ADOLAT 24

“КИНО УЧУН ТУҒИЛГАН!”

Экранда Ражаб Адашевни кўрган ёки эслаган киши бор-ки, юзига табассум югуради. Актёр “Янги бой”, “Бойвачча”, “Кичкина табиб”, “Афанди ва Азроил”, “Девона”, “Алпомиш”, “Отамдан қолган далалар”, “Бомба”, “Қизилқум”, “Алибобо ва 40 қароқчи”, “Еттинчи жин”, “Семурғ”, “Ой бориб, омон қайт” каби 100 дан ошиқ фильмларда ўзига хос, эсда қоларли образлар яратди. Айниқса, “Абдуллажон” фильмидаги Бозорвой образи уни халқ ичида янада машҳур қилди. Бу роли орқали у ўзбек киносининг боқийликка дахлдор актёри сифатида томошабинлар кўнглидан жой олди, десак муболаға бўлмайди. Актёрнинг Абдуллажонга қарата айтилган “Шакарсан, шакар!” ибораси томошабинларнинг ҳар бирининг хонадонида янграши бор гап. Бу кинофильмни томошабин қанча кўрса ҳам зерикмайди, аксинча завқ олади.

1964 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут шаҳридан Тошкентга келиб, 20 ёшида “Ўзбекфильм” киностудиясига ишга кирган, бирин-кетин яратган турли образлари орқали ўз истеъдодини намоён қилиб, тезда эл назарига тушган Ражаб Адашевнинг меҳнати давлатимиз томонидан юксак баҳоланди. У 1997 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, 2010 йилда “Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти” унвонига сазовор бўлди. Салкам 80 ёшни қоралаган, ҳанузгача эл хизматидаги севимли актёримиз 2021 йилда “Дўстлик” ордени соҳиби бўлди ва 2022 йилда “Меҳнат фахрийси”, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Севимли актёримизнинг ҳаёти, оиладаги ўрни, қизиқиш ва интилишлари билан яқинроқ танишиш мақсадида унинг турмуш ўртоғи, эришган муваффақиятларига салмоқли ҳисса қўшган Раънохон ая Сирожевани суҳбатга тортдик.

— Раънохон ая, ёшлигингизда актёрнинг рафиқаси бўламан, деган фикр хаёлингизга ҳам келмаган бўлса керак-а?

— Ўйлаш қаёқда дейсиз. Бизнинг ёшлигимиз оғир йилларга тўғри келган. У пайтларда бугунгидай дориломон кунлар қайда?! Ургут туманининг “Камонгарон” маҳалласида яшардик. Отам уруш қатнашчиси бўлиб, савдо соҳасида ишлаганлари учун бизнинг шароитимиз бошқаларникидан хиёл яхшироқ эди, чамамда. Онам уй бекаси, 7 фарзанднинг ҳамма ташвиши зиммасида эди. Отам ўқишимизга катта аҳамият бергани учун барча ака-сингиллар мактабни намунали ўқувчи сифатида тугатдик. У пайтда қишлоқда камдан-кам оила фарзандини ўқишга жўнатарди. Менинг орзуим она тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиш эди. Аммо Самарқанд давлат инс­титутига кириш имтиҳонларидан ўта олмагач, отам мени собиқ “район комсомол комитети”га ишга жойлаштириб қўйдилар, 4-5 ой ишлаганимдан кейин ўзим таҳсил олган мактабга ишга чақиришди. У пайтдаги шароитдан келиб чиқиб, зиёли, билимли ўқитувчилар кам бўлгани учун мени, аввалига, ўша давр атамаси билан айт­ганда, пионер­вожатий, сал ўтиб ўқитувчи қилиб ишга олишди. Шу билан менинг ўқитувчилик фаолиятим бошланди.

— Замона зайли билан у пайтларда ўқитувчилар етишмаганлиги учун билимли ёшларни ишга олишган эканда?

— Ҳа, чунки шароит қийин, одамлар қорин ғамида, китоб-дафтарлар, ўқув қуроллари етишмас, оналар болаларига папка тикиб беришар, унда идишдаги суюқ сиёҳ тўкилиб, китоб-дафтарларнинг расвосини чиқарар, бир дона китобни навбати билан ўқир эдик.

— Ражаб ака билан танишувингиз қандай бўлган? Тўйингиз бўлганида у киши актёр бўлиб танилганмиди? Унинг элга машҳур актёр бўлиши мумкинлиги ҳақида тасаввур ҳам қилмаганмисиз?

— Аслида иккаламиз бир мактабда таҳсил олганмиз, аммо бир-биримизни танимаганмиз. У киши мактабни тугатгач ҳам устозини кўришга келиб турар эканлар. Бир келганларида шу ерда ишлайдиган жияни: “Уйлансангиз бир яхши қиз бор”, деб мени кўрсатибди. Шу билан тақдиримиз боғланди. 1972 йилда тўйимиз бўлди. Қайнотам Ражаб ака 12 ёш бўлганида оламдан ўтган, оилада қайнонам ва 2 қайнопам бўлиб, улар ҳам турмушга чиқиб кетишган эди. Қайнонам жуда меҳнаткаш ва меҳрибон аёл эдилар. Маҳалламизда қўни-қўшниларнинг кўйлакларини тикар, чопон тикиб, бозорга олиб чиқиб сотиб, рўзғор тебратардилар. Ана шундай тинч ва осойишта оилага келин бўлдим. Ражаб ака ҳам бир йилча Ургут халқ театрида ишлаб юрдилар-у, Тошкентга кетиш фикридан қайтмадилар. Онаси у кишини оилали бўлса шу ерда яшаб қолар, деган ниятда Ургутдан уйлантирган бўлсалар ҳам унда катта ижод қозонида қайнаш иштиёқи кучайганидан кучайиб бораверди. “Ўзбекфильм”га ишга чақиргач, кетдилар…

Мен қишлоқда қолдим. Чунки кекса қайнонамни ёлғиз ташлаб кетолмасдим. Мактабда ўқитувчилик қилдим, бу орада қизим туғилди. Қайнонам раҳматлик қизимга қарадилар, мен ишладим, шу билан бирга, инс­титутнинг сиртқи бўлимига ўқишга кирдим. Эрта тонгда кетиб, кеч келардим. Қайнонам анча кекса – 73 ёшда бўлсалар ҳам ўқинг, деб боламга қараб ўтирардилар. Ургут – Самарқанд орасида қатнаб ўқидим, ҳам мактабда ишладим, бўш вақтимда кашта, чопон тикардим, тўғриси, менинг ҳам қилмаган ҳунарим қолмади, чунки рўзғор теб­ратиш керак эди. Ражаб ака Тошкентда, мен Самарқанддаман. У кишининг ижодга шўнғиган пайтлари, ойлаб съёмкаларда юришарди. Қайнонам раҳматли ҳар куни йўлга термулиб, 44 ёшида Аллоҳдан тилаб олган ёлғиз ўғлини кутардилар. Ражаб ака 2-3 ойда бир келардилару эртасига яна жўнаб кетардилар. Шу тарзда яшаб, бир қиз, бир ўғилли бўлдик.

— Лоақал болаларингиз туғилганида ёнингизда бўлармидилар?

— Ўғлим туғилгач, “Ўғил кўрдинг”, деб телеграмма жўнатишгач, бир кунга келиб, бизни туғруқхонадан олиб чиққач, эртасигаёқ яна Тошкентга кетганлар. У киши фақат кино учун яралгандек, ўзининг гапи билан айтганда, жону дили – кино эди. Қайнонам раҳматли, қайнопаларим, ота-онам мени ёлғизлатишмаган.

Шундай қилиб, 7-8 йил қайнонам билан бирга яшадик. Қизим 6 ёш, ўғлим 2 ёш бўлганида Тошкентдан уй беришди. Аммо қайнонамни ёлғиз ташлаб кетиш жуда қийин бўлган. “Биз билан юринг”, десак кўнмайдилар: “Мен шу ерда, бобойимнинг чироғини ёқиб ўтираман, сизлар бораверинглар”, деб. Жуда аросатда қолганмиз. Бир томондан Ражаб ака узоқ йиллар ижара уйларда яшаб қийналганлар. У киши менга: “Бормасанг уйимизни қайтариб олиб қўйишаркан”, деганларидан кейин қайин­опаларим: “Бораверинг, онамга ўзимиз қараймиз”, дейишди, чунки улар ён қўшнимизга келин бўлиб тушишган эди. Шу билан шаҳарга келиб, бир оила бўлиб яшай бошладик.

— Мамлакат пойтахтида ўз йўлини топиб, ризқини териш, тош шаҳарга сингиб кетиш осонмас. Бу жараёнлар қандай кечган?

— Осон бўлмади, албатта. Мен 2 болам билан ишлай олмадим. Уларни бир йилгача боғчага жойлаштира олмадик. Бир кишига 4 кишилик оилани тебратиш осонмас. Раҳимжоним 3 ёшга тўлгач, Чилонзор туманидаги 200-мактаб­­га ишга киришга муваффақ бўлганман.

Эй, ҳаёт кутилмаган тасодифларга тўла. Қайнонамнинг узоқдалигидан бизнинг ҳаловатимиз йўқолди. Фарзанд кутаётганлигимизни баҳона қилиб, чақалоққа қарашмасангиз бўлмайди, деб ёнимизга олиб келмоқчи бўлдик, олиб ҳам келдик. Аммо у киши Тошкентга келиб инсульт бўлиб қолсалар, денг. Қиш қаҳратонида телеграмма орқали икки поччаларини чақиртириб, машинада бир амаллаб Ургутга олиб кетдик. Тақдир ёзиғини қаранг-ки, борган кунимиз учинчи фарзандимиз туғилди. Шу билан хўжайиним 8 ой онасига қараб, ёнларидан жилмай ўтирдилар. Ишлари қолиб кетаётганлиги учун мен: “Сиз бораверинг, онамизга ҳам, болаларга ҳам ўзим қарайман, мактабга ишга кираман, рўзғорни ҳам ўзим тебратаман”, деб, ҳаммасини зиммамга олиб, у кишини Тошкентга жўнатдим. Чунки бошқа йўл йўқ эди, у кишининг иши қолиб кетаётган эди. Эрталаб қайнонамга, болаларга қараб, мактаб­­га кетардим, 2-синфда ўқийдиган қизим бешик тебратиб, укаларига қараб ўтирарди. Мен келишим билан қизалоғим мактабига чопарди. Ўша 1981-1982 йиллар ҳаётимизда оғир синовли йиллар бўлди. Бир йилдан кейин қайнонам бандаликни бажо келтирдилар. Эшикни қулф­лаб кетса уят бўлади, деб яна бир йил, токи қайнонамнинг ҳамма маъракаларини ўтказгунимизча Ургутда яшашимга тўғри келди. Тўртинчи фарзандим ҳам Ургутда туғилиб, 7-8 ойлик бўлганидан кейин яна Тошкентга келганман. Албатта, ҳаётда ҳеч нарса изсиз кетмайди, бу орада соғлигимда муаммо пайдо бўлиб, асаб­ларим чарчаб, уйқусизлик касалига дучор бўлиб қолдим. Хўжайиним ҳазиллашиб: “Бош­қага уйланмасам бўлмайди”, дердилар. Ҳозир баъзида шуларни эслаб, “Эринг бўла туриб, тўрт болани боқиб, ҳам ишлаб, ҳам рўзғор теб­ратган сендек аёлга ҳайкал қўйиш керак” десалар, хурсанд бўлиб кетаман. Инсон сув келса симириб, тош келса кемириб яшасагина ёруғ кунларга етар экан.

— Актёрнинг кинога муҳаббати шу қадар кучли бўлишига нима сабаб бўлган?

— Менимча, санъатга қизиқиш турмуш ўртоғимга отасидан ўтган бўлса керак. Қайнонамнинг айтишларича, қайнотам Адаш Ҳалим ўғли 5 кишилик масхарабоз комиклар гуруҳини тузиб, фаолият кўрсатишган экан. Кейинчалик 1930 йилларда “Ўзкино” ташкил қилингач, унда чавандоз-дублер бўлиб ишлаган ва иш жараёнида отдан сакраб, оқсоқ бўлиб қолган, шу билан иш фаолияти ҳам якунланган экан. Ражаб ака ҳам болалигидан санъатга қизиққан бўлиб, ёлғиз ўғил бўлгани учун ҳам онасининг уни шаҳарга ўқишга юборишга кўзи қиймай, қурувчи бўлиб ишлаб, ўз бағрида, кўз олдида юришини истаган. Аммо Ражаб ака бир йилгина зўр-базўр ишлаб, барибир Тошкентга кетган эканлар. Вилоятдан келган, ҳеч қаерда ўқимаган бу йигитнинг истеъдодини синовдан ўтказган устоз санъаткорлар унинг дипломсиз эканига ҳам эътибор қаратмасдан турли ролларга қабул қилишган. Кейинчалик яъни, 1964 йилда “Ўзбекфильм” киностудиясига ишга кириб, 1970 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтининг актёрлик бўлимини ҳам битирганлар.

— Актёр билан яшашнинг мушкул ва афзал томонлари нималардан иборат? Менингча, одам ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларга, турмушдаги кундалик ташвишларга осон деб қараса осон, қийин деб қараса қийин кўринаверади. Шундай эмасми?

— Ҳақиқатдан ҳам шундай. Умр йўлдошим касбига шунчалар садоқатли эдилар-ки, ҳаётимиздаги ҳар қандай вазиятда ҳам ишдан, съёмкалардан қолмас эдилар. Ҳаттоки, мен касал бўламанми, болалар соғлигида муаммо бўладими, “Бормасам бўлмайди”, деб ишга кетардилар. Бир ўзим бегона юртда гоҳ ишга, гоҳ шифокорга, гоҳ уйга югураман… Агар ўша пайт­лар бу ҳолатни оилага эътиборсизлик, деб баҳоласам, оилам дарз кетиши мумкин эди. Шунинг учун: ”Менга ишонадилар-да, ишларининг масъулияти оғир”, деб қабул қилганман.

Баъзида актёрга роль берилмаган вақтлари ҳам бўларди. Шундай вақтда оилага аёлнинг ёрдами керак. Бунинг устига актёрнинг аёли оила залворини елкасига олишга тайёр бўлиши лозим. Узоқ муддатли съёмкалар натижасида уйидан хабар ололмайди. Бу унинг касб тақозоси эканлигини тушуниши лозим.

Актёрнинг оиласи бўлишнинг яхши томони шуки, премьераларда, кўча-кўйда юрганингизда одамлар сизга фалончи актёрнинг аёли сифатида ҳавас билан қарашади, бунинг устига яхши фильм яратилса, узоқ йиллар томошабинлар эҳтиромига сазовор бўлишади.

— Раънохон ая, актёр ҳаётни кинода акс эттирар экан, деярли барча образларда аёллар билан бирга роллар ижро этади. Сизлар анча вақт бир-бирингиздан узоқда яшашга мажбур бўлгансиз, шундай вақтларда умр йўлдошингизни қизғанмасмидингиз?

— Ўринли савол. “Ой бориб, омон қайт” фильми биз фотиҳа қилинган пайтимиз экранларга чиққан эди. Бу кинони Ургут кинотеатрида ўқитувчилар билан бирга томоша қилганимизда, касбдошларим: “Бегона қизлар билан юрибди, рашк қилмайсанми?” деб сўрайверишган. “Кинода-ку”, деб жавоб берганман. Аёллар бу саволни менга кўп беришади. “Қаранг, рашк қилмайсизми?” деб гиж-гижловчилар ҳам бўлган. “Йў-ўқ, нимага рашк қиламан”, деб жавоб берганман. Тўғриси, етишмовчилик, болалар, рўзғор ташвиши билан бўлиб, рашк ҳақида ўйлаб ўтиришга вақтим ҳам бўлмаган. Мактабда “Сиз яхши дарс берасиз”, деб икки синфни бериб қўйишган, бош­ланғич синфларга 2 сменада дарс ўтардим. Оиладаги келишмовчилик ва жанжаллар аёлларнинг уйда бўш ўтиришганидан келиб чиқса керак, деб ўйлайман.

— Актёр кўпчилик ролларида содда, самимий қаҳрамон образида гавдаланади. Аслида у киши қандай инсон?

— Ҳаётда ҳам содда, самимий, кўнгилчан одам. Оиласига садоқатли инсон. Ижодий сафарларга кетсалар ҳам рўзғоримизни бут қилиб, кейин кетар эдилар. Болажон киши. Ишдан келиши билан болаларига қучоғини очардилар. Шунда икки кичик фарзандимиз отаси бағрига югуришарди, икки каттаси эса индамай туришарди. Шундай пайтлари жуда хафа бўлиб кетардилар: “Нега бегонасирашади булар? Мен отасиман-ку!” деб. “Хафа бўлманг, улар сизни кам кўришган-да, ўрганиб кетишади”, дердим. Ҳозир невараларига жуда меҳр берганлар. Келинларининг қўлидан боласини олиб, уларга қараб, овқатлантириб, ўйнатиб, эртаклар айтиб бериб, ухлатиб қўядилар. Болалар ҳам бобоси билан зерикишмайди. Ёшлигида иш билан бўлиб, болалари ёнида кам бўлганининг ўрнини невараларига берган меҳри билан тўлдираяптилар, дейман уларга қараб. Келинларини ҳам жуда ҳурмат қилади. Нима таом тайёрлашни сўрашса, “Ўзингиз егингиз келган овқатни пиширинг”, дейди. “Келиним ийманиб, яхши кўрган таомини емай юрмасин”, дейдилар-да. Овқатдан сўнг келинларини алқаб, узундан-узоқ дуо қиладилар. Бировнинг кўнглини оғритиш у кишига бегона. У кишининг кайфиятини кўтариш, кўнглини олиш жуда осон: ўз вақтида бироз эътибор қаратилса, бас.

— Актёр ҳаётда кўпроқ нималардан азият чекади?

— Ноҳақлик бўлса, ким-кимгадир ичиқоралик қилиб, туҳмат қилса, баъзида иккиюзламачи одамларни кўрса, хафа бўладилар. Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарайдиганларни ёқтирмайдилар, ундайлар ҳеч қачон сўзида ҳам турмайди, бировга фойдаси ҳам тегмайди, дейдилар. Мансаб ва бойлик орттириш мақсадида ўз яқинларини ҳам сотиб кетадиган одамларни ёмон кўрадилар.

— Актёр кўпинча комик роллар ижро этади. Оила даврасида, ҳаётда ҳам шундай хислатга эгами ёки жиддий характерли инсонми?

— Умр йўлдошимни кўнглида кири йўқ инсон, туғма комик актёр дейиш мумкин. Аммо гоҳида хушчақчақ, гоҳида босиқ. Дастурхон атрофида ўтириб овқатланаётганимизда ҳам табиий ҳолатда кулгуга сабаб бўладиган ҳазил қиладилар ёки телевизордаги актёрнинг қилиғини ўхшатиб берадилар. Баъзида невараларимизга бир шеърни ҳам сокин, ҳам кулгули, ҳам қайғули оҳангда айттириб, ҳаммамизни кулдириб ўтирадилар. Келиним ҳалигача кулиб эслайди, тўйдан бир ҳафталар ўтгач, ҳамма овқатланиб, ўз хонасига кириб кетгач, ўта жиддий кайфиятда: “Ҳамма шу ерга йиғилсин!” десалар, янги келин бечора ичида: “Нима бўлди? Овқатим бемаза бўлганмикан? Қандай айб қилдим? Эй худо, ўзинг қўлла!” деб роса дуо қилибди. Ҳамма тўплангач эса Ражаб ака: “Тарвуз еймизми ёки қовунми? Шу масалада менга ким ёрдам беради?” деб кулиб юборсалар, ҳаммамиз қўшилиб кулганмиз. Фақат уйда олтин қоидамиз бор: у кишининг айтгани, буюрган иши, албатта, бажарилиши керак ва шарт. Гапи ерда қолмаслиги керак, бу масалада жуда инжиқ. 

— Бўш вақтларида кўпроқ нималар билан машғул бўлишни яхши кўради?

— Ёши 80 га яқинлашган, аниқроғи, 78 га кирган бўлса ҳам у кишини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа чақиришади. Китоб мутолаа қилади, дун­ё­­нинг энг таниқли актёрлари роль ижро этган киноларни кўриб, уларнинг маҳоратини кузатади. Невараларига тарбия беришдан асло чарчамайдилар: кенжа неварамиз Мубина боғчадан келиши билан қўлларини кўксига қўйиб, бобосига: “Ассалому алайкум, ҳурматли бобожон!”, деб таъзим қилади, бобоси ҳам ўз нав­батида: “Ваалайкум ассалом, ҳурматли Мубина неварам!” деб қучоқ очиб кутиб оладилар. Биз бобо ва неваранинг бир-бирига муомаласини кўриб, кулиб, қувониб ўтирамиз. Бу ижодкор инсон бир умр ўз ижро этган роллари билан одамларга маънавий озуқа берган бўлсалар, энди невара, эвараларига ўзаро ҳурмат ва гўзал муомалани ўргатаяптилар, дейман ичимда.

— Ражаб Адашев ўзининг “Абдуллажон”, “Кичкина табиб”, “Осмондаги болалар”, “Девона”, “Кичкина табиб” каби ўнлаб, юзлаб фильмларидаги роллари билан барча томошабинларнинг кўнглидан жой олди ва уларнинг ҳурматига сазовор бўлди, умрбокий образлар ярата олди. Сизга у ижро этган қайси фильмлар кўпроқ манзур бўлган ва уларнинг қай бирида ўз характерига яқин образларда гавдаланган?

— “Абдуллажон” фильми кўпчилик тамошабинлар қатори менга ҳам жуда манзур бўлган. Ўша фильмдаги роллари актёрнинг ҳаётдаги ўзлигига жуда яқин. Шу кинони кўрсам, оилабошим, турмуш ўртоғимнинг асл қиёфасини кўргандай бўламан. Ражаб ака қайси фильм­­да, қайси ролни талқин этмасин, айтмоқчи бўлган фикрини нафақат сўзда, балки, ҳар бир хатти-ҳаракатида, юз ифодасида баён эта олиш қобилиятига эга. Худди бу кино эмас, ўз ҳаётида бўлаётган воқеа каби оддий ва ишонарли қилиб ўйнайди. Ўзларининг тили билан айтганда, шу образда “яшайди”. Ражаб ака кино учун туғилган, агар уйқусидан уйғотиб, бирон образдаги бирор эпизодни сўрасангиз, осонгина ижро этиб бера олади.

— Фарзандлари орасида ота касбини давом эттираётганлари борми?

— Қизларимиз менинг касбимни танлаб, ўқитувчи бўлишди. Кимёхон Чилонзор туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабининг маънавият бўйича директори ўринбосари. Кичик қизимиз Барно ҳам Чилонзор туманининг 107-сон умумий ўрта таълим мактабида маънавият бўйича директор ўринбосари. Ким­ёхоннинг ўғиллари санъат йўлидан боришаяпти. Хислат консерватория­нинг магистратурасини академик хонандалик йўналиши бўйича битириб, Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида катта солист бўлиб ишлаяпти. Қизи таржимон, кичик ўғли Ибрат Ўзбекис­тон Республикаси Миллий гвардияси қошидаги Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчиси.

Ўғилларимиз ҳам ота касбига қизиқишарди-ю, аммо отаси: “Санъат жуда оғир соҳа, унда ишлаш учун жонингни фидо қилишинг лозим, баъзида оилангни ҳам иккинчи ўринга қўйишингга тўғри келади. Менинг қийналганим етар”, деб рухсат бермадилар. Лекин барибир санъатга яқин соҳаларни танлашди. Раҳим “Ўзбекфильм” ДУКда овоз ёзиш цехи бошлиғи. Зиёдулла МТРКнинг “Маънавият ва маърифат” каналида монтаж устаси. Барибир санъаткор оиласида камолга етгач, иккаласи ҳам санъат шайдоси. Ҳатто келинларимиз Шаҳноза муҳандис, Дилором тадбиркор бўлишса ҳам оиламиздаги ҳар доимги соҳа борасидаги жараёнлар ҳақидаги муҳокамаларни, суҳбатларни тинг­лайвериб, улар ҳам сал кам санъаткор бўлиб кетишган.

— Нима деб ўйлайсиз актёрнинг армони, ушалмаган орзуси бормикан?

— Билмадим, лекин бу ҳақда бирон марта гапирганларини эшитмаганман. Мен у киши билан ярим аср, 50 йил бирга яшадим. Ёшлигида эришган муваффақиятларининг ҳам, ролсиз қолиб қийналганларининг ҳам гувоҳи бўлганман. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти, “Дўстлик” ордени соҳиби бўлдилар. Давлатимиз томонидан меҳнати қадр топди, ҳурмат кўрсатилди ва кўрсатилмоқда. Бир актёр эришиши керак бўлган ҳамма нарсага эришдилар, юздан ортиқ филъмларда суратга тушдилар. Бу айтишга осон. Халққа танилиб, ҳурмат-эҳтиром кўраяптилар. 10 неварамиз, 2 эварамиз бор. Ражаб ака ҳаммамизнинг ардоғимизда. Энг бахт­­ли одам ҳам яшаса шунчалик яшар, шунчалик эҳтиром кўрар-да.

— У киши билан кечирган, бугун ортда қолган умр йулларингизга қараб кўнглингиздан нималар кечади?

— Фақат шукроналик! Мен яхши инсон билан яшадим ва яшаяпман. Орамизда уруш-жанжал бўлмаган, доим келишиб, оғир паллада ҳам бир-биримизни тўғри тушуниб яшардик. Эр-хотин — қўш ҳўкиз бўлдик. Шунинг учун ҳам умр йўлдошимнинг истеъдоди юксалгандан юксалиб бораверди. Муҳими, ҳалол яшадик, бир-биримизнинг кўзларимизга тик боқа оламиз. Умр — шошқин дарё ва ортда қолажак из. Ана шу ортимизда қолган изга қайрилиб боққанимизда юзимиз қизармайди, аксинча дилимиз ёришади. Бу ёруғлик Бахт шуъласи бўлса керак.

— Раънохон ая, ажойиб суҳбат учун ташаккур. Сизнинг қалбингиздаги шуъла янглиғ ёғду барчанинг умр йўлларини ёритсин.

“Adolat” мухбири

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Буюк инсон ортидаги ФИДОЙИ АЁЛ

admin

АДОЛАТ

admin

УВАЙСИЙНИ УНУТДИКМИ?..

admin