Бугун жамиятимиз ҳаётида хотин-қизларимиз ролини ошириш, ҳукуматимиз томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда қадри ва қаддини кўтариш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айнан шу мақсад йўлида «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётида аёлларнинг фаоллигини ошириш, уларни илмли ва маърифатли қилиш борасидаги ислоҳотларни янада кенгайтириш, жамият ривожига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ҳамда уларнинг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва энг асосийси барча давлат ислоҳотларида уларнинг иштирокини таъминлашга эришиш мақсадида «Илмли, маърифатли хотин-қизлар – мамлакат келажагининг мустаҳкам пойдевори» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Пойтахтимизнинг сўлим гўшаларидан бири саналган «Адиблар хиёбони»да бўлиб ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ХПББ, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари, партиянинг «Аёллар қаноти» аъзолари, партиянинг фаол хотин-қизлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда юртимизда хотин-қизларнинг илм олишлари учун яратилган имкониятлар, ислом динида аёлларнинг илмли бўлишининг аҳамияти ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш хусусида сўз юритилди.
Мамлакатимизда хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг дастурий ишланмалари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун ҳам хотин-қизларимиз фарзанд тарбиясида, турли соҳаларда, маҳаллаларда фидойилик кўрсатмоқда.
Сўнгги беш йилнинг ўзида хотин-қизларнинг ҳуқуқий мавқеини юксалтириш, оила институтини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди ҳамда улар амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 1 март санасида давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилиши, дастур доирасида, пойтахтимизда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилиши ҳамда пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари очилиши белгиланди.
Янги ўқув йилидан бошлаб таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинди. Магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб бериладиган бўлди. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланиши белгиланди.
Жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши таъкидланди.
Шунингдек, ҳукумат қарори билан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2-4-курсларда ўқиётган 75 нафар (ҳар бир курсдан – 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб беради. Молиявий барқарор давлат ОТМ томонидан уларнинг кенгашлари қарорига мувофиқ, 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бепул ўқитилади.
«Адолат» СДПнинг Сайловолди дастурида жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, аёлларни пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айлантириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида гендер тенг ҳуқуқлигига эришиш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, муҳожирларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асосий вазифа қилиб белгиланганлиги бежиз эмас.
Тадбир якунида давра суҳбатида фаол иштирок этган бир гуруҳ хотин-қизларга партиянинг эсдалик совғалари топширилиб, келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар юзасидан келишиб олинди.
«Адолат» СДП Матбуот хизмати