ADOLAT 24

Ақлли тиббиётни шакллантириш – партиямизнинг устувор вазифаларидан бири

Жамият ҳаётининг ривожланиш босқичи иқтисод, сиёсат билан бир қаторда соғлиқни сақлаш тизими билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Аҳоли саломатлигига жамият ва давлат тараққиётининг энг муҳим омилларидан бири деб қараган мамлакат ривожи, тараққиёти барқарор бўлади. Шу нуқтаи назардан, «Адолат» СДП давлатимиз соғлиқни сақлаш тизимида янгича қараш ва янгича методлар асосида аҳолига барча даражада (рес­публика, вилоят, туман, қишлоқ) юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини таъминлашни ўзининг энг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олган.

Биз касалликлар йўналишларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимига илмий-тадқиқот фаолиятининг охирги ютуқларини фаол жорий қилиш тарафдоримиз. Мазкур мақсадимиз йўлида ўз Сайлов­олди дастуримизда белгилаб олган бир қанча лойиҳаларимиз қаторида «Ақлли тиббиёт» тизимини шакл­лантириш, тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ушбу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш чораларини кўриш тарафдоримиз ва бу борада шу кунга қадар қатор лойи­ҳаларни амалга ошириб келмоқдамиз.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ҳамда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш, рационал овқатланиш маданиятини тарғиб этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини фойдали элементлар билан бойитиш, микронутриент танқислиги туфайли келиб чиқадиган касалликларнинг олдини олиш ишлари тизимли ташкил этилмоқда. Мамлакатимизда жаҳон тажрибасида илк бор ҳомиладор аёлларни таркибида фойдали микро­элементлари бўлган поливитаминлар билан бепул таъминлаш амалиёти жорий этилди. Бундай кенг қамровли ишлар натижасида мамлакатимизда мустақиллик йилларида оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайди. Мамлакатимизда камолга етаётган болаларнинг тўқсон икки фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Шунингдек, бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолиятини яхшилаш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг тиббий хизматлардан кенгроқ фойдаланишига имкон яратишга қаратилган бир қатор замонавий тиббий хизмат турлари йўлга қўйилмоқда. Бугун ҳудудларда «Электрон поликлиника» хизмати жорий қилинмоқда. Эндиликда тиббий карталарни рўйхатхонадан қидиришга ҳам ҳожат қолмайди. Чунки «электрон поликлиника» автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириш олдидан полик­линикалар хизмат кўрсатадиган маҳаллаларда яшовчилар тиббий карталаридаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги корпоратив тармоғидаги электрон базага киритилади.

Натижада беморлар мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки туманида бўлишидан қатъи назар, ўша ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.

Ўтган қисқа вақт ичида соҳага ахборот технологияларини жорий этиш, тизимда интерактив хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида «Соғлиқни сақлаш» ахборот тизимлари мажмуасини яратиш ва соғлиқни сақлаш миллий интеграциялаштирилган ахборот тизими (ССМИАТ «Соғлиқни сақлаш» АТМ)ни ривожлантиришга қаратилган ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан биргаликда мамлакатимиздаги қатор даволаш-профилактика муассасаларида, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда улар таркибидаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда «электрон полик­линика» ва «телетиббиёт» тажриба-лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Албатта, тиббий хизмат сифатини юксак даражага кўтаришда илғор технологияларни жорий этиш соҳа моддий-техника базасини мустаҳкамлашни тақозо этади. Жаҳон стандартларига тўла мос келадиган тиббий хизмат ускуналарини ҳудудларга ўз вақтида етказиб бериш учун тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маб­лағлар йилдан-йилга оширилиб бормоқда.

Шунингдек, бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш орқали хизмат кўрсатиш сифатини халқаро даражада амалга ошириш учун хусусий секторни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги олти йилда амалга оширилган ислоҳотлар бугунги дунё тиббиёт тизимини синовдан ўтказаётган пандемия даврида ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Биз бугун бу каби ютуқлар билан чекланиб қолмасдан соҳа тараққиётини таъминлаш борасида тизимда амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалиётга жорий этилишини назорат қилиш орқали юртдошларимизнинг тиббий хизматга бўлган талабини тўлақонли таъминлашимиз зарур.

Зеро, «Адолат» СДП ҳам Сайловолди дас­турида «Ақлли тиббиёт» тизимини шакллантириш, тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ушбу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилишни устувор вазифа сифатида белгилаб олган.

 Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

ОСИЁ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

admin

АЁЛ БАХТИДАН ОЛАМ МУНАВВАР БЎЛАДИ

admin

Ҳуқуқ тизимида сарсонгарчиликлар барҳам топади

admin