар ҳаётий таж­рибаларга бой оилалар соҳиб ва соҳибаларидир. Қайси ориятли эркак бўлғуси аёлини оммага кўз-кўз қилади? Бу оилаларнинг тинч ва осойишта яшаб кетишларига ким кафолат беради? Ҳаётда ибратли ёшлар, садоқатли оилалар жуда кўп. Жуфти ҳалолини эъзоз­лайдиганлар, ҳурматини жойига қўядиган ибратли кишилар ундан ҳам кўп. Борига шукр қилиб, бахтиёр ҳаёт кечираётган оилалар ҳақида кўрсатув тайёрлаш бундан манфаатлироқ эмасми? Улардан одамлар ибрат олишади, уларнинг ортидан эргашишади. 

Телеканаллардаги бундай саёз кўрсатувларни элакдан ўтказадиган бадиий кенгаш аъзолари қаёққа қарашаяпти?

Хуллас, изланиш керак. 

Майда-чуйда, бўлмағур фикрларга аралашмасдан илғор ғоя берадиган кўрсатувлар тайёрлаш керак. Қаҳрамонлар орамизда. Уларни топиб, кўрсатувни юксак даражада тайёрлаб, томошабинларга тақдим этиш ижодкорларнинг маънавий савиясига ва билимига боғлиқ. Ҳар бир эфир юзини кўраётган кўрсатув ёшларнинг маънавиятига ижобий ёки салбий таъсир қилади, шуни унутмайлик! 

Раъно ХОЛИҚОВА, 

журналист

Tegishli xabarlar

Қашқадарёда муҳим сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда

admin

Сайловчилар билан учрашувлар

admin

ЎЗБЕК ВА ТУРКМАН ХАЛҚЛАРИ ДЎСТЛИГИ ФЕСТИВАЛИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin