ADOLAT 24

«Конституция ранглар жилосида» кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда барча соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу сабабдан, «Адолат» СДП томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ёшларнинг сиёсий билимини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир қатор лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Аҳамиятлиси, мазкур лойиҳалар доирасида ёш авлодга Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириш, уларнинг ҳуқуқий-сиё­сий саводхонлигини оширишга қаратилган бир қанча ҳуқуқий-маърифий, маданий тадбирлар, интеллектуал мусобақалар, учрашувлар, ижодий кечалар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, партия томонидан 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган сана муносабати билан ёшларимизни Бош қомусимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг онгида демократик ва адолатпарварлик тамойилларини шакллантириш, келажагимиз эгаларининг сиё­сий ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида кўп йиллардан буён анъанавий тарзда «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида «Конституция билимдони» кўрик-танлови ўтказилиб келинаётганлиги кўпчиликка маълум.

Аҳамиятлиси, партия жорий йилда Бош қомусимизнинг 30 йиллиги муносабати билан айни йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, ёшларимизни Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган ҳар бир модда билан қулайроқ таништириш, уларнинг дунёқараши ва иқтидорини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекис­тон Миллий банки, Ўзбекис­тон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида янги лойиҳага қўл урди.

«Конституция ранглар жилосида» деб номланган мазкур кенг қамровли ижодий кўрик-танлов рес­публикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб уч босқичда – туман (шаҳар), вилоят ҳамда республика босқичларида ўтказилди.

Айтиш жоизки, ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ёшлар онгида мустақиллик туҳфа этган азиз неъмат – Ватанимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонликнинг қадрига етиш, шунингдек, юртимиз фуқароларининг бурч, ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини ўзида мужассам этган Конституциямизни ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, қолаверса, эртамиз эгалари қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат фазилатларини шакллантириш, давлат рамзларининг миллий давлатчилигимиз тарихи, бугунги мустақил тараққиётимизда тутган ўрни ва қадр-қимматини юксалтиришдан иборатдир.

Унда мамлакатимизнинг 18 ёшгача бўлган мингдан зиёд истеъдодли ёшлари Конституциямизнинг 128 та моддаси, Муқаддимасида белгиланган нормалар мазмун-моҳиятини ранглар орқали юксак дид ва маҳорат билан ўз расмларида тасвирлашди. Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар босқичидан муваффақиятли ўтган иқтидорли ёшларнинг 4 мингдан зиёд ижодий ишлари республика босқичида яна бир бор кўрик-танлов ҳайъати томонидан танлов низомида белгиланган талабларга кўра саралашдан ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур жараёнларнинг ҳар бир босқичида иштирокчиларнинг ижодий ишлари таниқли санъатшунослар, тажрибали ҳуқуқшунослар, партия фаоллари ва жамоатчилик вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати томонидан мазмунни атрофлича очиб беришга бўлган ёндашув ва маҳоратнинг юксаклигига кўра холис ва адолатли баҳолаб борилди.

Қизғин ва юқори савияда ўтган республика босқичидан сўнг, жорий йилнинг 2 декабрь куни пойтахтимизда жойлашган Расмлар уйи­­да кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда якуний босқичида саралаб олинган ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раи­­си Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекис­тон Бадиий академияси раи­­си Акмал Нур, шунингдек, таниқли санъатшунослар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, партия фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъатининг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган ҳамда барча иштирокчилар сабрсизланиб кутган якуний натижалар эълон қилинди.

Унга кўра, 3-ўринни Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаб интернати ўқувчиси Моҳидил Мираҳмедова (63-модданинг мазмун-моҳиятини тасвирлаб чизган расми учун), 2-ўринни Қорақалпоғис­тон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб интернати ўқувчиси Мийлибек Дусмаилов (61-модданинг мазмун-моҳиятини тасвирлаб чизган расми учун) ва 1-ўринни Тошкент шаҳрида жойлашган П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқувчиси Зуҳра Жўраева (9-модданинг мазмун-моҳиятини тасвирлаб чизган расми учун) қўлга киритдилар. Шунингдек, яна кўплаб иштирокчиларнинг чизган суратлари ҳакамлар ҳайъати томонидан эътироф этилиб, «Конституция ранглар жилосида» номли китобга киритиш учун тавсия этилди. Ғолиб деб топилганларга партия ва ҳамкор ташкилотлар томонидан сертификат, ташаккурнома, қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари топширилди.

Шунингдек, кўрик-танловнинг юксак савияда ўтказилишида яқиндан ҳамкорлик қилган қатор ташкилотларга, хусусан, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий банки, Ўзбекистон Респуб­ликаси Маданият вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети ва бош­­қа ҳамкорларга самимий миннатдорчилик билдирилиб, партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирнинг очилишида сўз олган партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ўтказилган кўрик-танловнинг мақсад ва моҳиятига атрофлича тўхталар экан, бежизга партия томонидан бундай кенг кўламли лойиҳага қўл урилмагани, сабаби «Адолат» СДПнинг мақсад ва вазифаларида аҳолини, хусусан, ёшларнинг сиёсий тафаккурини, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир қатор масалалар белгилаб олинганлиги ва ушбу танлов партия томонидан шу йўналишда ўтказилаётган қатор анъанавий тадбирларнинг мантиқий давоми ва ўз ўрнида янги босқичи бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур кўрик-танловнинг ёш истеъдод эгалари учун ижобий аҳамияти борасида сўз юритиб, бу каби лойиҳалар ижодкор ёшлар учун ўз иқтидорини намоён қилишларига имконият яратиш билан бир қаторда, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишда, ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини юксалтириш, уларни Конституциямиз ва бош­­қа қонунларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратди.

Асосий қисмдан сўнг танловнинг якуний босқичида саралаб олиниб, «Конституция ранглар жилосида» номли яхлит китобга киритиш учун тавсия этилган ижодий ишлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, республикамизнинг турли ҳудудларидан иштирок этган истеъдодли ёшлар учун қизғин лаҳзаларга ва унутилмас таассуротларга бой бўлган мазкур кўрик-танлов ва унинг маҳсули бўлмиш эртамиз эгалари томонидан чизилган бири-биридан ажойиб суратларнинг «Конституция ранг­лар жилосида» номли китоб-альбомга жамланиши Бош қомусимизнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Буюк келажак Адолат, фаоллик, фидойилик туфайли яратилади

admin

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени…

admin

Адолат бор жойда тараққиёт бўлади

admin