ADOLAT 24

ТАШҚИ СИЁСАТИМИЗНИНГ УЛКАН ЮТУҒИ

15-16 сентябрь кунлари дунё ҳамжамиятининг нигоҳи Ўзбекистонда бўлди. Самарқанд шаҳри йирик сиёсий халқаро тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилди. ШҲТнинг навбатдаги саммити айнан Самарқандда ўтказилишида чуқур рамзий маъно бор. Чунки Самарқанд ўрта асрлардаёқ илм-фан, таълим, санъат ва маданият ўчоғи, савдо-иқтисодий алоқаларнинг муҳим кесишган нуқтаси бўлган. Ушбу шаҳар кўплаб тарихий, йирик ижтимоий-сиёсий жараёнларга гувоҳ бўлган. Шу маънода айтиш мумкинки, Самарқанднинг бой тарихий мероси ШҲТнинг навбатдаги саммити фонида янги тўлқинга эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ ва мақбул йўл – бу самарали халқаро ҳамкорлик эканлигини таъкидлаган ҳолда, “муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели”ни эътироф этди. Ушбу модел негизида улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланган ШҲТ ҳамжамияти турибди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови эса минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриши ҳисобланади.

Агар Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги фаолиятига эътибор қаратсак, “ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади”, деган шиор остида тадбирлар кўрилганига гувоҳ бўламиз. Чунки амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсат бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.

Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласини ўқиганимизда, “Самарқанд руҳи” тўғрисида билдирилган фикрлар эътиборни тортади. “Шанхай руҳи” ушбу ташкилот Хартия­сида ёзиб қўйилган принцип­ларда ўз аксини топган. Хусусан, унинг асосий принципларидан бири – унинг учинчи бир давлатларга қаратилмагани, иккинчиси – ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш, инобатга олиш ва тенг ҳуқуқлилик бўлса, учинчиси – қарор қабул қилишда консенсус тартибига амал қилиш ҳисобланади. “Самарқанд руҳи”да эса, мақолада таъкидланганидек, тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерик­ликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.

Боз устига, Янги Ўзбекистоннинг фаол дипломатиясида Самарқанд мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ташаббусларини илгари суриш учун ноёб платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда шаҳарда қатор йирик форумлар муваффақиятли ўтказилди. Ушбу платформалардан олинган туртки ШҲТ маконининг ядроси бўлган Марказий Осиёда ҳамкорликнинг янги форматларининг шаклланишига хизмат қилгани ҳолда яхши қўшничилик, дўстлик ва очиқлик муҳитида минтақавий ҳамда глобал ривожланишнинг долзарб масалалари муҳокамасини кўзда тутадиган «Самарқанд руҳи»да ўзининг яққол ифодасини топган.

Таъкидлаш ўринлики, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Евроосиё минтақасида жойлашган, айни пайтда нуфузи жиҳатидан дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган мамлакатлар раҳбарларининг бир доирада жамланиши, айтиш мумкин бўлса, бугунги глобал, геосиёсий зиддиятлар авжига чиққан ва ҳар қандай истиқболни олдиндан тахмин этиш тобора қийинлашаётган бир даврда ўз актуаллиги билан барчанинг диққат-эъти­борида тургани, шубҳасиз. Зеро, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётини тушкунлик гирдобига ташлади. Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини янада кес­кинлаштирди, нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлди. Боз устига, иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касаллик­лар тарқалиши инсониятни хавотирга солиб қўйди. Бундай пайт­­да фақат конс­труктив мулоқот ва ўзаро манфаатларни ҳисобга оладиган кўп томонлама ҳамкорликкина вазиятдан чиқишнинг ягона йўли бўла олади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мана шундай улкан имкониятларга эга бўлган ҳамда халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатлар тизимида тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб бораётган нуфузли халқаро тузилмадир. 

Эътиборлиси, Ўзбекистон ташкилот доирасида аниқ ва амалий ташаббусларни илгари суряпти. Айтайлик, Ўзбекистон раҳбарининг транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва «яшил иқтисодиёт» каби муҳим йўналишлардаги ташаб­буслари амалга ошса, ШҲТ доирасидаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари бир неча баравар юксалади, ташкилотнинг обрў-эътибори ҳам янада ортади.

ШҲТ доирасида миллий манфаатларимизга жавоб берадиган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларимиз минтақадаги барқарорлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. Чунончи, сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйи­­ча қатор ташаббусларни илгари сурди: Президент фармони билан Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди, Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди, Самарқандда «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети барпо этилди. Бу эса, ўз навбатида, пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча сифатида Ўзбекистоннинг айни жаб­ҳадаги аҳамиятини янада кучайтирди. Шуниси эътиборлики, ташкилотга раислик дунёга очилаётган Ўзбекистонга ўзини янги форматда намоён этиш имкониятини берди. Хусусан, Ўзбекистон нафақат кўп томонлама кооперацияни мустаҳкамлаш, балки ҳар бир давлат билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш тажрибасига эга бўлди.

Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Ўзбекистон минтақада тинчликни сақлаш борасидаги ташаббусларнинг доим олдинги сафларида бўлиб келган. Айниқса, бугунги замонавий дунёда ҳамон нотинчлик сақланиб қолаётган Афғон муаммоси давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Айтиш ўринлики, давлат раҳбарлари, ШҲТ йиғилишида Афғонистондаги мураккаб вазиятни кенг муҳокама этдилар. Чунки ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш ШҲТнинг барча аъзолари учун стратегик масаладир. Саммит – ушбу муаммони муҳокама қилиш учун жуда қулай дип­ломатик платформа бўлди. Хусусан, Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, жафокаш афғон халқига ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришни кучайтириш фикрида барча давлатлар собит қолди. 

Бир сўз билан айтганда, ШҲТнинг Самарқанд саммити ўзбек дипломатиясининг, ташқи сиёсатининг яна бир ютуғи бўлди. Зеро, истиқлолимизнинг ўтган даврида ҳеч қачон мамлакатимизда бунчалик кўп – 14 давлатнинг раҳбари бир даврага музокара ва фикрлашув учун йиғилган эмас. Ҳеч қачон ШҲТ доирасида рекорд даражада – 44 та битим имзоланган эмас. Бу, ҳеч шубҳасиз, давлатимизнинг халқаро миқёсда обрў-эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.

Tegishli xabarlar

Нажот мактабда, таълимда, билимда

admin

ВАТАНГА РУҲАН ПОК, МАЪНАН БОЙ, ЖИСМОНАН КУЧЛИ АВЛОД КЕРАК

admin

Давр ташаббускорликни талаб қилмоқда

admin