ADOLAT 24

БОШЛАБ ОЛСАК БАС… (“Бу тил – кўп минг йиллик улкан адабиётнинг тили” “Adolat” газетаси, 22 декабрь, 2022 йил)

Яқинда нуфузли журналларимиздан бирида миллий ёзувимиз хусусида олимлар ва мутахассисларнинг давра суҳбати уюштирилди. Анчайин баҳс-мунозара тарзида ўтган гурунгда тилимиз муаммолари борасида кўп ва хўб ўринли мулоҳазалар, мушоҳадалар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан мағизли таклифлар ўртага ташланган.

Буларнинг барини чин дилдан эътироф этган ҳолда кейинги пайтларда айрим тилшунослар томонидан ўртага ташланаётган ғалатироқ бир таклиф мазкур гурунгда ҳам такрорлангани бизни андак ҳушёр торттирганини ҳам қайд этиб ўтмасак бўлмас. Яъни, эмишки, ўзбек сўзлашув тилида “х” ва “ҳ” товушлари фарқланмаслиги боис уларни адабий тилга зўрлаб сингдириш ўзини оқламас экан! Фикрининг исботи сифатида муаллиф “барибир ҳамма “х” ва “ҳ”ни адаштиради” дейди ишонч билан. Наҳотки?

Бу бир латифадир, аммо шўро даврининг “долғали” йилларида саводи ғовлаган олимларимиздан бир гуруҳчаси алфавитимиздан “ў”, “қ”, “ғ”, “ҳ” ҳарфларини олиб ташлаш ташаббуси билан чиқишганида, хайриятки, асл шоир-ёзувчи, адабиётшунос, тилшуносларимизнинг саъй-ҳаракатларию, Ғафур Ғуломнинг биргина истеҳзоли гапи билан бу иш амалга ошмай қолган экан.

Тарих яна такрорланаяпти шекилли. Биз учун муҳими – бош­лаб олиш. Қолгани ўз инерцияси билан давом этаверади. Яъни, ўзгаришларни “ҳамма адаштириб юборадиган” “ҳ” ҳарфини истеъмолдан чиқариб ташлашдан бош­лаймиз. Сўнг, дейлик, “боши ҳам” билан “боши хам” ўртасида қандай фарқ бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам этолмасдан юраверамиз. Ёки “ҳар” (ҳар қандай, истаган, ҳар қайси) сўзи ўрнига бемалол “хар”(эшак)ни ишлатаверамиз. “Шоҳ” бир юмалаб “шох”га айланади. “Саҳар” эса “сахар”га… Шунақами? Кейин навбат қолган ўнғайсиз ҳарфларга келади: “ў”, “қ”, “ғ”. Шу йўл билан алфавитимизни янада соддалаштирамиз. Ўзимиз ҳам соддалашиб кетамиз. Ана, алфавитида ўн мингдан ортиқ иероглифига эга хитойлик­лар ёинки 1300 га яқин хитой иероглифларидан фойдаланадиган, шунга қарамасдан нимагадир IQ (intelligence quotient – ақлий ривожланиш коэффиценти, кенг маънода иқтидор, салоҳият, истеъдод даражаси) бўйича дунёда биринчи ўринда турувчи корейс­лар биздан ибрат олишсин-да… 

Ваҳоланки, “х” билан “ҳ”ни фарқлаш жуда осон эканлигини, ҳаттоки инглиз забон халқлар ҳам бунга амал қилишини ўйлаб кўрмаймиз. Илло, мисол учун улар “Хива”ни “Khiva” деб ёзишади, шундай талаффуз ҳам қилишади. “Ҳолливуд”ни эса “Holliwood” деб ёзишади ва ўқишади.

Ҳамон ёдимизда, мактабда пайтимиздаёқ адабиёт муаллимимиз “ҳ” бўғиз ундоши билан “х” чуқур тил орқа ундоши тафовутини куйиб-пишиб тушунтирганди, ҳатто доскага “ҳалқ” деб ёзган синфдошимизни “Бутун бошли халққа дум қўйиб юбординг-ку”, деб изза қилганди, бу товушлар билан бошланувчи сўзларни қайта-қайта талаффуз қилдириб, уларнинг фарқини кўрга ҳассадай қилиб тушунтирганди. Ҳар қалай, ўшанда ўқиганимиз, уқишга ҳаракат қилганимиз яхши бўлган экан… Бугунги кунга келиб эса, билимдонлигимиз шу даражага етибдики, ҳаттоки тил бўйича мутахассисимиз (!) бемалол “барибир ҳамма “х” ва “ҳ”ни адаштиради” дея бутун бошли халқни саводсизга чиқармоқда. Кўнгилдан аламли бир ўй ўтади: “Охир етиб келган манзилингми шу…” Балки орада қаратқич ва тушум келишикларини (-ни, -нинг”) ҳам бирлаштириб юборармиз: барибир кўпчилик адаштираётгани рост шекилли, ҳаттоки катта-катта шиорларда ҳам шундай хатолик­лар кўзга ташланиб қолаяпти.

 Дарвоқе, мазкур давра суҳбатида ўзбек тили учун шу вақтгача ишлатиб келинган ёзув тизимлари орасида энг мақбули 1929–1940 йилларда истифода этилган лотин графикаси дея эътироф этилиб, унинг нуқсон сифатида араб графикаси рудиментлари – “h”, “x” ҳарфлари ва апостроф (’) сақлаб қолингани таъкидланган.

Маълумки, кириллчадан лотин ёзувига ўтганимизда “ь” (юмшатиш белгиси) йўқолди. Энди, мисол учун, “пьеса”ни “пиеса” деб ёзамиз, “Пьер”ни “Пиер” деб. Эҳтимол чиндан ҳам юмшатиш белгиси тилимизга хос эмасдир. Аммо “ъ” (айириш белгиси)да нима айб? “Суръат”ни “сурат”дан, “маъно”ни “мано”дан, “таъсир”ни “тасир”дан, “таъна”ни “тана”дан қандай фарқлаймиз унда?..

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Шодийнинг “Adolat” газетасида эълон қилинган “Бу тил – кўп минг йиллик улкан адабиётнинг тили” мақоласида тилимиз ва алфавитимизнинг бугуни ва, табиийки, эртанги куни учун муҳим бўлган масала тилга олинган. Бу муаммо кўпчиликни бефарқ қолдирмаслиги аён. Шундай экан, мазкур мавзу юзасидан мутахасссисларнинг мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

Абдуқаюм Йўлдошев,

ёзувчи

Tegishli xabarlar

Мақсад – “омикрон” штаммининг тарқалишига чек қўйиш

admin

КОНСТИТУЦИЯГА ТАКЛИФЛАР ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЛАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

admin

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР : мазмун-моҳияти, зарурати, устувор йўналишлари 

admin