ADOLAT 24

ЙЎЛ ҲАММАНИКИ, МЕҲНАТИ БИЗНИКИ

Йўллар ҳар бир давлатнинг қон томирлари ҳисобланади. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, асосий эътибор муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган йўлларга қаратилди. Чунки иқтисодиётнинг ўсиши, қўшни давлатлар билан маҳсулот айирбошлаш, алоқаларни мус­таҳкамлашда йўлларнинг аҳамияти беқиёсдир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиё­ев йўлларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, транспорт қатнови учун қулай инфратузилмани яратишни шахсан ўз назоратига олиб, бу борада муҳим вазифаларни белгилаб бермоқда. Айниқса, кейинги йилларда яратилган имокониятлар ана шу эътиборнинг натижасидир.

Автомобиль йўллари қўмитасининг «Қамчиқавтойўл» ихтисос­лашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ишчи-хизматчилари йўл қурилиши соҳасида катта тажриба мактабини яратиб кетган устозлари изидан бормоқдалар. 1996 йилдан бошлаб махсус автойўл таъмир трестига асос солинган бўлса, йиллар давомида ташкилот номи бир неча бор ўзгарди. 2009 йилдан бошлаб «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ташкил этилган бўлса, ўтган давр ичида бир қатор тажрибали мутахассислар уни бошқаришда жонбозлик кўрсатишди. Масалан, Игор Ли, Турсунбой Буваев, Комилжон Тўйчиев, Тўлқинбой Қодиров, Мажидхон Абдилхаев, Исоқжон Шокиров, Носиржон Жўраев ва, айниқса, соҳада узоқ йиллар раҳбарлик қилган Носиржон Аҳмедов номларини ҳурмат билан эсга олиш ўринлидир.

Тарих зарварақларига назар соладиган бўлсак, Қамчиқ довонидан биринчи автомобиль ўтганига 60 йил бўлибди. Шунча йил ичида йўлсозлик касбини танлаган инсонларга осон бўлмаган. Улар техника етишмовчилиги сабабидан, асосий ишларни қўл кучи ёрдамида бажаришган. Ишлаш, яшаш ва дам олишга шароит, албатта, ҳозиргидек бўлмаган. Бугун ҳаммаси бошқача: мустақил давлатнинг билимдон, ғайратли ва моҳир йўлсозлари яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли ҳар қандай ишни техника кучи ёрдамида бартараф этишади. Айни пайтда корхонамиз ихтиёрида бир юз йигирмадан зиёд техника воситалари мавжуд. Қўмитамиз томонидан йўлсозлар оғирини енгил қилиш мақсадида барча турдаги зарур техникалар билан таъминланганмиз. Сўнгги йилларда йўлларни қордан тозалайдиган замонавий воситалар келтирилди. Барча бўлимлар хизмат машиналарига эга.

Сир эмас, бугунги кунга келиб йўлсозларимиз масъулияти кес­кин ортган. Чунки довондан ўтувчи машиналар сони йил сайин ортиб бормоқда. Йўллар равон, шароитлар етарли бўлишига қарамай, тоғ ҳавоси, табиати ҳамиша ҳушёр туришимизни тақозо этади. Кутилмаган ҳолатлар содир бўлганда, йўлсозларга ички ишлар, миллий гвардия, йўл патруль хизмати ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари ёрдамга келади.

Корхонамизда ўз касбини шараф билан адо этиб, намуна бўлаётган кишилар оз эмас. Бўлим бошлиқлари Нўъмонжон Усмонов, Умиджон Қориев, Баҳодир Абитдинов, 35-йўл бўлими ишчилари Давлатали Саитов, Эргашхон Комилов, 257-йўл бўлими юклагич бошқарувчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби Зокиржон Эргашев, ишчи Содиқжон Қобилов, 550-йўл бўлими техник ҳисобчиси Акбарали Паттаев, йўл ишчилари Абдували Тулаев, Йигитали Йўдошев, Баҳодиржон Пўлатов, асфальт ётқизиш механизми машинис­ти, «Шуҳрат» медали соҳиби Маъруфжон Мамадиев ва нов­вой Илҳомжон Ҳамидов кабилар ана шундай фидойилар қаторида турадилар.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби бизда ҳам билимли, малакали ходимларга эҳтиёж катта. Шуни инобатга олиб, ёшларни олий таълим олишга йўналтиряпмиз. Айни пайт­­да ўнлаб ёшлар соҳага оид билимларини мустаҳкамлаб келмоқдалар. Улардан умидимиз катта. Корхонамизда ота касбини улуғлаган ёшларимиз ҳам кам эмас. Масалан, йўл усталари Ҳаминжон Ашуров ва Равнақиддин Исмоилов шулар жумласидан.

Бир сўз билан айтганда, йўл ҳамманики, меҳнати бизники. Ҳаётини йўл билан боғлаган инсонлар бу йўлда тонг билан тун туташганига, баҳор билан куз тароватига, ёз билан қиш синовига гувоҳ бўлишади. Ва ҳаммасига кўникиб, янги иш кунларида белгиланган вазифаларни бажаришга киришадилар. Мустақиллик байрами арафасида барчага, жумладан, аҳил жамоамизга ҳам яхши кайфият ва хотиржамлик тилаб қоламан.

Абдулбоқи ИЗЗАТУЛЛАЕВ,

 «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан

фойдаланиш унитар корхонаси бошлиғи,

«Дўстлик» ордени соҳиби

Tegishli xabarlar

ИБРОҲИМБЕК ҚЎРБОШИ ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ (Биринчи мақола)

admin

Сохталик панд берди

admin

Ўзи емас, бировга ҳам бермаслар

admin