ADOLAT 24

Ижтимоий давлат —  муҳим конституциявий тамойил

Маълумки, Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган, фуқароларнинг манфаатлари, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берадиган стратегик ҳужжат ҳисобланади. 

Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки, Конституция қанчалик мукаммал ишлаб чиқилган бўлмасин давр билан ҳамнафас ва уйғун равишда доимий такомиллашиб борадиган ҳужжатдир. Жамият тарихий ривожланишининг барча босқичларида бирдек хизмат қиладиган абадий Конституция йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бош қомусга эга бўлган дунёнинг деярли барча мамлакатида Конституциялар турли тузатиш, тўлдириш ва ўзгартиш­ларга дучор бўлган. Бу эса замонавий Конституцияларнинг фундаментал хусусияти ҳисобланади. 

Хусусан, сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 100 га яқин мамлакатида конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, жумладан, 50 дан ортиқ давлатда янги конституция қабул қилинди. Масалан, конституциявий ривожланиш борасида катта йўлни босиб ўтган Франция тарихига назар ташласак, бу ерда 1789 йил, яъни Буюк Француз инқилобидан то шу пайтга қадар 20 мартадан зиёд конституциялар қабул қилинганини кўрамиз. Ушбу мамлакатда энг сўнгги Асосий қонун 1958 йилда қабул қилинган бўлиб, унга ҳам ўтган салкам 65 йил мобайнида тад­рижий равишда кўплаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. 

Ёки илк қомуслардан ҳисобланган АҚШ Конституциясини олайлик. Унга ҳам шу кунга қадар 27 марта ўзгартиш киритилган, энг сўнгги конституциявий ислоҳот 1992 йилда амалга оширилган. Шунингдек, Норвегия, Нидерландия, Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон каби мамлакатларнинг Асосий қонунларига сўнгги йилларда замон билан ҳамнафас равишда кўплаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Дунёдаги ушбу ўзгаришлар, энг аввало, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замон талаблари, хусусан, давлат ва жамиятни модернизация қилиш ёхуд сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий инқирозларга йўл қўймаслик, экология ва атроф-муҳит муаммолари, “яшил” тараққиёт, ахборотлашган жамият ва электрон ҳукуматни шакллантириш, рақамли иқтисодиётни барпо этиш, илмий-технологик ва инновацион ривожланиш, инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, айниқса, келажак авлод ҳуқуқларини таъминлаш каби масалалар билан чамбарчас боғлиқдир. 

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 8 декабрь – Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан халқимизга йўллаган табригида Асосий қонунимизни такомиллаштириш зарурлиги ҳақидаги ғоя­­ни илгари сургани айни муддаодир. Ушбу таклифни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг жорий йил 20 майдаги қўшма қарори асосида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакл­лантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституция­вий комиссия ташкил этилди ҳамда унинг таркиби ва вазифалари белгилаб олинди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз раҳбари таклиф қилаётган конституциявий ислоҳотни давримизнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, бундай ислоҳотлар истиқболдаги тараққиётимизнинг зарур шарти бўлиб, дунёда кечаётган глобаллашув жараёни, иқлим ўзгариш­лари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши, мамлакатимизни модернизация қилиш ва миллий мустақиллигимизни янада мус­таҳкамлаш билан боғлиқ ўта муҳим вазифалар уни объектив заруратга айлантирмоқда. 

Конституциямизга киритиш таклиф этилаётган ўзгартишлардан бири “ижтимоий давлат” принципини конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаш масаласидир. Шундай экан, аввало, ижтимоий давлатнинг ўзи нима, унинг қандай белгилари бор ва функциялари нималардан иборат, нима учун ушбу тамойил­ни мамлакат Конс­титуциясига муҳрлаб қўйиш зарур, бу борада хорижий таж­риба нима дейди, деган ҳақли савол туғилиши табиий. 

Ижтимоий давлат – бу давлатнинг шундай моделики, унда ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, жамиятдаги ижтимоий тафовутларни юмшатиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам бериш мақсадида моддий бойликларни қайта тақсимлашга қаратилган сиёсат юритилади. 

Мухтасар айтганда, давлат ўз фуқароларига ғамхўрлик қилишга масъулият билан ёндашиши шарт. Зеро, ижтимоий давлат бу бозор иқтисодиёти шароитида ўз фуқароларига муайян даражада фаровонликни кафолатлайдиган давлатдир. Бундай давлатда жамиятнинг ҳар бир эҳтиёж­манд аъзосини ҳеч қандай истисносиз ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими қарор топади, давлат фуқаролар фаровонлигининг муайян даражаси учун масъулиятни ўз зиммасига олади. 

“Ижтимоий давлат» тушунчасини илк бор 1850 йилда немис иқтисодчи олими ва давлат арбоби Лоренс фон Штайн муомалага киритган. У давлатнинг муҳим функциялари рўйхатига “турли хил даражадаги барча ижтимоий табақалар учун ўз ҳокимияти орқали шахсий ҳуқуқларда мутлақ тенгликни таъминлаш”ни ҳам киритади. Лоренс фон Штайннинг фик­рича, давлат ўз фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиши лозим. Зеро, пировард натижада улардан бири (инсон)нинг ривожланиши, иккинчиси (давлат)нинг ривожланиши учун зарурий шарт ҳисобланади. У давлатнинг вазифаси ижтимоий тенглик ва шахсий эркинликни ўрнатиш, қуйи ва кам таъминланган ижтимоий қатламларни бой ва кучлилар даражасига кўтаришга ҳаракат қилишдан иборат, деб ҳисоблайди.

Ижтимоий давлатнинг белгилари қуйи­дагиларда намоён бўлади:

биринчидан, аҳолининг даромадларини йирик мулкдорларга зарар етказмасдан қайта тақсимлаш имконини берувчи мамлакат иқтисодий ривожланишининг юқори даражаси таъминланади;

иккинчидан, бундай давлатда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ҳамда фуқаролик жамияти қарор топади ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ривожланган тармоғи яратилади, давлат томонидан турли ижтимоий дастурлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади, ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароити, ижтимоий таъминот ва шахснинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун бирламчи зарурий шароитлар кафолатланади, ижтимоий суғурта бадалларининг ривожланган тизими жорий қилинади, бюджетни шакллантирувчи солиқларнинг ва ижтимоий соҳага тўловларнинг муайян миқдори таъминланади; 

учинчидан, ижтимоий давлатда аҳолининг барча қатламлари учун ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг ривожланган тизими йўлга қўйилади, ҳокимиятнинг бўлинишини ва давлат ҳокимиятининг ҳар бир тармоғи ўз функцияларини аниқ амалга оширишини таъминловчи ривожланган ҳуқуқ тизими яратилади. 

Ижтимоий давлатнинг функциялари ҳам ўзи хос бўлиб, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, ишсизликка қарши курашиш, ёш тадбиркорларга ёрдам, аҳоли даромадларининг доимий ўсишини қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий ривожланишни таъминлаш, жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, ижтимоий суғурта тизимини кенг йўлга қўйиш, имтиёзларни қайта тақсимлаш орқали муносиб турмуш шароитини яратиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш шулар жумласидандир.

Бу борада хориж тажрибасига мурожаат қилсак, халқаро сиёсий ва ҳуқуқий тизимларда ижтимоий давлат икки хил, яъни билвосита ва бевосита кўринишда ўз ифодасини топганини кўришимиз мумкин. Билвосита кўринишда “фаровонликни таъминловчи давлат” ёки “умумфаровонлик ва хуррамликни таъминловчи давлат” каби тушунчалар орқали ижтимоий давлат тамойили Буюк Британия Конституция­вий актларида, Италия Конституция­сида мустаҳкамлаб қўйилган. Бевосита кўринишда эса “ижтимоий давлат” тушунчаси 1949 йилги Германия Федератив Респуб­ликаси Конституциясининг 20-моддасида ўз ифодасини топ­ган. Унга кўра, Германия “демократик ва ижтимоий федерал давлат” деб эълон қилинган. Шунингдек, Франциянинг 1958 йилги Конституциясида “бўлинмас, дунёвий, ижтимоий, демократик респуб­лика”, Испаниянинг 1978 йилги Конс­титуциясида эса “ҳуқуқий, демократик, ижтимоий давлат” тамо­йили ўз ифодасини топган. 

Асосий қонунларида “умумфаровонлик давлати”, “фаровонликни таъминловчи давлат”, “ижтимоий давлат” тушунчалари қўлланилган кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Россиянинг Конституциясида ушбу тамо­йилнинг мазмуни қуйидагича ифодаланган: “Россия Федерацияси – сиёсатининг мақсади инсоннинг муносиб ҳаёти ва эркин ривожланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий давлатдир”. 

Таъкидлаш жоизки, гарчи “ижтимоий давлат” тушунчаси шу пайтга қадар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясида ўз аксини топмаган бўлса-да, ҳозирги кунда мамлакатимиз раҳбари олиб бораётган халқчил ва инсонпарвар сиёсатнинг мазмун-моҳияти ана шу тамойилга тўлиқ мос келади. Зеро, уларнинг замирида ҳазрати инсон омили ётади. 

Чунончи, ҳозирда Ўзбекистон Рес­пуб­ликаси давлат бюджетининг қарийб 50 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. “Давлат инсонга хизмат қилиши даркор”, “инсон қадри ҳамма нарсадан устун”, “одамларнинг розилигини таъминлаш – ҳар бир давлат хизматчисининг бурчи” каби ғоялар замирида ҳам ана шу дастуриламал тамойил ётганини кўрамиз. 

Бугун ҳаётимизга “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби ижтимоий ҳимоянинг дунёда муқобили йўқ беқиёс кафолатли тизими яратилганки, бу тушунчаларнинг кириб келиши орқали эҳтиёжманд, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар турмуш тарзида туб ўзгаришлар бўлаётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу давлатимизнинг ўз фуқаролари ҳаёти, бугуни ва эртаси учун бефарқ эмаслигининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Шу боис, “ижтимоий давлат” тамо­йилини янгиланадиган Бош қомусимизда муҳрлаб қўйиш ҳақидаги таклиф мантиқан тўғри ғоя бўлиб, у бир томондан, жаҳондаги илғор мамлакатларнинг конс­титуциявий тажрибаларига, иккинчи томондан эса, ҳозирги кунда давлатимиз юритаётган ижтимоий йўналтирилган, халқчил ва инсонпарвар сиёсатга тўлиқ мос келади. 

Tegishli xabarlar

Олималарнинг экспертлар гуруҳи кенгаядиган бўлди

admin

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ДАВЛАТ ТАШРИФИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛДИ

admin

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ИСТАНБУЛГА КЕЛДИ

admin