ADOLAT 24

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги диққатига!

Таҳририятимизга Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги “Бўстон” МФЙда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан шикоят аризаси келиб тушди.

Унда айтилишича, жорий йилнинг январь ойи бошида ичимлик суви келтириш учун маҳалла кўчалари қазилган ва… шу билан иш бирданига тўхтаган-қолган. Аввал ичимлик суви муаммосига дучор бўлиб юрган аҳоли энди йўлсизликдан қийналмоқда.

Албатта, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Шу сабабли биз масалага ойдинлик киритиш, нима учун аҳоли норозилигини келтириб чиқараётган сансалорлик, хўжасизлик юз бераётганини аниқлаш учун пудратчи ташкилотга мурожаат этдик. Аризада тилга олинган “Баҳром Олим Мангу” МЧЖ раҳбари сўровимизга зудликда ёзма жавоб қайтарди ва, ўзиям тўлиб турган эканми, таҳририятимизга бир олам ҳужжатларни ҳам тақдим этди.

“Adolat” газетаси ўз саҳифасида шикоятчиларнинг аризаси ҳамда пудратчи ташкилот раҳбарининг мазкур аризага жавобини эълон қилмоқда.

Таҳририят тегишли мутасадди ташкилотлардан мазкур муаммо бўйича расмий жавоб кутиб қолади.


Аввал ичимлик сувисиз қийналаётган эдик,

энди йўлсизликдан ҳам…

Ҳурматли “Adolat” газетаси таҳририяти ходимлари!

Биз, Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани “Бўстон” МФЙ фуқаролари узоқ йиллардан бери ичимлик суви танқислигидан азият чекиб келар эдик. Ниҳоят, шу йилнинг январь ойида ичимлик суви келтириш учун кўчаларимизда Бухоро шаҳрида жойлашган “Баҳром Олим Мангу” масъулияти чекланган жамияти томонидан қазиш ишлари бошлаб юборилди. Бундан бошимиз осмонга етди, албатта.

Минг афсуслар бўлсинки, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Чунки ички йўлларимиз тезкорлик билан қазиб ташланди-ю кутилмаганда ишлар қандай тез бошланган бўлса, шундай тез тўхтаб қолди! Ҳайрон бўлиб, бунинг сабабини суриштирдик. Қурувчи-масъуллардан бири Алоқул Бозоровнинг тушунтиришича, тендерда ютиб олинган бу объектларда иш бош­лаш учун маблағнинг бир қисми ажратилган, холос. Иш бошланган, лекин айни пайтда фирманинг ҳисоб рақамида пул йўқ, яна ҳам аниқроғи, қазилган траншеяларга қувур ётқизиш учун ажратилган маблағ номаълум сабаб­ларга кўра МЧЖнинг ҳисоб рақамига келиб тушмаётган экан.

Хуллас, олдин бизни ичимлик суви муаммоси қийнаган бўлса, ҳозирда бунга қўшимча кўчалардаги тупроқ уюмлари сабабли, йўлсизлик муаммосига ҳам дуч келаяпмиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакат аҳолисини юз фоиз ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида жон койитаяптилар. Шу мақсад учун давлат бюджетидан катта-катта маб­лағлар ажратилаяпти. Нима, маҳалламизда бошланган қурилиш ишларига тўсқинлик қилаётган валломатлар Президентимизнинг ташаббусларига қаршимиканлар? Ёки ичимлик сувига муҳтож фуқароларни ҳам сувсиз, ҳам йўлсиз қўйиб роҳатланишармикан?

Ҳурматли Бош муҳаррир!

Бизнинг аризамиз юзасидан журналистик суриштирув ўтказиб, тоза ичимлик суви ва текис йўлга муҳтож фуқароларнинг муаммосига ечим топиш ва дардимизни мутасаддиларга етказишингизни илтимос қиламиз. 

Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани,

“Бўстон” МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар номидан

1-гуруҳ ногирони А.Маҳмудов,  Қ.Йўлдошев, Б.Чўлибоев ва бошқалар.


Шикоят аризага жавоб хати

2013 йилдан “Баҳром Олим Мангу” МЧЖ таъсисчисиман. Ташкилотимиз 2023 йил январь ойи бошида Фарғона вилоятидаги “Буғдойчи” ва “Дўстлик”, “Бўстон”, “Мурувват”, “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан ўтказилган тендер ғолиби бўлди. Мазкур объектларда йил бошланиши билан ишга киришдик.

Буюртмачи томонидан бизнинг ҳисоб рақамимизга “Дўстлик” ва “Бўстон” МФЙ объектлари учун 30 фоиз аванс пули кўчирилди. Қолган объект­ларимизга пул келмади.

Бунинг сабабини суриштирсак, ташкилотимизни “Инсофсиз ижрочилар” ягона реестр рўйхатига тиркаган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги блок қўйган экан. Сабаби, биз судланган эканмиз. Тўғри, 2021 йил, ўғлим Облоқул Бозоров директорлик даврида бир жиноий иш қўзғатилган эди. Суд бу жиноий ишни ҳаракатдан тугатиб, ўғлимни айбдор эмас, деб топган. Шунинг учун ўғлим судланмаган ҳисобланади.

Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Бош прокуратурага хат билан мурожаат қилдим. Хатимга ўғлим Облоқул Бозоров судланмаганлиги ҳақида суд ажрими нусхасини, Ягона дарчадан олинган судланмаганлик ҳақидаги справкани, Бухоро шаҳар жиноят судидан судланмаганлик ҳақида суд хулосасини илова қилдим. Лекин бизнинг ташкилотимиз негадир ҳалигача қора рўйхатдан чиқарилмаган. Шунинг ҳисобига бизнинг ҳисоб рақамимизга пул тушмаяпти. Биз бешта объектда ўзимизнинг захира пулимизни ишлатиб, тахминан 30 фоизлик иш бажардик. Лекин энди бизга ажратилган маб­лағимиз ҳисоб рақамимизга тушмаса, ишни давом эттира олмаймиз. Халқнинг ҳақли норозилигининг асосий сабаби ана шунда.

Ҳурматли таҳририят ходимлари! Мутасадди идораларга барча тегишли ҳужжатларни тақдим этганимизга қарамасдан нега ҳалигача муаммомиз ҳал бўлмаётгани, бизга ажратилган пул ҳисоб рақамимизга келиб тушмаётганини аниқлашга ёрдам беришингизни илтимос қилиб қоламиз.

Илова қилинган тегишли ҳужжатлар:

Мурожаат хатларидан нусха, судланмаганлик ҳақида маълумотнома, суд ажрими нусхаси, объект­лар бўйича ғолиб бўлганлар ҳақидаги баённомалардан нусха.

 Алоқул Бозоров,

“Баҳром Олим Мангу” МЧЖ раҳбари

Tegishli xabarlar

ФАРҒОНА АҲЛИ ҲАР БИР ТАШАББУС БЎЙИЧА АНИҚ НАТИЖАЛАРНИ КУТМОҚДА

admin

Танлов якунланди, ғолиблар аниқланди

admin

ЙИЛНИНГ ҚАДАМИ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН

admin