ADOLAT 24

Замонавий билим ва тажрибага эга педагоглар  муносиб рағбатлантирилади

Эртанги кунимиз ривожи, белгилаб олган стратегия ва режаларимиз самараси, аввало, соғлом дунёқарaшга эга, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган ёшларимизга боғлиқ.

Бу жараёнда эса, фарзандларимизни бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда тарбиялаб, вояга етказиш муҳим саналади.

Ҳеч кимга сир эмаски, фарзанд тарбиясида, унинг билим олиб, етук шахс бўлиб етишишида мактабнинг ўрни беқиёс. Шу боис сўнгги йилларда мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш мақсадида мактабларда етарли даражадаги шарт-шароитни таъминлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, жорий йил бошидан буён мактаб таълимига масъул бўлган мутасаддилар республикамиз ҳудудларида бўлиб, жойлардаги муаммоларни ўрганди. Ўрганишлар жараёнида мамлакатимиздаги 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча паст эканлиги аниқланган.

Шу боис ушбу мактаблар фаолиятига ҳам қисқа вақт ичида Президент мактаблари, ихтисос­лашган ва хусусий мактаблардаги каби илғор методикаларни жорий этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Албатта, мактаб таълими сифатини яхшилашда нафақат замонавий шарт-шароитлар, шу билан бирга, унда фаолият юритувчи кадрларнинг салоҳияти ҳам аҳамиятли саналади. Бунда эса етук кадрлар тайёрлаш, уларнинг меҳнатини муносиб равишда рағбатлантириш муҳим. 

Шу боисдан ҳам ўқитувчи касби нуфузи ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этишга қаратилган «2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ҳамда «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилингани айни давр талабига мос иш бўлганлигини эъти­роф этиш лозим. 

Ушбу ривожланиш дас­тури доирасида келгуси беш йилда мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган миллий ўқув дастури тўлақонли жорий этилади. Маҳаллий ва хорижий муаллифлар томонидан яратилган замонавий дарсликлар амалиётга киритилиб, жамиятда ўқитувчи касби нуфузи оширилади. Педагоглар учун қулай ижтимоий муҳит ва шароитлар яратилади.

Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг ёшларга таълим ва тарбия беришдаги масъулияти, доимий касбий ривожланишдаги талабчанлиги ҳам ошириб борилади. Бунда умумий ўрта таълим муассасалари учун миллий кадрлар захирасини шакллантириш, илғор мактаб директори ва намунали ўқитувчи мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш тизими яратилади.

Фармон билан мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланган. Яъни, эндиликда умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар тизимли ташкил этилиб, мазкур йўналишда узлуксиз мониторинг, баҳолаш ва прог­нозлаш механизмлари йўлга қўйи­лади.

Албатта, ушбу жараёнларда бугунги кун талаби бўлган рақамлаштириш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боиси, тан олиб айтиш керакки, бугун жойларда халқ таълими тизими бўлимлари томонидан бошқарувнинг тўлақонли шаффоф эмаслиги сабаб, ушбу тизим сўнгги йилларда коррупциявий ҳолат энг кўп рўй бераётган уч соҳадан бири бўлиб қолмоқда.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, педагог­ларга замонавий таълим бериш тизимларидан самарали фойдаланиш имкониятларини яратиш мақсадида умумий ўрта таълимда барча маълумот алмашинуви жараёнларини Халқ таълими тизимини бошқаришнинг ягона дастурий мажмуа­­си орқали амалга оширилиш ҳамда ушбу соҳада электрон давлат хизматлари кўламини кенгайтириш белгилаб берилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, фармонда белгиланган вазифаларнинг энг муҳимларидан бири, бу педагог кадр­ларни салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириб бориш тизимидир. Ушбу тизим ўз касбининг фидойиси бўлган минглаб педагогларда касбига бўлган меҳр ва масъулиятнинг ошишига хизмат қилади.

Хусусан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида умумтаълим фанлари бўйи­­ча тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама тўлаб борилади.

Бунда халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳамда халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида, Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб борилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 августга қадар таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда педагог кадр­ларнинг умумтаълим фанлари бўйи­­ча билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинади.

Мактаблардаги таълим ҳам, муҳит ҳам кўп жиҳатдан ушбу жамоага бошчилик қилиб келаётган директорларга боғлиқ. Шу боис, 2023 йил 1 январдан бош­лаб мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун Миллий-тадқиқот институтида махсус пуллик дас­турлар асосида жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бош­қарув, молиявий ҳисоб-китоб­ларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитилади.

Ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмалари баҳоланади ҳамда натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади. Якунда эса, мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахс­лар орасидан танлаб олинади ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этилади.

Албатта, бу бошқарувда янгича руҳ ва муҳит пайдо бўлишига, таълим соҳасида сарфланаётган ҳар бир сўм ўз жойи­­га етиб боришига хизмат қилади. Шунингдек, ушбу белгиланган вазифаларнинг мактаб таълими соҳасига тўлақонли ва ўз вақтида жорий этилиши юртдошларимизнинг энг катта бойлиги бўлган фарзандлари камолини ўзлари кутгандан-да, аъло даражада кўришига замин яратади.

Махфират Хушвақтова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги  

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Қадимий илдизларга таянган дўстлик

admin

Фаолият сарҳисоб қилинди 

admin

ВАТАНГА РУҲАН ПОК, МАЪНАН БОЙ, ЖИСМОНАН КУЧЛИ АВЛОД КЕРАК

admin