ADOLAT 24

НЕГА КИТОБ ЎҚИШ КЕРАК?

Гоҳида «Ёшлар китоб ўқимай қўйди» ёки «Китоб ўқийдиган кишилар камайиб кетди» деб нолиб қоламиз. Хўш, ўзи нега китоб ўқиш керак? Келинг, шу ҳақда бироз фикр юритиб кўрамиз. Зотан, бир нарсани нима учун қилиш кераклигини англаб етгандан кейин уни бажариш осон бўлади.

Жисмимиз соғлом бўлиши учун кунда уч маҳал овқатланишни одат қилганимиз каби руҳимиз соғлом бўлиши учун китоб ўқишга одатланишимиз лозим. Ёш бола улғайиши учун уни ўз вақтида овқатлантириб, жисмини турли хасталиклардан асраб, парвариш­лаймиз. Нега энди унинг руҳий камолоти ҳақида қайғурмаймиз? Унга одоб ўргатиб, тарбия беришимиз, маънавияти юксалиши учун ҳаракат қилишимиз, хусусан, китобга, илм-маърифатга ошно қилишимиз, китоб ўқиб беришимиз, ўзини ҳам китоб ўқишга одатлантиришимиз бу борадаги зарурий ишларимиздандир.

Агар киши руҳий камолотга интилмаса, жисми камол топиб, ёши улғайса ҳам руҳи ёш бўлиб қолаверади. Сал қўполроқ туюлса ҳам, баъзи кишиларнинг ёши катта бўлишига қарамай ёш бола каби фикр­лаши, ахлоқ-одобидаги нуқсонлар, хатти-ҳаракатидаги салбий жиҳатлар унинг руҳан улғаймаганлигидан, руҳи ҳамон ёш бола эканлигидан, салбий ҳаракатлари эса, руҳи – ички дунёси бузилиб кетганидан далолатдир.

Китоб ўқийдиган, илм-маърифатли кишилар эса, аксинча – руҳан соғлом, маънан етук кишилар. Баъзи ёшларни кўрамиз, улар ўзларидан ёш жиҳатдан катта бўлган кишилардан ҳам кенг фикр­лайдиган, ақлу заковати устун, одоб-ахлоқи ҳавас қилгулик бўлади. Бир сўз билан бундай кишиларни «Тарбия кўрган», деймиз. Уларга ҳавас қилиб, «Отасига раҳмат» дея мақтаймиз, ҳаққига дуо қиламиз. Мана шу олқишларга нима сабабли сазовор бўлиш мумкин? Ўша «тарбия кўриш» нима сабабдан бўлди? Ҳаммасининг негизи бориб китобга тақалади. Ота-она китоб ўқиб, илм-маърифатини ошириб, фарзандига тарбия беради, уни ҳам китобга ошно қилади. Китоб ўқиб улғайган боланинг ўзи ҳам тарбия топиб, маърифати ошиб, руҳий камолотга етиб бораверади. Шунинг учун баъзи уламолар «Болангизга Қуръон ўқишни ўргатиб қўйинг, қолганини Қуръон ўргатади», дея ўгит беришади.

Дарҳақиқат, биз учун энг катта руҳий озуқа бўлмиш китоб бу – Қуръони каримдир. Сабаби, бу илоҳий калом. Ундан сўнг ҳадислар, илмий, бадиий, шеърий ва шунга ўхшаш китоблар навбат билан давом этаверади.

Китоб ўқиб руҳий озуқа олиш ажабланарли гап эмас, албатта. Буни шу озуқани олиб юрган кишилар жуда яхши ҳис қилади. Яхши бир таомни маза қилиб еганимиз, сўлим гўшаларда роҳатланиб дам олганимиз каби китоб ўқишнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Китоб ўқишга одатланган кишини китоб ўқиш «хумор қилиши» кўпчиликка аён. Бу худди бир таомни яхши кўриб ейдиган киши ўша таом­­ни яна егиси келгани кабидир. Буларнинг барчаси китоб ўқиш орқали руҳий озуқа олишимизни кўрсатади. Шундай экан, руҳий озуқа, руҳимизнинг камол топиши сари ошиқайлик!

 Ғиёсиддин Юсуф

Tegishli xabarlar

Муҳим шартнома ратификация қилинди

admin

Ҳидоят УСМОНОВА: “Президентимиз мени танир экан”

admin

ИҚТИСОДИЙ алоқаларНИНГ муҳим босқичи

admin