ADOLAT 24

Фундаментал ҳуқуқлар ҳимояси учун муҳим

Мамлакатимиз Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар бериш жараёни тобора қизғин тус олмоқда. Жамиятимизда ўзига хос фаол ижтимоий-сиёсий муҳит юзага келди.

Мен ҳам, фурсатдан фойдаланиб, ўз таклифимни билдирмоқчи эдим. Бунда «Инсон қадри учун», деган устувор тамойилдан келиб чиқяпман. Инсон қад­ри деганда, давлатимиз раҳбари таъкид­лаганидек, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Таклиф билдиришимда мен таянадиган яна бир асос «Инсон – жамият – давлат» тамойилидир. Яъни, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида жамият ҳам, давлат ҳам авваламбор инсонга, унинг манфаатларига хизмат қилиши лозим.

Менинг таклифларим жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш жиноят ишини юритиш учун масъулиятли бўлган барча давлат органлари ва мансабдор шахслар зиммасига юклатилган.

Ҳамма газетхонларга, яъни юртдошларимизга тушунарли бўлиши учун гап ушлаб турилган, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳақида кетаётганини таъкидлаш жоиз. Ана шу талаб Бош қомусимизда ҳам аниқ, қисқа тарзда акс эттирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Биринчи таклифим шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 226-моддасида қайд этилган нормани Конституцияда акс эттириш зарур. Яъни, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайт(эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий чекланган пайти)дан эътиборан қирқ саккиз соатдан ошмаслиги керак.

Ушланган пайт эса фуқаро ҳужжатини текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими тўхтатган дақиқадан ҳам бошланиши мумкин. Шунинг учун ҳам ЖПКнинг 226-моддасида баён этилган нормани, яъни ушлаб турилган гумон қилинувчининг айби 48 соат ичида тасдиқланмаса, унга нисбатан айб эълон қилинмаса ва эҳтиёт чораси қўлланилмаган бўлса, тезлик билан озодликка чиқариш масаласи Конс­титуция билан мустаҳкамлаб қўйилиши керак.

Кейинги таклифим айбсизлик презумпцияси тамойилини Асосий қонунимизда акс эттириш билан боғлиқ. Унга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас. Конс­титуциямизга Миранда қоидаси талабини ҳам сингдириш керак, деб ҳисоблайман. Токи ҳибсга олинган шахс сукут сақлашга ҳақлилигини билсин. Шунда у айтган гаплари судда ўзига қарши қўлланиши мумкинлигини тушунади. Ушбу қоидага мувофиқ, маҳбусга яна сўроқда унинг адвокати иштирок этиши мумкинлиги, адвокат тўловини қила олмаса, унга давлат томонидан адвокат берилиши тушунтирилиши, ўз адвокатига ёки яқинларига бир марта қўнғироқ қилиш имкони берилиши шарт.

Конституцияда айбланувчига айбловнинг моҳияти ва асос­лари ҳақида хабардор бўлиш, унга қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлаштириш, унинг фойдасига кўрсатма бераётган гувоҳларни чақиртиришни талаб этиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини мус­таҳкамлаш лозим. Чунки бу ҳам инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари доирасига киради.

Айблашга оид барча шубҳалар, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги, қонунни қўллаш жараёнида келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклигини конституциявий қоида сифатида белгилаш зарур.

Президентимиз таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги бос­­қичини бош­лаб берди. Халқимиз демократик ислоҳотлар йўлида қатъий одимламоқда ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди. Бизнинг таклифларимиз «Инсон қад­ри учун», деган ҳаётбахш, улуғвор ғоя­­га, мустаҳкам тамойилга, демократик жараёнлар ривожига хизмат қилади, деган умиддамиз.

Қутбиддин БУРХОНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва 

хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси

Tegishli xabarlar

Касб байрами муборак бўлсин, азиз устозлар!

admin

НОСИРХОН ТЎРА ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ

admin

Кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклигининг ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда

admin