ADOLAT 24

«Бор меҳримиз сенга, акция давом этади болажон!»

Қaлбидa эзгуликлaр билaн яшaйдигaн инсoнлaр дoимo хaйрли ишлaр қилишгa интилади. Aйниқсa, бу aмaллaри кимнингдир сoғлиғини сaқлaшгa кўмaк берсa… Дoнoрлaрни ҳам беғaрaз ёрдaм кўрсaтувчи инсoнлaр, деб aтaш мумкин.

Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан рес­публикамизнинг барча ҳудудларида ҳар йили анъанавий тарзда 8 декабрь – Конституция куни ҳамда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.
Тиббий-ижтимoий ҳимoягa муҳ­тoж инсoнлaрни қўллaб-қуввaтлaш, фуқaрoлaрни кўнгилли рaвишдa қoн тoпширишгa чaқириш oрқaли бемoр бoлaлaрнинг ҳaётини сaқлaб қoлиш, жaмиятдa меҳр-oқибaт вa инсoнпaрвaрлик ғoялaрини тaрғиб қилишни мақсад қилган мазкур акциянинг 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан саховатпеша кўнгиллиларни бир сафга жам этгани хайрли ишларга сабаб бўлди. Бу ихтиёрий сафарбарлик акция­нинг аҳоли орасида аҳамияти йилдан-йилга янада ортиб бораётганидан далолат беради.

Пойтахтимизда жойлашган Республика Қон қуйиш марказида партия ташаббуси билан старт берилган навбатдаги хайрли тадбирда ҳам донорликнинг тиббий талабларига тўлақонли мос деб топилган, 55 килограммдан ошиқ вазнга эга 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом юртдошларимиз иштирок этишди. Кун давомида Қон қуйиш марказига ихтиёрий равишда ташриф буюриб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болажонларимиз учун ўзининг меҳр-мурувватини, ҳаёт томчиси бўлмиш қонини улашиш истагида бўлган фуқароларимизнинг кети узилмади. Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда қон ва қон маҳсулотларига бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Бугунги кунда аҳолининг 0,4 фоизгина қон топширади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 3-4 фоизни ташкил қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия­ларида эса донорлар аҳоли сонининг камида – 1 фоизини ташкил этиши лозимлиги белгиланган.

Партия ташаббуси билан 2016 йилдан 2021 йилга қадар ўтказилган акцияларда жами 9 752 нафар донор иштирок этиб, йиғилган 3 900 литр қон 19 504 нафар қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва тизимдаги ЙҲҲ бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари ва юқоридаги вазирликлар таркибига кирувчи қатор ташкилотлар вакиллари, партия хайрихоҳлари ва ОАВ вакиллари ҳамда кўплаб кўнгиллилар иштирок этган мазкур беғараз донорлик акциясида 250 дан ортиқ юртдошларимиз донор бўлишдек шарафли ишга бош қўшдилар. Белгиланган тиббий меъёрга кўра ҳар бир инсондан 400 граммдан ҳаёт томчиларини кўнгилли равишда беғараз топширилганини ҳисобга олсак, биргина бугунги акцияда қонга муҳтож беморлар учун 100 литрга яқин қон йиғишга эришилди. Айтиш жоизки, соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик – кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди.

Азизбек Пухарбаев,

Тошкент шаҳар, акция иштирокчиси:

– Ушбу донорлик акциясида иштирок этиб, жажжи болажонларимиз саломатлиги тикланиши учун ҳисса қўшишни инсонийлик бурчим, деб биламан. Чунки, бемор болалар ва уларнинг ота-онаси учун топширилаётган ҳар бир томчи қон нечоғли аҳамиятли эканлигини жуда яхши ҳис этаман. Тилагим, ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин, мамлакатимиз болалари ҳеч кимдан кам бўлмасин, ҳар доим юртимиз узра болалар кулгиси жаранглаб турсин.

Гулнисо САИДОВА,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бошқарма бош­лиғи:

– Шубҳасиз, бугунги акцияда эзгу фикрли, олижаноб инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, ушбу хайрли ишда халқимизнинг яна бир бор жипслашуви, бемор болажонлар учун кўмакка интилишини кўриб, ҳар бир иштирокчининг кўнгли кўтарилди. Яна шуни ҳам айтиш жоизки, ўтказилган акция­­га ташриф буюрган ҳар бир юртдошимизнинг кўнглида мурғак болажонларимиз ҳеч қачон касал бўлишмасин, кўзлари ёшланмасин, умрлари узоқ бўлсин, Ватанимиз корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етишсин, деган эзгу туйғу жўш уриб турганини ҳис қилиб турдик. Ушбу акция кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда, болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Боланинг бегонаси бўлмайди. «Бор меҳримиз сенга, болажон!» акция­­си доирасида ўтказилган тадбирларда жамиятимизда саховатпеша, болажон, дарёдил ҳамюртларимиз нечоғли кўп эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Нафақат пойтахтимиздаги Республика Қон қуйиш маркази, шунингдек, мазкур марказнинг барча ҳудудий бўлинмалари бемор болажонларга қон бериш истагида бўлган кўнгилли донорлар билан гавжум бўлди.

Отабек Эргашев,

Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси ходими,

акция иштирокчиси:

– «Адолат» партиясининг «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги донорлик акцияси менда чуқур таассурот қолдирди. Ушбу тадбирнинг бош мақсади инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва донорларнинг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат. «Адолат» партиясининг донорлик бўйича ташаббусини қўллаб-қувватладим ва қон топширдим.

Умрбек Жуманов,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Хоразм вилоят бўлими нав­батчи диспетчери, акция иштирокчиси:

– Ҳар йили партия ташаббуси билан ташкил этилиб келинаётган донорлик акцияси ҳамюртларимиз қатори ташкилотимиз томонидан ҳам илиқ кутиб олинади. Бугун бўлиб ўтаётган акциянинг фаол иштирокчиси бўлдик. Хайрия тадбирига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида 50 нафардан зиёд жамоамиз аъзолари Қон қуйиш марказига келдик ва қон топширдик. Биз ҳам болажонларимизни соғлом ҳаётга қайтаришда ҳиссамиз борлигидан хурсандмиз.

Бир сўз билан айтганда, «Бор меҳримиз сенга, болажон!» акция­­си кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда, болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди. Бу галги акция доирасида бемор болажонлар учун икки мингдан зиёд беғараз донорлар томонидан минг литрдан зиёд қон тақдим этилди. Бу эса, ўз навбатида қанчадан-қанча ўксик кўнгилларга қувонч, умид ва нажот бағишлади деганидир.

Акцияда фаоллик кўрсатган турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда тиббиёт ходимлари, қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва бир қатор кўнгиллилар партия­нинг Марказий ва ҳудудий кенгашлари томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ушбу хайр­­ли акция жорий йилнинг 15 декабригача республикамиз ҳудудлари бўйлаб кенг кўламда давом эттирилиши режалаштирилган.

Муродилло Маҳмудов,

«Адолат» СДП Марказий аппарати бош мутахассиси

Tegishli xabarlar

Жаҳон аҳлига андин муждаи равон келди

admin

АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК БУНЁДКОРЛИК

admin

Шоҳида ИСМОИЛОВА: томошабиннинг эътирофи — санъаткорнинг бахти

admin