ADOLAT 24

БОСМА НАШРЛАРНИНГ КЕЛАЖАГИ БОРМИ?

Яқин ўтмишдагина эмас, бундан 5-6 йил аввал ҳам эрта тонгда “Матбуот” дўконидан газета сотиб олиш учун одамлар турнақатор бўлиб навбатда тургани ҳамон ёдимизда. Улар гўёки иссиқ нон харид қилаётганга ўхшарди, зеро, газета-журналдан маънавий озуқа олишарди.

Бугун шаҳар ва туманларни қўя турайлик, ҳатто пойтахт кўчаларида “Матбуот” дўконини учратиш амримаҳол бўлиб қолди. Ваҳоланки, босма нашрларнинг жамият ҳаётидаги му­ҳим ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, гарчи моддий даромад келтирмаса ҳам “Матбуот” дўконларини кўпайтириш зарур. Афсуски, буни мутасаддилар ҳали-бери тушуниб етадиганга ўхшамайди. 

Газета-журналга талаб доимо бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиши аниқ. Мулк шакли, адади, қамрови ҳамда мавзу йўналишидан қатъи назар, матбуот нашрларига мамлакатимиз ахборот майдонида эҳтиёж борлигини ҳеч ким инкор этмайди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: талаб ва эҳтиёж бор бўла туриб, газеталарнинг сотилиши нега чекланади? Ҳа, бундан олинадиган даромад кам, тарқатилаётган зиё, маънавий озуқа эса ҳисобга ўтмайди. Натижада, “Матбуот” дўконларининг ўрнини бошқа сердаромад савдо шохобчалари эгаллаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. 

Бугун айрим босма нашрлар мураккаб молиявий ҳолатга тушиб қолганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Улардан аксарияти кадрларини ва техник базасини сақлаб қолиш учун муассисларнинг ёрдамига муҳтож. Босма оммавий ахборот воситалари ва муассислар ўртасидаги муносабатларда ҳам муаммолар мавжуд. Хусусан, икки томонлама тузилган таъсис шартномаси ва бошқа ҳужжатлар амалда ишламайди. Натижада муассис ўзининг босма нашри олдидаги мажбуриятини ҳис қилмайди. Аслини олганда эса муассис тасарруфидаги газета ва журнални ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий асос­­ни шакллантириши, ўз навбатида, босма нашр ҳам фаолиятини муассиснинг талабларига мос равишда ташкил этиши керак.

Одатда, газета-журналлар иқтисодий қийинчиликларга дуч келишининг асосий сабаби сифатида интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожи, газеталарга мажбурий обунага барҳам бериш баҳонасида ихтиёрий обуна ҳам йўқ қилингани тилга олинади. 

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳозирги вақтда “Facebook”да 4,7 млн., “Instagram”да 3,7 млн., “Telegram”да 18 млн., “Оdno­klassniki”да 16,7 млн., “Twitter”да 51,6 минг ва “В-контакте”да 2,6 млн. фойдаланувчи бор. Аммо интернет тармоқлари қанчалик тез оммалашмасин, барибир одамларнинг газета мутолаасига, ундан маънавий озуқа олишга бўлган эҳтиёжи сақланиб қолаверади. 

Босма оммавий ахборот воситалари ҳужжат аҳамиятига молик бўлиб, муайян давр ҳаёти ва нафасини бир неча юз йиллар давомида келгуси авлодларга етказа олади.

Биз бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз. Таҳририятларнинг иқтисодий имкониятларини ошириш мақсадида қўшимча даромад келтирувчи фаолият тури билан шуғулланиши, бунинг учун имтиёзли кредит ажратилиши, солиқ имтиёзлари берилиши зарур. Бу эса таҳририятларнинг иқтисодий мустақил бўлиши учун замин яратади.

Экспертларнинг фикрича, бугунги кунда кузатилаётган босма нашрлар ададларининг кескин камайиши, обунани ташкил этиш борасидаги сусткашлик, газета ўқувчиларнинг сони камлиги, таҳририятларнинг молиявий қийинчиларга дуч келиши каби ҳолатлар ўткинчи бўлиб, маълум вақт оралиғида барҳам топади. Тез орада босма ОАВнинг инсоният тарихидаги ўрни, ҳужжат аҳамиятига молик жиҳатлари, маънавий-маърифий фунцияси қадрланиб, уларнинг мавқеи ортади. Чунки газета, журнал дуч келган асоссиз ахборотни чоп этаверадиган нашр эмас. Газета-журналларда, энг аввало, ўз ишини пухта биладиган профессионал журналистлар фаолият юритади. Улар ёзилган ҳар сўз ва ҳар бир ахборот учун масъулиятини, жавобгарликни ҳис қилиб ишлайди. Шу боис газета ва журналлар ҳаққоний ва ишонч­­ли, текширилган, асос­ланган хабар ва маълумотларни эълон қилади. Айни пайтда газета, журналда тилнинг адабий меъёрлари ва имло қоидаларига амал қилинади, ахборот тарқатишга доир талаблар тўлиқ бажарилади ва журналистиканинг умумэътироф этилган халқаро ҳамда миллий стандартларига риоя этилади. Бу ҳам жуда муҳим, албатта. 

Суюндик МАМИРОВ,

«Adolat» мухбири 

Tegishli xabarlar

МАҲАЛЛА ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БИР ГУРУҲ ЮРТДОШЛАРИМИЗНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

admin

Асосий қонун лойиҳаси муҳокамаси ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик намунаси

admin