ADOLAT 24

Бор меҳримиз сенга, болажон!

Неъматлар ичида саломатликнинг баҳоси йўқ. Инсон саломат бўлмаса, на фароғат ва на ҳашамат татийди. Айниқса, бемор фарзанд бўлса-чи, бу дилбанди, юрагининг бир парчаси учун, унинг биргина кулгиси учун дунё­ларни бахшида этишга тайёр бўлади инсон.  

Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида, деб билади. Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Айниқса, улар саратон билан хасталанган бўлса-чи? Мурғак вужуд ушбу хасталик билан оғриганини эшитишнинг ўзи оғир, бу хасталикдан қийналаётган болажонларнинг аҳволини тасаввур қилишнинг ўзи оғриқли. 

Ана шундай оғир дард билан мардонавор курашаётган жажжи болажонларга озгина бўлсада қувонч улашиш, уларнинг дилларига хушнудлик бахш этиш истагида “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан партия тизимида май ойининг охирги ўн кунлиги “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида хайрия акциялари, концерт дас­турларини ташкил этиш ўн кунлиги, деб эълон қилинди.

Эрта тонгдан партия Сиё­сий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов  бош­чилигида ушбу хайрия акциясининг дастлабкиси Республика ихтисос­лаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалида бўлиб ўтди. 

Партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, нуронийлар, соҳа вакиллари, оммавий ахборот воситалари иштирок этган ушбу тадбирда йиғилганлар аввало филиалда фуқароларга хизмат кўрсатиш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди, шу билан бир қаторда соҳа вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Шундан сўнг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиалининг болалар бўлимида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ки­йим-кечак, озиқ-овқат ҳамда эсдалик совғалари улашилди. 

Тадбир давомида ташкил этилган концерт дастурида ота-оналар ҳамда болажонлар яйраб ҳордиқ чиқарганларини, хасталигини бироз вақтга бўлсада унутиб, шодон рақсга тушишларидан, чақнаган кўзларидан ҳам англаш мумкин эди.

– Ҳар бир инсон жамиятда ўз ўрнини топиб, оила аталмиш мўъжаз мас­канда соғлом муҳитга эга бўлсагина тўлақонли бахт нашидасини суради, – дейди Респуб­лика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят филиали директор ўринбосари Дилшод Раҳматов. – Айниқса, ҳаёт мазмуни – фарзандларнинг соғлом бўлиши ҳар бир ота-онага чексиз шодлик, қувонч олиб келади. Болалар… Улар бизнинг келажагимиз, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчилари, кўзимизнинг нури, қалбимиз сурури. Улар билан ҳаётимиз обод, кўнг­лимиз чароғон. Шу сабабли ҳам болаларимиз бахтли бўлишлари учун ҳамма нарсамизни беришга тайёрмиз. Мана, бугун “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил этилган кўнгилочар концерт дастури ҳамда хайрия акцияси болажонларга, уларнинг ота-оналарига ҳам руҳий кўтаринкилик, яхши кайфият улашди. Филиалда даволанаётган болажонлар номидан миннатдорлик билдираман, чунки, тиббиётда буюк бобокалонимиз айтганларидек, бемор шифокор томон бўлса, касалликни енга олиш мумкин, агар, бемор касаллик томонга ўтиб олса, бирор натижа чиқиши мушкул. Беморнинг шифокор томонда бўлиши эса унинг яхши кайфиятда бўлишига боғлиқ.

Марказда даволанаётган болажонлар билан самимий суҳбатлашдик. Кумуш, Хадича, Хушнуд, Бахтбек исмли болажонларнинг қайси биридан “Катта бўлсанг ким бўласан?” деб сўрамайлик, бир хил жавоб қайтаришади. Уларнинг “Шифокор бўламан, кимдир касал бўлиб қолса, ёрдам бераман” деган жавобларини эшитиб, тўғриси, кўнглимизни ўзгача ҳис-тўйғулар эгаллади. Ниятларинг бари ушалсин, тезроқ соғайгин болажон, дея дуога қўл кўтардик. 

Муҳиба Бабабекова,

Самарқанд вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Бюджет маблағлари очиқ ва мақсадли сарфланиши зарур

admin

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди

admin

Қалблар Колумбига айланган шоир

admin