Мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этиш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ:
1. 2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур (кейинги ўринларда – Ривожлантириш дастури) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Ривожлантириш дастурининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурини тўлақонли жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий муаллифлар томонидан яратилган замонавий дарсликларни амалиётга киритиш;
жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, педагоглар учун қулай ижтимоий шароитлар яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш;
ўқитувчиларнинг ёшларга таълим ва тарбия беришдаги масъулиятини, доимий касбий ривожланишдаги талабчанлигини ошириш;
умумий ўрта таълим муассасалари учун миллий кадрлар захирасини шакллантириш, илғор мактаб директори ва намунали ўқитувчи мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш;
умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, мазкур йўналишда узлуксиз мониторинг, баҳолаш ва прогнозлаш механизмларини йўлга қўйиш, бола таълим-тарбиясида оила, айниқса, ота-онанинг ўрнини ошириш;
ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касбларга йўналтириш тизимини такомиллаштириш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг халқ таълими тизимига интеграциясини кучайтириш ҳамда инклюзив таълим жараёнларини жадаллаштириш;
умумий ўрта таълимда барча маълумот алмашинуви жараёнларини Халқ таълими тизимини бошқаришнинг ягона дастурий мажмуаси орқали амалга оширилишини ҳамда ушбу соҳада электрон давлат хизматлари кўламини кенгайтириш;
умумий ўрта таълим муассасаларининг навбатлилик коэффициентини оптимал даражага етказиш, замонавий моделлар бўйича мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш.
3. Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида Миллий ўқув дастури яратилганлиги ва 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб 1- ва 2-синфларда 252 номдаги янги замонавий дарсликлар, ўқувчи машқ дафтарлари ҳамда педагоглар учун ўқув қўлланмалар жорий қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов):
а) 2024 йил 1 сентябрга қадар Миллий ўқув дастурининг таълим жараёнига тўлиқ жорий этилишини, шу жумладан, 2022 йил якунига қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синфлар учун, 2023-2024 йилларда 4-, 5-, 8-, 9- ва 11-синфлар учун дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда ўқув қўлланмалар яратилишини таъминласин;
б) махсус электрон тизимлар (S-testing, Onlineedu, Raqamli darsliklar ва бошқалар) орқали:
2022 йил якунига қадар янги авлод дарсликлари учун 10 та мобил электрон ресурс ва 100 та мультимедиа маҳсулотларини яратсин;
2022 йил 1 сентябрга қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синф ўқитувчиларини Миллий ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитсин;
в) педагог кадрлар ҳамда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш натижалари бўйича аниқланган бўшлиқлардан, шунингдек, ота-оналар, экспертлар ва бошқа шахсларнинг таклифларидан келиб чиқиб, Миллий ўқув дастурини доимий равишда такомиллаштириб борсин.
4. Давлат умумий ўрта таълим муассасаларига Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш, шу жумладан, давлат таълим стандартлари доирасида ўқув дастурларига ўзгартириш киритиш ҳамда дарсликларни танлашга (она тили, адабиёт, тарих, тарбия ва ҳуқуқ фанларидан ташқари) рухсат этилсин.
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов):
бир ой муддатда давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш тартибини тасдиқласин;
икки ой муддатда халқаро тан олинган таълим дастурлари рўйхатини шакллантирсин ҳамда ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштирсин;
умумий ўрта таълим муассасаларига уларнинг ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилишга кўмаклашсин, шу жумладан, таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи хорижий ташкилотлар билан музокаралар олиб борсин ҳамда дастурларни сотиб олиш ва амалиётга татбиқ этиш учун зарур маблағларни ажратсин.
5. Халқ таълими вазирлигидан ташқари бошқа вазирлик ва идораларга умумий ўрта таълимнинг ўқув-режалари ва дастурларига ўзгартириш киритиш ва мактабларда янги фан жорий қилишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ташаббус билан чиқиш тақиқлансин.
Вазирлар Маҳкамаси вазирлик ва идоралар томонидан мазкур бандда назарда тутилган тақиққа амал қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
6. Қуйидагилар ташкил этилсин:
Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари (кейинги ўринларда – Педагогика марказлари);
А.Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда – Миллий-тадқиқот институти).
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (кейинги ўринларда – Тошкент давлат педагогика университети) ҳамда унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилсин.
Тошкент давлат педагогика университети педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурларни ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси этиб белгилансин.
7. Халқ таълими вазирлигининг педагог кадрларни компетенцияларга асосланган ва касбий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган методикалар (кейинги ўринларда – замонавий методикалар) бўйича ўқитиш амалиётини жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов), Мактабгача таълим вазирлиги (А.Шин) ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (У.Ташкенбаев) билан биргаликда педагог кадрларни замонавий методикалар асосида ўқитиш амалиётини жорий қилиш учун:
а) педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишида:
2022 йил 1 сентябрга қадар Педагогика марказларига аниқ ва табиий фанлар бўйича малакали хорижий мутахассисларни жалб қилсин;
2022 йил 1 июлга қадар Педагогика марказлари ҳузурида хорижий мутахассислар, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотлари ҳамда Педагогика марказларининг малакали ходимларидан иборат бўлган тренерлар гуруҳларини шакллантирсин;
2022 йил якунига қадар тренерлар гуруҳлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда камида 20 фоиз умумий ўрта таълим муассасаларида педагоглар учун замонавий методикаларга асосланган сайёр ўқув машғулот ва семинар-тренинглар ўтказилишини таъминласин;
педагог кадрларнинг малакасини оширишга бевосита жалб қилинган тренерларга уларнинг иш фаолияти натижасига қараб, ойлик иш ҳақига 100 фоизгача миқдорда қўшимча устама ҳақ тўлаб борсин;
2022 йил якунига қадар мактаб ўқитувчилари учун “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасида педагогик фаолиятдан ажралмаган ҳолда амалга ошириладиган қўшимча индивидуал малака ошириш курсларини жорий этсин;
б) таълим дастурларини такомиллаштириш йўналишида:
замонавий методикаларга асосланган таълим дастурлари ва дарсликларни харид қилиш ҳамда умумий ўрта таълим тизимига жорий қилиш чораларини кўрсин;
2022 йил 1 августга қадар малакали хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Педагогика марказларининг ўқув-режалари ва дастурларини тўлиқ қайта кўриб чиқсин ҳамда халқаро талаблар асосида такомиллаштирсин;
2023 йил 1 сентябрга қадар Республика таълим маркази ҳамда Тошкент давлат педагогика университети билан биргаликда таълим жараёнини Миллий ўқув дастури асосида ташкил этишга қаратилган методикаларни ишлаб чиқсин ва ушбу методикаларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, педагогика йўналишидаги профессионал ва олий таълим муассасалари ҳамда Педагогика марказларида жорий қилинишини таъминласин;
в) педагог кадрларни тайёрлаш йўналишида:
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат педагогика университетининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида, шу жумладан, дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилишини таъминласин;
Президент таълим муассасалари агентлиги билан ҳамкорликда Тошкент давлат педагогика университети талабаларининг танишув ва малакавий амалиётларини, умумий ўрта таълим муассасалари билан бирга Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳам ташкил этиш чораларини кўрсин;
Тошкент давлат педагогика университетида ўқув дастурлари ўзаро яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича асосий ва қўшимча мутахассислик (квалификация) бериш тартибини йўлга қўйсин;
Тошкент давлат педагогика университети талабаларининг илмий-тадқиқот ва касбий кўникмаларини ошириш мақсадида дарс жараёнларига соҳа мутахассислари ва олимларни жалб этсин.
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) 2022 йил якунига қадар мактабларда замонавий методикалар асосида ўқитиш амалиётини жорий қилиш учун Халқ таълими вазирлигига зарур маблағларни ажратсин.
8. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов):
2023 йил 1 августга қадар таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотларни (кейинги ўринларда – ваколатли халқаро ташкилотлар) жалб қилган ҳолда педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизимини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий қилсин;
2024 йил 1 январга қадар педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб беришини сертификациядан ўтказсин.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида:
а) умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:
халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида. Бунда, миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим;
мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида (чет тили бўйича сертификатлар бундан мустасно);
б) мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:
2025 йил 1 январга қадар – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
2025 йил 1 январдан бошлаб – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида тўланади;
в) ҳар ойлик қўшимча устама сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади;
г) умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов) билан келишган ҳолда ҳар йили 1 августга қадар қуйидагиларни тасдиқласин ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин:
миллий баҳолаш тизими мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар рўйхатини;
таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотлар рўйхатини;
халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхатини ҳамда ҳар ойлик устама олиш учун уларнинг энг кам даражасини.
10. Давлат тест маркази (М.Каримов) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1875-сон қарорига мувофиқ чет тили фани ўқитувчиларига 30 ва 15 фоиз миқдорида устама олиш ҳуқуқини берадиган маълумотномалар бериш амалиётини тугатсин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1875-сон қарорига мувофиқ чет тили фани бўйича маълумотнома олган ўқитувчиларнинг устамалари, ушбу маълумотномалар амал қилиш муддати давомида сақлаб қолинади.
11. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар мактаб директори лавозимига номзодларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда баҳолаш натижаси бўйича уларга менежерлик сертификатини бериш амалиётини йўлга қўйсин.
Белгилаб қўйилсинки, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун Миллий-тадқиқот институтида махсус пуллик дастурлар асосида жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитилади;
ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмалари баҳоланади ҳамда натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади;
мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олинади ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этилади;
мактаб директорини иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимдан озод этиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишиш талаб этилмайди.
12. Юқори кўрсаткичларга эришган педагогларни қўшимча рағбатлантириш ва малакали ходимлар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ таълими вазири жамғармаси ташкил этилсин.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Халқ таълими вазири жамғармасини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) 2022 йилда Халқ таълими вазири жамғармасига Давлат бюджетидан 300 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъминласин.
13. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва “Болалар кутубхоналари” ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилсин.
14. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) мазкур фармонда белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун тегишли маблағларни 2023 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутиб борсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
16. Халқ таълими вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб халқ таълими вазири Б.О.Саидов ҳамда молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.
Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 11 май