ADOLAT 24

МУЗ ЖОЙИДАН СИЛЖИДИ

Ҳурматли Бош муҳаррир!

Бизнинг “Elegant” эксперт савдо масъулияти чекланган жамиятимиз узоқ йиллардан бери вилоятимиз деҳқонлари етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланиб келади.

Ўз навбатида, вилоятимиз ва республика бозорларида нархи кўтарилиб кетган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини импорт қилиш билан ҳам шуғулланамиз. 2020 йил шартнома асосида Қирғизистон Республикасида етиштирилган олма маҳсулотларини олиб келгандик. Фарғона вилоят божхонаси бошқармаси томонидан Қирғизистон Республикаси томонидан берилган СТ-1 ҳужжатига нисбатан шубҳа бор деб, корхонамиздан 417 миллион сўмдан кўпроқ ортиқча бож тўлови ундирилди. Божхона ходимлари Қирғизистон Республикаси томонидан шубҳа қилинган ҳужжат аслига тўғри деб жавоб берилса, ўша куни биздан ундирилган ортиқча пулни қайтариб беришга ваъда беришганди. Лекин улар ваъдаларида туришмади. Ўтган 2 йилу 4 ой ичида ортиқча ундирилган пулларимизни қайтариб олиш учун мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади ҳисоб…

Биринчи бўлиб бизга “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ёрдам қўлини чўзди. Газетанинг 2021 йил 15 январь сонида “Тадбиркор эдик, абгор бўлдик” сарлавҳали мақола чоп этилди. Лекин мутасадди идоралар томонидан таҳририятни чалғитувчи жавоб берилгани боис газетанинг 2021 йил 19 март кунги сонида “Олий судда кўрилмаган иш… Олий судда рад қилиниши мумкинми?!” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Таҳририятда фаолият юритаётган журналистлар бизнинг муаммомизга холис ва ҳалол ёндашганлари боис ишимизда олдинга силжиш юз берди. Халқ тили билан айтганда “муз жойи­дан силжиди”. Биз судда ютиб чиқиб, корхонамиздан ноқонуний ундирилган 417 миллион сўмдан ортиқ божхона тўлови суд қарори билан ҳисоб рақамимизга қайтариладиган бўлди. Жамоамиз номидан “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятига чин юракдан миннатдорлик билдирамиз. 

Шу ўринда судлар ҳақида ҳам бир оғиз фикр билдириб ўтсам. Биз бошимизга тушган ғавғолар юзасидан Фарғона вилоят иқтисодий судига мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Лекин божхона ходимлари пулни қайтармаслик учун турли баҳоналар билан Қирғизистон Республикаси божхона қўмитасига ўнлаб сўров хатлари жўнатиб, суд ишлари йиллаб чўзилишига сабабчи бўлишди. Ниҳоят 2022 йили сентябрь ойида бизнинг мурожаатимиз Фарғона вилоят иқтисодий судининг апелляция инстанцияси суди раиси Алишер Мадаминов бошчилигида қонуний ва ҳалол кўрилиб, даъво аризамиз қаноатлантирилди. Шу сабабли газета орқали масъулияти чекланган жамиятимиз аъзолари номидан ўз ишларига ҳалол ва виждонан ёндашиб, йиллаб чўзилган муаммомизга қонуний ечим топгани учун Фарғона вилоят иқтисодий суди апелляция ҳайъати раиси Алишер Мадаминов, ҳайъат аъзолари М.Умматова ва Б.Мамадалиевларга чин юракдан миннатдорлигимизни билдирамиз. Чунки, айнан мана шу ҳайъат аъзолари чиқарган қарор туфайли биз она Ўзбекистонимизда адолат барқарор, қонун устувор эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

Абдухалил МАМАТОВ,

“Elegant” эксперт савдо МЧЖ таъсисчиси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АҲОЛИСИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ СТРАТЕГИЯСИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Маҳаллий кенгашларда томлар бутланди (Хорзам, Фарғона, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари мисолида)

admin

Ким айбдор? Томоша кўрсатаётган болаларми ёки?!

admin