“Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан тузилган депутатлар ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳлар фуқаролар билан юзма-юз мулоқотларда ўртага ташланаётган ҳар бир муаммога жиддий эътибор билан қараяпти. Улар муаммоларнинг ечимини топишга, фуқароларни жамият ва давлатдан рози қилишга ҳаракат қилаяпти.
Хусусан, вилоятнинг барча туман кенгашларидаги ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоят миқёсида жами 7 та МФЙ, 64 та хонадон, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ва ижтимоий объектлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар мобайнида аҳоли томонидан 12 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга 8 та депутатлик сўрови юборилди.
Хусусан, Жарқўрғон туман кенгаши вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан “Деҳқонобод” МФЙ ҳудудида фуқаролар билан бевосита суҳбатлар уюштирилди, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси, муаммолар ўрганилди. Жумладан, тумандаги “Деҳқонобод” маҳалласидаги юзма-юз мулоқотларда маҳаллада истиқомат қилувчи Дилором Бегимқулова хонадонида иссиқхона ташкил этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун банкдан имтиёзли кредит олишда муаммоларга дуч келаётганлигини айтиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан ишчи гуруҳи раҳбари, халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати Очил Жиянов Д.Бегимқулова хонадонида иссиқхона ташкил этиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун банкдан имтиёзли кредит олиши учун туман ҳокими мутасаддиларига учрашди ва фуқарога “Микрокредитбанк” туман бўлимидан 33 миллион кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Партиянинг Бандихон тумандаги ишчи гуруҳи томонидан сайловчилар билан юзма-юз мулоқотларда “Оққўтон” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан маҳаллада тоза ичимлик суви йўқлиги юзасидан мурожаат бўлди. Шунингдек, маҳалла ички кўчалари ҳам таъмирталаб эканлиги айтилди. Мурожаатлар юзасидан халқ депутатлари Бандихон туман Кенгаши депутати Содиқ Каримбердиев томонидан маҳаллага тоза ичимлик суви келтириш юзасидан “Сувоқова” туман бўлими раҳбариятига ва “Оққўтон” МФЙ ҳудудидаги ички кўчаларини таъмирлаш тўғрисидаги мурожаат юзасидан туман Йўллардан фойдаланиш ва таъмирлаш корхонаси раҳбари номига депутатлик сўрови юборилди.
Шунингдек, партиянинг Термиз туманидаги ишчи гуруҳига “Бунёдкор” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Насиба Жумаева мурожаат қилиб, тўрт фарзанди борлигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини, тўрт фарзандидан биттаси 1-гуруҳ кўзи ожизлигини, турмуш ўртоғи бетоблиги сабабли ногиронлик нафақасига чиқиши лозимлигини маълум қилди. Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Ш.Ҳаитов мурожаатни ўрганиб чиқиб, фуқаро Н.Жумаеванинг турмуш ўртоғи ногиронлик нафақасига чиқарилиши юзасидан туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди.
Мазкур ишчи гуруҳи томонидан “Тўғон” МФЙда фуқаролар билан суҳбат уюштирилганда ушбу маҳаллада ҳам муаммолар борлиги аниқланди. Ишчи гуруҳи билан қилинган юзма-юз мулоқотларда “Тўғон” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар Шухрат Рамазанов, Абдували Қўзиев, Диёр Сарибоев ва Мамаюсуф Жўраевлар ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экишга ер олишда ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ишчи гуруҳидаги депутатлар томонидан мазкур мурожаат ҳам ўрганиб чиқилиб, фуқароларга такрорий экин экиш учун ер ажратиш мақсадида “Тўғон” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Сурхон гавҳари” фермер хўжалиги раҳбариятига учрашилди ва фуқароларга 0,60 гектардан ер майдони ажратиладиган бўлди.
Ишчи гуруҳлар ўрганиши давом этмоқда.
Гулшод Турсоатова,
Сурхондарё вилоят
кенгаши матбуот котиби