ADOLAT 24

АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК БУНЁДКОРЛИК

Дунёдаги барча касблар ичида тўртта улуғ касб бор. Бунинг биринчиси устозлик, иккинчиси йўлсозлик, учинчиси қурувчилик, тўртинчиси ёзувчилик касбидир. Устоз доимо шогирд тайёрлаб бораверади ва улар орасидан йиллар давомида илм-маърифат соҳиблари етишиб чиқаверади. Йўлсоз қурган йўллар асрлар давомида барчага бирдай хизмат қилаверади. Қурувчи қурган уйлар авлодларга бошпана бўлади, ижодкор ёзиб қолдирган асарлар мудом тарихдан сўйлаб туради.

Ҳар гал водийдан пойтахтга, ундан воҳа томонларга сафар қилганимда кун сайин ўз қиёфасини ўзгартириб бораётган равон йўллар ва унинг икки томонидаги яшил боғлар кўзимни қувнатса, ранг-баранг, замонавий-миллий кўринишдаги бинолар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари ҳайратимни оширади.

Енгил машинада Қурама тоғ бағри сари равон йўлдан Қамчиқ довонига ўрлаб борганим сари ҳис-ҳаяжонга бериламан. Довон йўлдан биринчи бор ўтаётганим йўқ. Ўтган асрнинг 70-йилларидан бери Намангандан Тошкентга, ундан наридаги вилоятларга, қўшни давлатларга мана шу йўл орқали бориб келганман. Ўша пайтлари довондан ошиб ўтиш жуда мушкул эди. Йўл тор ва хавфли бўлгани учун жонимни ҳовучлаб бориб келардим. Айниқса, тик қоялар ёнидан ўтиш қўрқинч­­ли эди, ёғин-сочинли, қишли-қировли пайт­ларда ўпирилишлар кўп бўларди. Мураккаб бурилишларда жарликка қулаган, тўқнашиб кетган уловлар кўзга ташланган пайтларда вужудим жимирлаб кетарди. Қаҳратон қишда ҳам, жазирама ёзда ҳам туну кун йўлсозлар аксарият қўл кучи билан меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлардим. Ич-ичимдан бу заҳматкаш инсонларнинг иродасига таҳсинлар айтиб, миннатдорлик билдириб ўтардим. Уларнинг топган нони она сутидай ҳалол эканига имоним комил эди.

Бугун ҳаммаси ўзгача; замонавий техникалар ёрдамида ҳар қандай муаммо тезда бартараф этилади. Фавқулодда ҳолатларда қўшимча кучлар ёрдамга келади. Кенг, равон йўлларда турли хил белгилар қўйилган, кузатув жиҳозлари ўрнатилган, булар қоидага амал қилган, ўзини, оиласини ўйлаган ҳар қандай улов эгасининг манзилига эсон-омон етиб боришини кафолатлайди.

Довондан ўтиб бораётган чоғимда бу йўл қачон, ким ва қандай олижаноб инсонлар томонидан очилган, ким кашф қилган бу йўлни, деган хаёлга бораман. Чунки қачонлардир Буюк Ипак йўли вазифасини ўтаган бу йўлнинг тарихи ҳамма қатори мени ҳам қизиқтиради. Тарихий манбаларда ёзилишича, тоғ йўли ХV асрдан буён одамларга хизмат қилиб келмоқда экан. Лекин тарихи минг йилларга бориб тақаладиган давлатлараро савдо-сотиқ алоқаларининг тикланиши, маданий-маърифий ҳамкорликларнинг йўлга қўйилиши, халқларнинг бир манзилдан бошқасига кўчиб ўтиш жараёнлари ўз-ўзидан бўлган эмас. Ҳаммасига, шубҳасиз, йўл сабаб бўлган.

Бу масалага ойдинлик киритиш учун интернет тармоғига мурожаат қилдим. Россиялик Игорь Камчук ўзининг нанай миллатига мансублигини айтиб, «камчук» сўзи мўғулчада қамчи маъносини аглатишини ёзган экан. Бундан чиқди, Қамчиқ довонининг аввалги номи Қамчи бўлган бўлиши эҳтимолдан холи эмас, деган қарорга келдим.

Izzatillla Abdullaev (ўнгда)

Бир гал Оҳангаронда тақдир тақозоси билан Иззатилла Абдуллаев деган олижаноб инсон билан танишиб қолдим. Гапдан гап чиқиб, оддий, камтар ва куюнчак бу инсон Қамчиқ довони ҳақида бир талай воқеаларни сўзлаб берди. Ҳикоя қилишича, 1954-62 йилларда тоғ йўлини қурган машҳур йўлсоз Убайдулла Абдуллаев унинг отаси экан. У елиб-югуриб, довон қурилиши ва унда иштирок этган отаси тўғрисида иккита тарихий китоб яратилишига бош-қош бўлибди.

Иззатилла акадан Неъмат Душаев томонидан нашрга тайёрланган «Улар довон йўлини қурган эдилар» номли очерклар тўп­ламини ва таниқли шоир Барот Исроилнинг «Довон ошган довюраклар» китобини олиб ўқиб чиқдим. Сўнг Иззатилла ака ҳамроҳлигида ҳозирда ҳаёт бўлган йўлсозлар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим.

Суҳбат асносида Иззатилла ака довон номи билан боғлиқ қизиқарли ҳикояни сўзлаб берди. У кишининг айтишича, Қўқон хони Худоёрхоннинг онаси Ёрқинойойим Пискентнинг Келовчи қишлоғилик Бурҳон исмли бойвучча аёл билан дугона бўлган экан. Катта мулк эгаси бўлган Бурҳонга маҳаллий бойлар тажовуз ўтказиб, унинг ерларини ўзиники қилиб олмоқчи бўлишади. Ой-куни яқинлашиб қолган бўлишига қарамай бу ҳақда арз-ҳол қилиш учун Бурҳон довон орқали отда Қўқонга – Худоёрхон ҳузурига йўл олади. Довонга етай деганда ҳомиладор аёлни дард тутади. У манзилга тезроқ етиш учун отни қамчилай бошлайди. Бироқ довон чўққисига етган пайтда Бурҳоннинг қизи туғилади. Қўқонга етиб, саройга кирганда бойвучча бўлган воқеани дугонасига сўзлаб беради. Бундан хабар топган Худоёрхон Бурҳонга: «Қизингизга қандай исм қўйдинғиз?» деб сўрайди табассум билан. «Исмини сиз қўйиб берсангиз шояд хурсанд бўлардик, хон ҳазратлари!» дейди Бурҳон. «Ундоқ бўлса, отни қамчилаб, шу қизни топган экансиз, унинг исми Қамчигул бўлсин!» дейди хон топқирлик билан. Сўнгра Бурҳоннинг мулк масаласидаги арзини тинглаб, барча ерларини унга муҳрлатиб беради. Ана шу воқеадан кейин довон Қамчиқ номини олган бўлиши мумкин, деган тахминга боргандим. Лекин ҳамқиш­лоғим, уста Сафарали Шодмонов бошқача фикр билдириб қолди:

– Эшитишимча, – деди у, – чор Россия­­си даврида Камчук деган поляк геолог довон йўлида экспедиция ишларини олиб борган. Камчук кейинчалик Қамчиққа айланиб кетган бўлиши мумкин. Янглишмасам, бир пайтлари довондаги силлиқ қоятошда унинг номи ҳам кўзга ташланиб турарди.

Ким билсин, балки бу фикрда ҳам жон бордир. Шўролар замонида аввал Наманган вилоятини бошқарган, сўнгра респуб­лика раҳбари бўлган Нуриддин Муҳиддинов довонни отда босиб ўтгач, унда Қамчиқ довони орқали водий билан воҳани боғлайдиган Тошкент – Наманган – Қўқон – Ўш ёлғиз­оёқ, от-уловга мослашган сўқмоқ йўлни автоулов учун мослаштириш режаси пайдо бўлади. Тез орада муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган йўл қурилишини бошлашга рухсат сўраб, Сталинга мактуб ёзилади. Москва рухсат бергач, аср қурилиши бошланади…

1954-55 йилларда Нурафшон (Тўйтепа) – Тошкент денгизи, Нурафшон (Тўйтепа) – Оҳангарон, Пскент – Олмалиқ ва Оҳангарон – Ангрен йўлларини кенгайтириш ва асфальт ётқизиш ишларида ўрнак кўрсатган Убайдулла Абдуллаев Қамчиқ довон йўлини кенгайтириш ва автоуловга мослаштириш ишларига жалб этилади.

Кейинчалик республика раҳбари бўлган Шароф Рашидов ҳам мазкур йўл қурилишига катта эътибор қаратди. 1962 йили Қамчиқ довонидан ўтган автоулов йўлнинг қурилиш ишлари якунланади. Бунда Убайдулла Абдуллаев бошлиқ йўлсозлар жамоаси алоҳида жонбозлик кўрсатгани тилга олинади. Убайдулла Абдуллаев Шароф Рашидов билан ёнма-ён туриб рамзий лентани қирқадилар. Бир қатор йўлсозлар меҳнатига яраша муносиб рағбатлантирилади.

Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг довон масаласи Биринчи Президент Ислом Каримов диққат марказида бўлади. 1997-2000 йилларда Қурама тоғининг денгиз сатҳидан 2268 метр баландликдаги Қамчиқ ва Резак довонида узунлиги 2484 метрлик икки туннель қурилиши режалаштирилганди. Бу иш ҳам муваффақиятли якун топди. Тоғ бағридан туннель очиш ишлари якунига етганда Ислом Каримов Қамчиқ довонидаги тарихий йўлнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб: «Водийга транспорт қатновини яхшилаш билан бирга Андижон, Ўш орқали Хитойнинг Шинжон вилоятига, ундан Қашқар орқали Тинч океанига, Яқин Шарқ ва Жанубий Европага мамлакатларига, Ҳинд океани ва Араб мамлакатларига, ғарбдан Туркманис­тон, Кавказ, Эрон ва Туркия орқали Ўртаер денгизига чиқиш имконини беради…» деганди. Айни пайтда ана шу режалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Улуғвор ғояларнинг амалга ошишига муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон йўлсозлардан бири, шубҳасиз, Убайдулла Абдуллаев бўлади. 1922 йилда Оҳангарон туманидаги Ҳожибой қишлоғида туғилган, Иккичи жаҳон урушидан ногирон бўлиб қайтган Убайдулла Абдуллаев 1954 йилда йўлсозлар сафига ишга қабул қилинган. Дастлаб йўл устаси, сўнгра бўлим бошлиғи бўлиб фаолият юритган бу инсон Тошкентни Фарғона водийси билан боғлайдиган довон қурилишида фидоийлик кўрсатган инсонлардан бири бўлган.

Pirmat bobo

– Мен довюрак, бир сўзли, қўл остидагиларга меҳрибон, ўз ишининг устаси бўлган Убайдулла ака билан узоқ йиллар бирга ишлаганман, – дейди тўқсон ёшни қаршилаган Пирмат бобо Бойматов. – Довон очиш осон кечмаган. Интизом қатъий, бир сўз билан айтганда, ҳарбийча бўлган. Техника камлиги учун метиндек қаттиқ қояларни қулатиш, улкан тошларни майдалаш ишлари асосан қўл кучи ёрдамида амалга оширилган. Ишни жадаллаштириш учун юзлаб аёллар, болалар йўлни сочилиб ётган тошлардан тозалашда иштирок этган. Қиш кунлари довонда ишлаш ниҳоятда оғир ва хавфли эди. Ўзимнинг бошимдан ўтган бир ҳодисани айтиб бераман. Бир куни ишлаб турган еримда кўчки бўлди. Қочишга улгурмай қолдим. Ҳамкасбларим уч кеча-кундуз қор уюмини курак ёрдамида очишиб, мени топишган, сўнгра ишчилар хонасига олиб келиб ҳаётга қайтаришга уринишган. Худога шукр, умрим тугамаган экан. Кимдир икки кўкрагим орасига мушт туширганда тирик эканимни ҳис этганман. Ғўлдираб кўзимни очдим. Бир киши юзимни қор билан ишқалай бошлади. Илиқ чой ичиришди. Яна куракларим орасига мушт тушди. Лиқ этиб муздай нарсани ютиб юбордим. Томоғимда қор музлаб қолган бўлса керак. Шундан кейин жонлана бош­ладим. Ўзимга келиб, қувватга кириб, яна ишни давом эттирдим…

Ҳа, тоғлар бағрида, тошлар халал бериб, иссиқ-совуқ, қор-ёмғир ташвиш туғдириб турадиган маконда узоқ масофали йўлни қуриш Убайдулла ака сингари йўлсозларга осон кечмаган. У Ангрен – Қўқон йўл қурилишига асос солган. Довон йўлининг 26 километридаги оралиқ масофага Убайдулла Абдуллаев номи берилган. Шу ўринда бир таклиф билдирмоқчиман. Қачонлардир водийлик ва тошкентлик йўлсозлар матонати рамзи сифатида довонда бир жуфт шер ҳайкали ўрнатилган эди. Уни Убайдулла Абдуллаев ўтган асрнинг 60-йилларида қайсидир ҳайкалтарошга буюртма бериб, махсус тайёрлатган экан. Вақтлар ўтиб, йўлни кенгайтириш сабабидан ғолиблик рамзи олиб қўйилган. Лекин уни қайта тиклаш шу пайтгача ҳеч кимнинг хаёлига келганича йўқ. Бу рамзий ҳайкал жойига тикланса, довон йўлини қуришда жонини фидо қилган шерюрак йўлсозлар хотирасига эҳтиром кўрсатган бўлардик.

Ҳаёт эса давом этаверади. Убайдулла акадан муносиб фарзандлар – икки ўғил, икки қиз: Ҳабибулло, Иззатилла, Муҳаббат ва Марҳаболар қолди. Улардан қатор-қатор зурёдлар дунёга келди. Фарзанд­лари ичида Иззатилла аканинг ўз ўрни бор. Отасининг руҳини шод этиб, меҳнатини улуғлашдек вазифа унинг чекига тушган. Қалби пок, ғайрати жўшиб турган, тиниб-тинчимас, ҳиммати баланд бу инсон отасининг хотирасини абадийлаштириш, йўлсозлар меҳнатини қадрлаш йўлида изланиб, югуриб-елиб юрибди.

Вақт тўхтаб турмайди. Бу йил фидоий инсон Убайдулла Абдуллаевнинг таваллудига 100 йил тўлса, айни пайтда довон йўлининг фойдаланишга топширилганига 60 йил тўлади. Бу муҳим икки сана муносиб тарзда нишонланса мақсадга мувофиқ бўларди. Бу билан асрларга татигулик ишда фидоийлик кўрсатган Мусулмонқул ва Мўйдин Норалиев, Мухтор Нуралиев, Ғафур Абдуқаҳҳоров, Йўлдош Замонов, Мамажон Норалиев, Мирза Қаюмов, Аҳмад Жўраев, Абдуғофир Қаҳҳоров, Аҳмад Ҳасанов, Сотим Бўрибоев, Абдулла Холбоев, ака-ука – Аҳмадали, Ҳамроқул ва Ҳамдам Жўраевлар, Ислом Убайдуллаев, Аҳмад Қурбонов, Акбарали Исаев ҳамда четсувлик Карим Иброҳимов каби йўлсозлар меҳнатига муносиб баҳо берилган бўларди.

 Муҳиддин ОМАД,

   журналист

Tegishli xabarlar

ҚАРОР ЛОЙИҲАСИ БИЛАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ВА ТАБИИЙ ГАЗ ИСТЕЪМОЛИ УЧУН ЯНГИ НАРХ БЕЛГИЛАНДИ

admin

Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтирамиз

admin

ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҳимояси янада мустаҳкамланмоқда

admin