ADOLAT 24

Юртимизнинг асл бунёдкори эди

Муҳтарам “Adolat” газетаси таҳририяти ходимлари!

Газетангизнинг шу йил 17 февралдаги 6-сонида чоп этилган Муқаддас Абдусаматованинг “Яхшилар ёди улуғ” сарлавҳали мақоласини ўқиб, беҳад қувондим. Журналист биродарларимиз сафида адолатни қарор топтираётган, халқимизнинг фидойи ўғлони Шароф Рашидовнинг улуғ номини тиклаш борасида фаолият юритиб кўпчиликнинг ҳурматини қозонаётган касбдошлар учун ғурурландим. Зеро, кимки Шароф акага нисбатан амалга оширилган ноҳақликлар, бўхтону найрангларни фош этса, уларнинг келажак авлодлар учун зарарли оқибатларини тўлиқ таҳлил қилса, ўзининг касбга садоқати, ватанпарварлик бурчини шунчалик тўла бажарган бўлади. Чунки тарихий шахсларнинг унутилмас жасорати, халқи, миллати, Ватани равнақи йўлида кўрсатган фидойилиги ёшлар учун ҳаёт намунаси, яратувчилик андозасидир. 

Мен Марказқўмда Шароф аканинг раҳбарлигида тўққиз йил ишладим. Бу йиллар мен учун ҳақиқий дорилфунун эди. Ишбилармонлик, ижро маҳорати, узоқни кўра билиш, инсонлар ишончини қозониш, бошқаларнинг ҳурматини жойига қўйиш, камтарлик, билимдонлик, муомала маданияти сингари фазилатлар у кишининг ҳар нафасидан уфуриб турар, бошқаларга куч, мадад бағишларди.

Ҳаммамизга маълум, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1992 йилнинг ноябрида Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллиги ўтказилди. Шу жараёнда Шароф аканинг Марказдаги ғаламислар томонидан айбсиз айбдор этилиб, туҳмат балосига гирифтор қилингани, аслида эса бу ажойиб инсон, таниқли давлат арбоби республикани ривожлантириш, миллатнинг номини улуғлаб, дунёга тарқатиш мақсадларида самарали фаолият қўрсатгани ва халқнинг муҳаббатига сазовор бўлгани кенг жамоатчиликка етказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги қарори билан Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Давлат ва жамоат арбоби, машҳур ижодкорнинг миллатимиз олдидаги хизматларига юксак баҳо берар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев шундай деди: “Шароф Рашидов ўзининг ноёб ақл-заковати, бой билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган эди. Бу улуғ инсон собиқ мус­табид тузум даврида турли тазйиқ ва синовларга бардош бериб, халқимиз ва миллатимизга садоқат билан ҳалол ва фидокорона хизмат қилди”.

Шароф отанинг давлатимиз, халқимиз олдида хизматлари бебаҳо. Бу борадаги мазмунли ва батафсил фикр-мулоҳазалар М.Абдусаматованинг газетангизда эълон қилинган мақоласида акс эттирилганини таъкидлаймиз.

Мақолада давлатимиз ва жамоатчилик томонидан Шароф отанинг номларини абадийлаштириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам баён қилинган. Буларнинг ҳаммасини фикримдан ўтказар эканман, шу вақтгача амалга оширган ишларимиз етарлимикан, дея ўйга чўмдим. Менимча, мақолада баён қилинган таклифлар ўринли. Ушбу таклифларни кўриб чиқишда, аввало, Шароф отанинг ҳаёти ҳамда фаолиятига тааллуқли хотиралар нафақат Жиззах вилояти, балки сермеҳмон пойтахтимиз учун ҳам аҳамиятли эканини ҳисобга олишимиз зарур. Ахир Тошкент туристлар шаҳри-ку. Яна бир эътиборга молик масала – Шароф ота хотираларини ёшларимизга етказиш. Тошкент эса ёшлар, энг муҳими, талабалар шаҳридир.

Мақолада келтирилган Шароф отанинг уй-музейини ташкил этиш ҳамда Тошкент метросининг бир бекатини отанинг номлари билан аташ таклифлари ҳам кўпчиликка маъқул бўлса керак. Ахир Тошкент метросининг асл бунёдкори Шароф ота-ку!

Ўткир Зокиров,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган 

маданият ходими

Tegishli xabarlar

Китобга қайтиш виждонга қайтишдир

admin

ИНСОН ҚАДРИ ТАМОЙИЛИ АСОСИДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОННИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА КАТТА МАРРАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

admin

Етказилган зарар қопланди. Аммо…

admin