ADOLAT 24

Депутат сўровига жавоб қани?

Эндиликда йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларининг аксарияти махсус автоматлаштирилган фото ва видеомосламалар орқали қайд этилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган 2021 йил давомида жами аниқланган қоидабузарликлар ва улар юзасидан расмийлаштирилган баённомаларнинг 92 фоизи айнан фото ва видео махсус воситалар ҳиссасига тўғри келади.

Бироқ автоматлаштирилган тизимдаги айрим носозликлар туфайли бир шахс томонидан содир этилган қоидабузарлик юзасидан расмийлаштирилган жарима солиш ҳақидаги қарор (квитанция)ларни ҳуқуқбузарликка мутлақо алоқаси бўлмаган бошқа шахснинг номига юбориш ҳолатлари тез-тез учраб турмоқда.

Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Масалан, қоидабузар фуқаро Н.Жумаев(фамилияси ўзгатирилган)га юборилиши керак бўлган квитанциялар бир неча марта техник хатолик туфайли қоидабузарликка мутлақо алоқаси бўлмаган фуқаро А.Жумаев номига юборилган. Қизиғи, А.Жумаев ушбу квитанцияларни қабул қилмай, почта хизмати ходимларидан уни юборган манзилга қайтариб юборишни сўраган бўлса-да, бироқ кейинги сафар квитанциялар яна “адашиб” келишда давом этган.

Энг ёмони, тизимда бундай хатоликлар анчагина кўп бўлиб, улар оқибатида билиб-билмай қоидабузарликка йўл қўйган фуқароларнинг жаримани ўз вақтида тўлашда белгиланган 30 фоизлик имтиёз даври (15 кун)ни ўтказиб юбориши ва оқибатда жарима суммасини 100 фоиз миқдорда тўлашига тўғри келиши мумкин.

Қолаверса, бундай хато ва камчиликлар жамоатчилик орасида автоматлаштирилган тизимга нисбатан ишончсизлик келиб чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатасинининг бир гуруҳ депутатлари томонидан бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш, хусусан, автоматлаштирилган тизимни бошқаришга масъул бўлган ходимларнинг касбий малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўраб, Респуб­лика Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи номига депутат сўрови юборилганди.

Бироқ орадан салкам 2 ой ўтса ҳамки мазкур депутат сўрови ҳамон жавобсиз қолмоқда. Шу муносабат билан биз масъуллардан ушбу масалага нисбатан жиддий муносабатда бўлишни, кўрилган чоралар юзасидан асос­лантирилган тушунтириш беришни сўраб қоламиз.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

ЯНГИ ТИЗИМ ИШГА ТУШАДИ тўланадиган ҳақ юрилган масофа ва фуқароларнинг хизмат сифатидан қониқишига қараб белгиланади

admin

Ижтимоий давлатнинг муҳим шарти ва талаби янгиланаётган Конституциямизда акс эттирилади

admin

КИТОБ ўқимаслик КАСАЛИ

admin