ADOLAT 24

ЯНГИ ТИЗИМ ИШГА ТУШАДИ тўланадиган ҳақ юрилган масофа ва фуқароларнинг хизмат сифатидан қониқишига қараб белгиланади

Ўзбекистонда ҳам урбанизация жараёнининг жадаллашуви, мегаполис шаҳарларнинг кўпайиши ҳамда аҳоли сонининг ўсиши натижасида жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Мамлакатимизни янада тараққий эттириш, аҳоли учун қулай бўлган яшаш шароитларини яратиб беришда бугунги замон талабларига мос бўлган жамоат транспорти имкониятларини кенгайтириш кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолмоқда.

Шу боисдан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 36-мақсадида бу борада келгуси беш йилда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифа ва чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, Тошкент шаҳри ва ҳудудларда жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳарлараро ва шаҳар атрофи темир йўл қатновлари жозибадорлигини ошириш ҳамда транспорт ва логистика хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш каби масалалар шулар жумласидандир.

Тараққиёт стратегияси ҳаётимизга татбиқ этилишининг дастлабки йилида, барча соҳа ва тармоқларда бўлгани каби, бу борада ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этилиб, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилди. Бу орқали автобусларнинг ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиб, кечикишларни сезиларли даражада бартараф этишга эришилди. Аммо йил якунидаги таҳлиллар ва фаоллар томонидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар бу борада қилиниши керак бўлган масалалар ҳали талайгина эканлигини кўрсатмоқда.

31 январь куни давлатимиз раҳбари бошчилигида Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш бўйича ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида жамоат транспортини аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган, ҳаёт сифатини кўрсатадиган муҳим ижтимоий хизмат сифатида ташкил этишга қаратилган бир қатор вазифа ва мақсадлар белгиланди.

Жумладан, бугун замон талабларига мос бўлган жамоат транспортлари олиб келинаётганлиги билан жойлардаги транспорт бош­қармалари ва автобус паркларида хизмат кўрсатиш борасидаги иш тизими ўзгармаганлиги, барча ҳудудларда аҳоли учун янги уй-жой, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа муассасалар барпо этилганига қарамасдан, транспорт соҳаси бу ўзгаришлардан орқада қолиб, бугунги ривожланиш талабларига мос келмаётгани танқид қилинди.

Яна бир муаммо эса, айрим вилоят марказларида жамоат транспортини ривожлантириш режаси ишлаб чиқилмаганлигидир. Транспорт корхоналари кунлик тушум режасини бажаришга боғланиб қолгани боис автобуслар куннинг “энг даромадли” пайтида ҳаракатланишга одатланиб қолган. Бошқа вақтда йўловчилар узоқ кутиш ёки таксида юришга мажбур бўлмоқда. Бу ҳам аҳолини ортиқча харажат қилишга ва энг муҳими – қимматли бўлган вақтини бекатларда автобус кутиб ўтказишга сарфлашига олиб келмоқда.

Шу боис йиғилишда соҳадаги иш тизимини ўзгартириб, хизмат сифатини яхшилаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, 2023 йилдан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Урганч шаҳарларида, келгуси йилдан эса бошқа вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида ташувчиларга маблағлар автобуснинг юрган масофаси ва одамлар хизмат сифатидан қониқишига қараб берилиши, хизмат сифатига автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берадиган тизим яратилиши маълум қилинди.

Соҳадаги яна бир янгилик бу — жамоат транспортининг аҳолига қулай бўлиши билан бир қаторда, жамоат транспорти хизматини кўрсатишда ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган ишбилармонлар учун жозибадор имкониятлар ҳам яратиб берилади.

Жумладан, жамоат транспорти йўналишлари бўйича очиқ тендерда автобусларнинг янгилик даражаси асосий мезон этиб белгиланади. Ташувчиларга тўланадиган маблағларни шакллантиришда ҳар йили автобусларнинг 20 фоизини янгилаб бориш харажатлари кўзда тутилади. Бундан ташқари, тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича қўшилган қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.

Шунингдек, йиғилишда барча вилоятлар ҳокимларига ўз ҳудудида пойтахтдаги каби транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, амалга оширишни бошлаш топширилди. Бунда йўл ва чорраҳаларда жамоат транспортига устуворлик бериш, бекатларда аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Умуман олганда, юқорида белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши бугун амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан аҳолимизнинг ишончини ошириш билан бир қаторда, йўлларда тарнспорт ҳаракати билан боғлиқ хавф-хатарлар камайишига хизмат қилади.

Tegishli xabarlar

Энергетика соҳасидаги энг муҳим янгилик

admin

ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОДНИНГ САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРИ НИҲОЯСИГА ЕТДИ

admin

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin