ADOLAT 24

“Бу менинг маҳаллам!”

Ҳа, бугун Андижон туманидаги “Садда таги” маҳалласида яшовчилар фахр билан шундай дейди. Адирликлар бағрида қад ростлаётган Янги Андижон шаҳарчасига киришдаги бу маҳалла тарихида бугунгидек ўзгариш бўлмаган. Ҳаммаси замонавий, чиройли, ҳавас қилса арзирли.

Узоққа бормайлик, охирги икки йилда ҳудуднинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Аҳолини йўлларнинг таъмирталаблиги, ичимлик сув тармоғидаги узилишлар, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар йиллар давомида қийнаб келаётганди. Энди ҳаммаси бутунлай бошқача.

Давлатимиз раҳбари 1 февраль куни Андижонга ташрифи чоғида айни шу маҳалла ҳаёти билан яқиндан танишди. 3 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган оилалар ердан унумли фойдаланишнинг ҳадисини олган. Қайси бир хонадонга кирманг, бир қарич ер бўш турганини кўрмайсиз. Ҳатто қиш кунларида ҳам иссиқхоналарда иш қизғин. Йилнинг тўрт фаслида улар етиштирган сабзавот маҳсулотлари ички бозорни тўлдирмоқда. Паррандачилик ва узумчиликда катта мактаб яратилган. 

– Имкониятлардан фойдаланган ҳолда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланамиз, – дейди “Адолат” СДП аъзоси Баҳромжон Қурбонов. – 1 сотих жойдаги иссиқхонадан йил давомида уч бор ҳосил оламиз. Ҳозирда 2500 туп гул кўчати парвариш қилиняпти. Шунинг ўзидан 150 миллион сўм даромад кутяп­миз.

Яна асалари боқамиз, кичик балиқхонамиз мавжуд. 30 та товуқ тухумга бўлган эҳтиёжимизни қондиряпти. Фарзандларим бўш вақтини бекор ўтказмайди. Томорқадан топганларимиз яхши мақсадларга сарфланмоқда.

Шу маҳаллада яшовчи Диёрбек Мамадалиев хонадонида беш оила яшайди. Уй муаммоси уларни қийнарди. Тажриба тариқасида қурилган камхарж, иссиқ-совуқ ва ёнғинга чидамли йиғма уй муаммога ечим бўлди. Янги лойиҳадаги уй барча қулайликларга эга. Асосийси, ортиқча жой ҳам талаб қилинмаган. Бутун оила хурсанд.

Мазкур хонадонда бўлган давлатимиз раҳбари янги уй билан уларни табриклади.

– Уй инсоннинг энг асосий эҳтиёжларидан бири. Ҳам давлат, ҳам тадбиркорлар томонидан кўп­лаб турар жойлар қурилаётгани халқимиз манфаатини таъминлаяпти. Танлов имкониятини кенгайтириш учун, эҳтиёжмандлар учун бундай арзон уйлар ҳам керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Хонадондаги янгиланиш бутун маҳаллага кўчган. Ўтган йили маҳалла биноси янгидан қурилди. кўчалар таъмирланди, ишкомлар барпо этилди. Аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам ички имкониятлардан фойдаланилмоқда. Аниқроғи, оилавий тадбиркорлик ривожланяпти. Айни вақтда 220 хонадонда турли йўналишларда тадбиркорлик йўлга қўйилган.

– 19 километрлик ички йўлга бетон қопланди, электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 336 та бетон таянч устун, 3 та трансформатор ўрнатилди. 13,5 км. тоза ичимлик суви ва 10.5 км. табиий газ тармоқлари таъмирланди. 17 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди. Юқоридагиларга жавобан халқимизнинг яратувчилик ташаббуси ўсиб бор­япти,— дейди МФЙ раиси Сарвиноз Қодирова .

Кейинги йилларда республикамизда аҳоли ўсиши ҳисобига электр истеъмоли ҳам кундан-кунга ошмоқда. “Садда таги” маҳалласида бу муаммонинг ечими сифатида қайта тикланувчи электр энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиляпти. Қуёш энергиясидан фойдаланаётган 50 та хонадонда ортиқча харажатнинг олди олинди. Аҳамиятлиси, сиз уйингизга қуёш панели ўрнатсангиз, эҳтиёжингиздан ортиб қолган электр­ни давлатга сотишингиз мумкин. Шу сабаб Президентимиз Андижон тажрибаси сифатида буни оммалаштириш таклифини билдирди.

Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлардан ҳам фуқаролар мамнун. Якка-ёлғиз яшовчилар ва кексалар алоҳида эътиборда.

Жумладан, Ўрмонжон Йўлдошев саломатлиги сабаб рўзғордан орттириб уй-жойни таъмирлашга имкон топа олмаётганди. Ҳомийлар кўмагида у икки хонали янги уйли бўлди. Шу каби 100 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жойлари таъмирдан чиқарилди.

— Кун сайин обод бўлаётган уй-жойлар, кўчаларни, ҳаётимиздаги ўзгаришларни кўриб, фақат шукр келтиряпмиз, – дейди фахрий отахон Тоҳиржон Сўпиматов. – Жуда қисқа вақтда бу қадар ўзгариш бўлишини тасаввур ҳам қилмагандик. Набираларимиз учун боғчага бориш бир орзу эди. Ҳозир ҳудудимизда 3 та нодавлат мактаб­гача таълим муассасаси бор. Ўқувчи-ёшларимизнинг ҳам қувончи чексиз. Мактабимиз таъмирлангач, барча қулайликлар яратилди. Ҳатто шу жойнинг ўзида касб-ҳунар ўрганиш имконияти мавжуд. Бундай имконият сира бўлмаган.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи саддатагиликларнинг кайфиятини кўтарди, эртанги кунга бўлган ишончини янада мус­таҳкамлади.

Акбаржон Назаров,

“Адолат” СДП фаоли

Tegishli xabarlar

ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ХИЗМАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Тарбиялаш керак бўлса, ўзингизни тарбия қилинг!

admin

Мозийга яширинган хазиналар

admin