ADOLAT 24

АДОЛАТ

Америкада ҳаммага машҳур бир судья бор. Ниҳоятда адолатли. Ўша судья бир сафар ўн беш ёшли бир бола устидан ҳукм қилди. Бола дўкондан нон ва пиш­лоқ ўғирлаган экан. Бола қочиш асносида токчалардан бирини ҳам синдирган. Ҳодиса тафсилотини эшитган судья боладан сўради:
– Сен ҳақиқатдан ҳам ўғирлик қилдингми? Нон ўғирлаб токчани ҳам синдирдингми?
Бола хижолатдан ерга қараб жавоб берди:
– Ҳа!
– Нега ўғирлик қилдинг?
– Муҳтожликдан.
– Ўғирлагандан кўра сотиб олсанг бўлмасмиди?
– Пулим йўқ!
– Отанг ёки онангдан пул олсанг бўлар эди-ку!
– Отам йўқ. Онам бор. У бемор. Ишлай олмайди. Онам учун нон ва пишлоқ ўғирладим!
– Ишламайсанми?
– Машина ювар эдим. Онамга ёрдамлашиш учун хўжайиндан бир кун жавоб сўрадим. Шунинг учун мени ишдан ҳайдашди!
Савол-жавоб тугагандан сўнг судья ҳукмни эълон қилди:
– Ўғирлик, хусусан, нон ўғирлаш жуда ҳам уятли иш. Бу ўғирликда ҳаммамиз шерикмиз. Мана шу залда ўтирганларнинг бари бу жиноятга шерик. Улар ичида мен ҳам борман. Бу ерда ўтирганларнинг барига ўн доллардан жарима соламан. Ўн доллар бермасдан ҳеч ким залдан чиқмасин!
Биринчи бўлиб судьянинг ўзи чўнтагидан ўн доллар чиқариб столга қўйди ва деди:
– Оч қолган болани полицияга топширган дўкон эгасига минг доллар жарима соламан. Агар дўкондор пулни бермаса, дўкони ёпилади. Модомики, кимдир нон ўғирлар экан, бундан барча фуқаролар уялиши лозим. Бу жамиятимиз учун шармандалик!
Залдаги барча иштирокчилар боладан кечирим сўрашди. Ҳамма йиғлади. Судья ҳам залдан кўзларида ёш билан чиқди.

Tegishli xabarlar

АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК БУНЁДКОРЛИК

admin

Конституция билимдонлари аниқланмоқда

admin

Депутат сўрови: Нарх назорат қилинмайдими?! 

admin